Бугун эрталаб Inside the Games порталида россиялик фигурали учувчилардан бири топширган допинг-тест натижаси ижобий чиққани, шу боис фигурали учувчиларни тақдирлаш маросими 7 февралдан буён орқага суриб келинаётгани ҳақида хабар пайдо бўлди.
Олимпия ўйинларининг фигурали учиш бўйича жамоавий мусобақаларида Россия шарафини Камила Валиева, Марк Кондратюк, Анастасия Мишина ва Александр Галлямов, Виктория Синицина ва Никита Кацалапов ҳимоя қилган ҳамда муддатидан олдин чемпион бўлган эди.
РИА Новости хабарида айтилишича, айни пайтда ХОҚ Халқаро конкида югурувчилар уюшмаси – ISU билан маслаҳатлашмоқда.
USA Today мухбири Кристин Бреннан Twitter ида ёзишича тест натижаси ижобий чиққани тўғрисидаги хабар тарқалгандан сўнг, россиялик фигурали учувчилар машқ қилишни тўхтатиб қўйишган. Валиева, Кондратюк, Мишина ва Галлямов 9 февраль куни машқ ўтказиладиган муз залида кўринмаган. Ваҳолангки, 10 февралда Кондратюк мусобақада қатнашиши керак. Синицина ва Кацалапов машқларда қатнашган бўлса-да, матбуот ходимлари билан суҳбатлашишдан бош тортишган.
Мураббий Тамара Москвина шогирдлари машқларда қатнашмаганини уларнинг дам олиш куни бўлгани билан изоҳлади.
Кейинроқ журналистлар россиялик фигурали учувчилардан бири организмидан гиёҳванд модда топилган бўлиши мумкинлигини таъкидлашди. Спортчиларга гиёҳванд модда истеъмол қилиб мусобақаларда қатнашиш ҳам таъқиқланган.
Ҳозирча нима бўлгани ҳақида расмий хабар йўқ. ISU вакили тест натижаси ижобий чиққани ҳақидаги хабарни шарҳлашни хоҳламади. ISU вице президенти Александр Лакерник бу ҳақда шундай деди: “Ҳеч нарса дея олмайман. Шубҳали допинг-текширув. Ҳозирча биронта расмий хабар йўқ”.
Россияда хизмат кўрсатган мураббий Алексей Мишин воқеага муносабат билдириб: “Агар, ҳақиқатан ҳам, тест ижобий чиққан бўлса, бу ҳаммамиз учун ноқулай вазият. Менимча бизда ҳеч ким бундай бемаза иш билан шуғулланмайди. Балки бу фитнадир”, деди.
Яна бир мураббий Александ Жулиннинг фикрича, у бундан ҳайратга тушмаган. Россия нимагадир эришса, дарров шунақа нарсалар ўйлаб топилади.
Хуллас, фигурали учун бўйича Россия жамоаси олтин медалдан маҳрум бўлиши мумкин.