Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг яна тўрт вакили Токио-2020 Олимпия ўйинларига йўлланмага эга чиқди. Бу ҳақда Миллий олимпия қўмитаси хабар бермоқда.

Бокс бўйича жаҳон лицензион мусобақасини бекор қилгани сабаб йўлланмалар қитъалар кесимида спортчиларнинг рейтингдаги поғонасига қараб тақсимланган.
Унга кўра Ўзбекистон терма жамоаси вакилларидан Фанат Қаҳрамонов (-75 кг) ва Дилшод Рўзметов (-81 кг), аёллардан Райҳон Қодирова (-60 кг) ва Шаҳноза Юнусова (-69 кг) Олимпиада йўлланмаларига эга бўлишган.

Шу тариқа, Токио-2020 Олимпия ўйинларида 11 нафар боксчи Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилади. Булар Шаҳобиддин Зоиров, Миразизбек Мирзахалилов, Элнур Абдураимов, Бобоусмон Батуров, Фанат Қаҳрамонов, Дилшод Рўзметов, Санжар Турсунов, Баҳодир Жалолов, Турсуной Раҳимова, Райҳон Қодирова ва Шаҳноза Юнусова.

Шу тариқа бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Токио-2020 Олимпия ўйинларида 11 нафар спортчи билан иштирок этадиган бўлди. Эркаклар жамоамиз тўлиқ таркибда, қизларимиз эса 3 нафар иштирокчи билан Олимпиадада юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган бўлди. Қуйида Олимпия ўйинларида иштирок этадиган таркибимизни яна бир бор эслатиб ўтамиз:

Эркаклар:
-52 кг: Шаҳобиддин Зоиров
-57 кг: Миразизбек Мирзаҳалилов
-63 кг: Элнур Абдураимов
-69 кг: Бобоусмон Батуров
-75 кг: Фанат Қаҳрамонов
-81 кг: Дилшод Рўзметов
-91 кг: Санжар Турсунов
+91 кг: Баҳодир Жалолов

Аёллар:
-51 кг: Турсуной Раҳимова
-60 кг: Райҳон Қодирова
-69 кг: Шаҳноза Юнусова