Президентимизнинг шу йил 15 апрелдаги “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ички ишлар органлари учун мутахассислар тайёрлашнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш, ходимларнинг малакасига қараб хизмат бўйича ўсишини таъминлаш, шунингдек, куч ва воситаларни самарали бошқаришда раҳбар кадрларнинг интеллектуал ва профессионал салоҳиятини янада оширишга қаратилган.
Мазкур ҳужжатга мувофиқ, ИИВ Малака ошириш институтида ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари офицерлар таркибини қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича ўқув курслари олиб борилмоқда.
Машғулотлар давомида тингловчиларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички ишлар органлари учун профессионал кадрларни тайёрлашнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорининг мазмун-моҳияти етказилиши баробарида, ўқув жараёни модуль тизимида ташкил этилиб, инновацион педагогик технологиялар, интерфаол методлар ва замонавий ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда хорижий давлатлар тажрибаси қўлланяпти. Шу билан бирга, соҳага оид амалдаги норматив ҳужжатлар мазмун-моҳияти ва талаблари тушунтирилмоқда.
Шунингдек, ИИВ тизимида хизмат олиб бораётган ходимларда “Муқаддас юртимиз ва бағрикенг халқимизга, касбга ҳамда унвонга садоқат”, “Ватанпарварлик”, “Матонат”, “Сабр-тоқат”, “Шукроналик”, “Бардошлилик”, “Мардлик”, “Жасорат”, “Шараф”, “Ҳалоллик” каби юксак ахлоқий ва инсоний фазилатларни шакллантириш борасида зарурий чора-тадбирларни амалга ошириш учун ходимлар ўртасида маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва китоб мутолаасини кенг тарғиб этиш борасида суҳбатлар ўтказиляпти.
Машғулотларни ўтказишга Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти профессор-ўқитувчилари, Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази ходимлари ва бошқа мутахассис жалб қилинган.
Албатта, давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг ижроси ички ишлар органлари учун интеллектуал салоҳияти ва профессионал билим даражаси юқори, маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук кадрларни тайёрлаш, Ватан такдирига дахлдор фидойи ёшларни камол топтиришда муҳим пойдевор бўлади.
Куни кеча ўқув курсининг навбатдаги машғулотларини муваффақиятли тамомлаган тингловчиларга тантанали равишда сертификатлар топширилди. Бир сўз билан айтганда, ўқув жараёнида олган янги билими ва эгаллаган касбий маҳорати тингловчиларнинг келгусида фаолиятида қўшимча куч ва ғайрат бағишлайди ҳамда иш жараёнини янгича ёндашув асосида олиб боришига хизмат қилади.
Жаҳонгир ЭРНАЗАРОВ