Жамиятда бўлаётган тарихий ўзгаришлар янгиланган таълим дастурини четлаб ўтиши мумкин эмас. Келажак авлодга қандай таълим тизимларини тақдим этиш, болалар муваффақиятга эришиши учун нимани ўрганиши, таълим беришнинг самарали усуллари ва уларни баҳолаш қандай бўлиши керак, деган саволлар бугун кун тартибида. Янги мезонларга асосланган баҳолаш тизими шу саволларнинг барчасига жавоб топишга имкон беради.

Мазкур баҳолаш тизими ўқувчиларнинг танқидий, ижодий фикрлаш, мулоқот қилиш ҳамда ҳамкорликда ишлаш кўникмаларини текширади. Албатта, ўқувчиларнинг бу кўникмалари баҳолангандан кейин педагогларнинг ҳам дарсларга, билим беришга ёндашуви ўзгаради. Таълим жараёни ўқувчиларнинг юқорида санаб ўтилган кўникмаларини ривожлантиришга қаратилади. Ўз-ўзидан дарс­ларда турли фаол ва интерфаол усуллардан фойдаланиш эҳтиёжи туғилади. Ўқувчилар ҳамкорликда фаолият юритиб, лойи­ҳалар устида ишлайди. Бу орқали уларда самарали мулоқот, бажарилаётган лойиҳаларга ижодий ёндашув кўникмалари шаклланиб боради.

Айни дамда бу баҳолаш тизимида фао­лият юритаётган мактаблардаги ўқувчиларнинг лойиҳа ва амалий ишларини кўриб, уларнинг билимида ўсиш, ижодий ва танқидий фикрлаш, ҳамкорликда ишлаш ва мулоқот қилиш кўникмалари шаклланаётганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Мезонларга асосланган баҳолаш тизими қўлланишининг яна бир афзаллиги — ўқувчиларни халқаро PISA тадқиқотларига тайёрлаш. PISA тестлари мактаб ўқувчиларининг ҳақиқий ҳаётда керак бўладиган ҳодисаларни таҳлил қилиш, улардан хулоса чиқариш ва мулоқотга киришиш кўникмаларини қай даражада эгаллаётганини, таълим тизимининг бу ўзгаришларга қанчалик мослашаётганини аниқлаш мақсадида ўтказилади.

Янги баҳолаш тизими кириб келиши педагог ва ўқувчилар фаолиятини тубдан ўзгартириб юборди. Педагог билим берувчи эмас, балки билимни мустақил эгаллашга йўналтирувчи шахсга айланди. Улар сифатли натижаларга олиб келадиган мезонлар асосида ўқувчиларни баҳолаш, ўқитиш сифатини ошириш, уларнинг индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ҳар бир ўқувчи учун машғулот ҳажмини режалаштириш, турли баҳолаш усулларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. БСБ (боб бўйича сумматив баҳолаш) ва ЧСБ (чорак бўйича сумматив баҳолаш) натижаларини таҳлил қилиб, ўқувчилар ёки ўзлари томондан йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш, бўшлиқларни тўлдириши мумкин.

Ўқувчилар таълим объектидан (пассив эшитувчи роли) таълим субъектига (таълим жараёнининг асосий фаолият иштирокчиси) айланди. Улар когнитив қобилият ва фикрлаш даражасини оширадиган турли ўқитиш усулларидан фойдаланиш, ўз-ўзини баҳолаш, мулоҳазали фикрлаш, фикрларини эркин ифода этиш, билимларини намойиш қилишига имкон яратилди. 

Ота-оналарда эса боланинг билим даражаси бўйича далиллари билан танишиш, фарзандларининг таълим муваффақиятларини назорат қилиш имконияти пайдо бўлди.

Бу баҳолаш тизимида ўқувчининг бошқа ўқувчи билан баҳосини таққослашга ҳожат қолмади. Чунки у мустақил равишда мезонлар асосида ўз ишини баҳолаш имкониятига эга бўлди. Ўзининг кучли ва заиф томонларини таққослаб, хулоса чиқариб, хато ва камчиликлари устида ишлашни бошлади.

Юқори натижаларга эришган мактаблар қўшимча равишда рағбатлантириб келинмоқда. Ўқув йили охирида 20 фоиз энг яхши натижа кўрсатган мактаблар танлаб олинган ва уларда ишчи гуруҳлар томонидан чуқур таҳлил ишлари олиб борилди. Мазкур мактабларнинг муваффақиятли тажрибаси ўрганилиб, уни бошқа мактабларга татбиқ этиш бўйича чоралар кўрилди.

— 2023-2024 ўқув йилида янги баҳолаш тизими жорий этилган 500 та мактаб 2 босқичли саралаш жараёнидан ўтган бўлиб, бунда ўқувчиларнинг ўзлаштириш даражалари олдиндан белгилаб олинган мезонлар асосида баҳолаб чиқилган, — дей­ди Педагогик маҳорат ва халқаро баҳолаш илмий-амалий маркази директори Дилрабо Давидова. — Ўрганиш ва таҳлилларда янги баҳолаш тизимини жорий этиш жараёнининг бош­ланғич босқичида мактабларда ўқувчиларнинг баҳолари тушиб кетиши кузатилган. Бунинг сабаби, ўқувчилар эндиликда аниқ белгиланган мезонлар асосида баҳоланар экан, унда бор билим ва кўникмага баҳо қў­йилган, яъни субъектив ёндашув ёки нисбий баҳолаш бўлмаган. Бундан ташқари, ўқувчиларни баҳолашда нафақат уларни билиш ёки хотирасини синашга доир, балки билимларини ҳаётда муаммоли, аниқ вазиятларда қўллай билиши, мулоҳаза юрита олишини синашга оид саволлар берилишига эътибор қаратилган. Баҳолаш тизимини жорий этишнинг кейинги босқичларида ўқитувчиларнинг таълим беришга, ўқувчиларнинг эса таълим олиш ва мустақил изланишга ёндашувлари ўзгарганини кўриш мумкин бўлди.

Бу тизимда шаффоф, оқилона ва ­одилона фаолият юритаётган мактаб жамоасигина яхши натижаларга эришиб, устама олиш имкониятига эга бўлмоқда. Бунга эришиш учун мактаб маъмурияти БСБ ва ЧСБ ­жараёнларини тўғри ва аниқ ташкиллаштириши, ўқувчи ва ота-оналар билан мулоқот қилиб, тушунтириш ишлари олиб бориши, назорат иши олдидан ўқувчилар билан намунавий вариантлар кўриб чиқилиши, педагоглар вазифаларни белгиланган мезонлар асосида текшириши лозим бўлади.

Бундан ташқари, янги баҳолаш тизимига ўтган мактаб ўқитувчилари учун махсус ўқув тренинглари ташкил этилди. Бу орқали уларнинг малакаси оширилди ва замонавий таълим методлари бўйича кўникмалари мустаҳкамланди. Ушбу қадамлар умумий таълим сифатини янада яхшилашга хизмат қилмоқда.

2021 йилда мезонларга асосланган баҳолаш тизими Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабда, сўнг бошқа ихтисослаштирилган мактабларда жорий этилди. Тўпланган тажрибадан келиб чиқиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан 500 та умумтаълим мактабида баҳолашнинг мезонга асосланган тизимини жорий этиш тўғрисида қарор қабул қилинди. 2024-2025 ўқув йилидан бош­лаб бу тизимга 1500 та умумтаълим мактаби қамраб олинди. Албатта, бу мактабларга янги баҳолаш тизимини жорий этишдан аввал барча мактаб жамоасига семинар-тренинглар ўтказилди.

Семинарлар аввал мактаб директорлари, сўнг директор ўринбосарлари, ундан ке­йин фан ўқитувчилари учун каскад усулда ташкил этилди. Ҳар бир мактабда Ихтисос­лаштирилган таълим муассасалари агентлиги тизимидаги мактабларнинг биридан жалб этилган, мезонга асосланган баҳолаш бўйича тажрибага эга ҳамда янги тизимга мослашишда ўқитувчи ва ўқувчиларга кўмак­лашиш вазифаси юклатилган методист ва тренерлар бириктирилди.

Ўқув тренингларида мактаб жамоасига мезонларга асосланган баҳолашнинг мазмун-моҳияти, БСБ ва ЧСБ вазифаларининг мазмуни, ўқувчилар томонидан тўпланадиган балл кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумотлар берилди.

— Мактабларга бириктирилган тренерлар томонидан доимий равишда замонавий дарс методлари ҳақида семинар-тренинглар ўтказилмоқда, — дейди Дилрабо Давидова. — Бу ерда асосан ўқувчиларнинг репродуктив, продуктив даражалари, мулоҳаза юритиш ҳамда 4К усули орқали ўқувчиларнинг ижодий ва танқидий фикрлаш, мулоқот ва ҳамкорлик қилиш кўникмаларини ривож­лантирувчи замонавий методлар билан таништириш ва амалиётга татбиқ этиш масалалари кўриб чиқилади. Бундан ташқари, ўқувчилар билан амалий машғулотлар ўтказиш, лаборатория ишларини бажариш ва лойиҳалар яратиш бўйича амалий топшириқлар берилади.

Топшириқлар ўқувчиларнинг яширин иқтидорини очишга, уларни изланишга, мус­тақил фикр юритиб, қарор қабул қилишга ўргатади. Назарий билимларини синф олдида гапириб беришга уялган болаларга амалий иш ва лойиҳалар орқали бор билимини намойиш этишга имкон яратади. Бундай ўзгаришлар таълим сифатини янада яхшилашга хизмат қилиши билан аҳамиятли.

Илм-фан ва техника жадал ривожланиб бораётган, рақамли манбалар оқими кучайган даврда инсон қобилияти, истеъдоди, ўзаро муносабатларни ривожлантириш, шахсга йўналтирилган ёндашув орқали ўқитиш таълим муассасаларининг асосий вазифаси ҳисобланади. Шу боис, вақт ва макон кенглигида келажак авлод ўз мақсадларига эришиши, кенг имкониятлардан фойдаланган ҳолда эркин ва ёрқин яшаши учун таълим ислоҳотлари олиб борилмоқда. Чунки ҳар бир ўқувчининг идрокига қараб, ижодкорлик ва ҳар томонлама изланувчанликни таъминлайдиган янгиланган таълим мазмунини тайёрлаш зарурати туғилган эди.

“Ўзбекистон — 2030” стратегиясини “Атроф-муҳитни асраш ва “яшил иқтисо­диёт” йили”да амалга оширишга оид давлат дас­турида умумий ўрта таълим мактабларида билимни баҳолашнинг янги тартиби жорий этилган мактаблар сонини ошириш вазифаси келтирилган.

Жумладан, 2024-2025 ўқув йили якунида 1500 та умумтаълим мактабида жорий этилган билимни баҳолашнинг янги тартиби самарадорлигини таҳлил қилиш, таҳлиллар натижасида мазкур тартибни янада такомиллаштириш ҳамда 2025-2026 ўқув йилидан бошлаб янги баҳолаш тизими жорий этиладиган мактаблар сонини 3000 тага етказиш кўзда тутилган. Олиб борилаётган ишлар ана шу хайрли мақсаднинг дебочасидир.

Рисолат МАДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири