Ҳуқуқшунос Хушнудбек Худойбердиев Yandex.Go такси хизмати бўйича танқидий пост эълон қилди. Блогернинг таъкидлашича, хизмат Ўзбекистонда расмий солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтмаган.

Солиқ қўмитаси хизмат ҳақида эълон қилинган хабарлар юзасидан муносабат билдириб, хизмат блокланиши мумкинлигини маълум қилди.

Жорий йилнинг сентябрь ойида Ridetech International B.V. компаниясига икки ой муддатда ўз фаолиятини қонун ҳужжатлари асосида ташкил этиш бўйича қуйидаги талаблар қўйилган:

1. Фаолиятни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикасининг солиқ резиденти сифатида рўйхатдан ўтиш ва белгиланган солиқларни тўлаш;

2. Солиқ органлари ахборот тизими билан интеграциялашувни таъминлаш ва мижозларга автоматик шакллантириладиган фискал чек тақдим этиш.

2023 йил 1 декабрга қадар юқоридаги талаблар бажарилмаган тақдирда, Солиқ қўмитаси Рақамли технологиялар вазирлигига «Yandex.Go» компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида агрегатор сифатида фойдаланиб келинаётган электрон Платформадан фойдаланишни блоклаш бўйича расмий мурожаат қилишини маълум қилади.