Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси маълум қилишича, мазкур экочемпионат «Яшил макон» умуммиллий лойиҳаси доирасида ўтказилади.
Тадбирнинг асосий мақсади аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида дарахт экиш маданиятини оммалаштириш, экологик онгни юксалтириш ҳамда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини юмшатишга ҳисса қўшишдан иборат.
Экочемпионат «Энг кўп дарахт кўчатларини эккан табиат ҳимоячиси» номинацияси бўйича ўтказилади. Унда ўқувчилар, талабалар, давлат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳам иштирок этишлари мумкин.
Дарахт экиш жараёни соат 08:00 дан 12:00 гача давом этади. Экилган кўчатларни санаш ва ғолибларни аниқлаш эса соат 15:00 гача амалга оширилади.
Якуний натижаларни ҳисоблашда кўчатлар белгиланган талабларга мувофиқ экилгани инобатга олинади. Белгиланган тартиб бузилса ёки иштирокчига бошқа шахслар ёрдам берса, бундай кўчатлар ҳисобга киритилмайди (ҳаракатланиши чекланган иштирокчиларга 1 нафар ёрдамчига рухсат берилади).
Ғолиблар чемпионат кунининг ўзида эълон қилиниб, 3 миллион сўм пул мукофоти, диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланади.
Экочемпионатда иштирок этиш истагида бўлган фуқаролар ҳудудий Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларига мурожаат қилишлари мумкин.