Жорий йил 2 февраль куни Президентимиз раислигида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш борасидаги долзарб вазифалар муҳокама қилиниб, 1 мартдан “Яшил йиллик” умуммиллий тадбири бошланишини маълум қилинди.

Бўка туманининг Янги боғ маҳалласи Бўка — Бекобод автомобиль йўли ёқасида жойлашган. Мазкур маҳаллада истиқомат қилган Холмат ота Солиев кўп йиллар боғбон бўлиб, турли мевали ва манзарали кўчатлар етиштириш билан шуғулланган. Холмат отанинг ишларини бугун унинг фарзандлари Баҳром, Ботир, Баҳодир ва Бобуржон давом эттирмоқда. Улар етиштирган кўчатларнинг тури ва саноғига етиш қийин.

Туман ҳокимлиги ва мутасадди ташкилот вакиллари “Янги боғ”ни обод ва кўркам қилиш мақсадида йўл ёқаларига мевали ва манзарали дарахт кўчатлари экиш учун ҳашарга чиқишганида Холмат отанинг фарзандлари ҳам тек қараб турмади. Ўз боғларида етиштираётган бир минг тупдан ортиқ кўчатларни тортиқ қилди.  

Ҳашарчиларнинг ишини кузатиб турган маҳалла оқсоқолларидан бири Ўктам ота: “Ҳамма ҳам фарзанд ўстиради, тарбиялайди. Халқимизда бир нақл бор: “Бўйимдек бўй ўстирдим, аммо кўнглимдек кўнгил тополмадим...” Холмат ака фарзандларининг бўйини ҳам ўстирган, кўнглини ҳам топган ажойиб инсон эди. Умрини хайрли ва шарафли ишларга бағишлаган. Бугун унинг ишларини фарзандлари давом эттирмоқда. Барака топишсин. Бу жойлар ҳали ўтган кетганни ҳавасини келтирадиган бир боғ бўлсин”, дея қўлини пешонасига қўйиб олис-олисларга термулди.

 — Бугун яшил ҳудудларни ташкил этишни ўзимизнинг маҳалламиз, қишлоғимиздан бошласак атроф-муҳитимиз янада обод ва кўркам бўлади, — дейди Холмат отанинг фарзанди Бобур Солиев. — Жорий йил баҳор мавсумига 28 гектар кўчатзоримизда 8 миллион дона турли дарахт кўчатларини тайёр қилиб қўйдик. “Яшил макон” лойиҳаси доирасида туман ва вилоятимиз ҳудудларига 30 минг дона мевали ва манзарали дарахт кўчатлари бепул тарқатилди. Бундай ишларни яна давом эттириш ниятидамиз.

Ҳар бир ҳудуднинг иқлимига мос, кам сув талаб қиладиган  кўчатларни танлаб эксак, уларнинг тутиб кетиши осон бўлади. Йўл ёқаларига эса иложи борича ёши катта кўчатларни экишни тавсия қилаяпмиз. Тадқиқотларга кўра, яшил ҳудудлар инсониятга ижобий таъсир кўрсатиб, бундай табиат манзараларини томоша қилиш ғазаб, қўрқув ва стресс даражасини камайтирар экан.  

“Янги боғ”да сайёр хизмат ўтказаётган туман Давлат хизматлари маркази ходимлари ҳам ҳашарга ўз ҳиссаларини қўшишди. Ака-ука Солиевлар фурсатдан фойдаланиб марказ ходимларига ўз режаларини гапириб берди. Кўчатхоналарида етиштирилган ниҳолларни қўшни вилоятларга ҳам тарқатаётганлиги, келгусида мевали ва манзарали дарахт кўчатларини чет давлатларга ҳам экспорт қилиш ниятида эканлигини айтишди.

Туман Давлат хизматлари маркази ходимлари шу ернинг ўзида ака-укаларнинг юмушини осон қилиб, 5 дақиқада “Soliyev Xolmat Agro markaz” масъулияти чекланган жамиятни давлат рўйхатидан ўтказиб, сайёр тартибда хизмат кўрсатди.

— Шунчалик осонми, биз қанча югур-югур, ҳужжатлар йиғиш  керак, деб ишимиздан ортмай марказга боришга вақт тополмай тургандик, — дея ҳайратини яширолмади Баҳром Солиев.

Марказ директори Камолиддин Асқаров, ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилган шароитлар, имтиёзлар, уларни давлат рўйхатидан ўтишида ҳужжатларнинг камайтирилгани ҳақида батафсил маълумот бериб ўтди.

Ака-укаларнинг кайфияти чоғ бўлди. Марказ ходимлари эса ҳали яна борадиган жойимиз кўп, вақтдан унумли фойдаланиб аҳолига сайёр хизмат кўрсатишимиз керак, дея улар билан хайрлашди. Хизмат кўрсатишда фойдаланиладиган “Дамас” автоуловига чиқишди. Машина бир зумда “Кўк Орол” маҳалласи томон йўл олди...

 Эркин Дорипов,

ДХА Тошкент вилояти бошқармаси

матбуот хизмати бошлиғи