Лойиҳанинг умумий қиймати 300 миллион АҚШ долларини ташкил этиб, уни икки босқичда амалга оширилади.

Биринчи босқич доирасида 45 миллион АҚШ доллари инвестиция ҳисобидан Янги Андижонда аҳоли ва сайёҳлар учун замонавий истироҳат боғи, шунингдек, халқаро стандартларга жавоб берадиган сув аттракционлари ва турли ёшдаги ташриф буюрувчилар учун дам олиш ҳудудларини ўз ичига олган аквапарк барпо этилади. Мазкур объектларни 2028 йил 21 март — Наврўз байрами арафасида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Лойиҳанинг амалга оширилиши Андижон вилоятининг туристик жозибадорлигини ошириш, ички ва хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш, аҳоли учун янги дам олиш масканларини яратиш ҳамда хизматлар соҳасини ривожлантиришга хизмат қилади.

Иккинчи босқичда эса умумий майдони 750 минг квадрат метр бўлган замонавий турар-жой мажмуаси қурилиши режалаштирилган. Лойиҳада замонавий шаҳарсозлик тамойиллари, қулайлик, хавфсизлик ва яшаш муҳитининг юқори сифатига алоҳида эътибор қаратилиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжларига хизмат қилувчи зарур ижтимоий ва муҳандислик инфратузилмасини барпо этиш ҳам назарда тутилган.