Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Янгиқўрғон туман бўлими томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро Н.Х. ва Ш.А.лар ўзаро тил бириктириб, “A.T.C.” корхонасига аъзо қилиш ва “электрон дўкон” сотиб олиш эвазига фуқаро О.Ю.дан 920 минг сўм ва фуқаро Г.Д.дан 300 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланганлар.

Шунингдек, терговга қадар текширув жараёнида  фуқаро Н.Х. ва Ш.А.ларнинг яна бир жинояти фош этилди.

Фуқаро Н.Х. ва Ш.А.лар томонидан фуқароларни “A.T.C.” сайтига аъзо бўлиш, бошқа фуқароларни мазкур сайтга аъзоликка таклиф қилишни ва шу орқали уларга бонус пуллари берилиши ҳамда фуқаролар томонидан киритилган аъзолик бадаллари миқдорига қараб келгусида мулкий манфаат олишларига ишонтириб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган ёлғон маълумотлар тарқатиб, алдаш йўли билан жами 53 нафар фуқароларнинг 33,6 минг АҚШ доллари ва 3 млн сўм маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритишиб, Ш.А.нинг номига очилган халқаро пластик (VISA) картасига ўтказиб олганликлари аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Н.Х. ва Ш.А.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.