Айниқса, ушбу маросимда давлатимиз раҳбарининг сўзлаган нутқи жуда сермазмун ва кенг қамровли бўлди, дейиш мумкин. Унда Ўзбекистон ўз олдига жуда катта мақсадларни, янги марраларни қўйганлигини кўриш мумкин. Ушбу вазифаларни амалга ошириш учун мамлакатимизда шароит ҳам, имконият ҳам, етарли интеллектуал ва маънавий салоҳият ҳам мавжудлиги давлат раҳбари томонидан таъкидлаб ўтилди.

Эътиборимизни тортган жиҳати шуки, давлат раҳбари нутқидаги фикр-мулоҳазалар, белгиланган вазифалар бутун халқимиз учун тушунарли тильда баён этилди. Чунки, Президентимиз томонидан келгуси 7 йилга мўлжаллаб ишлаб чиқилган Ўзбекистон тараққиётининг муҳим стратегик йўли моҳияти очиб берилди. Унда ҳар бир соҳа чуқур таҳлил қилиниб, алоҳида эътибор қаратилганлигига гувоҳ бўлдик.

Давлатимиз раҳбари айниқса, ёшлар масаласига кенг тўхталибгина қолмай, шу ерни ўзида уларга Янги Ўзбекистон, Учинчи Ренессанс бунёдкорлари сифатида мурожаат қилди. Давлатимиз томонидан яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, қадрига етиб, доим интилиш ва изланишда бўлишларига чақирди.

Бу фикрлар мамлакат тараққиёт йўлида ёшлар масаласи, таълим, илм-фан масаласининг ўрни жуда муҳим эканлигини кўрсатади. Муҳтарам Президентимиз доим “Нажот – таълимда, нажот –тарбияда, нажот – билимда”, – деган фикрни билдирадилар. Чунки, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, ҳозирги зиддиятли, мураккаб замонда тўғри йўл тутиш учун ақл, илм керак. Бу эса рақобатбардош ва ватанпарвар кадрларни тайёрлашга боғлиқ.

Бу борада Президентимиз “Биз нафақат моҳир пахтакор ва боғбонлар ўлкаси, балки юқори малакали ИТ мутахассислар, инженер ва энергетиклар, кончи ва металлурглар, физик ва кимёгарлар мамлакати бўлишимиз керак”, – деган фикрни билдирдилар. Албатта, бунинг таг замирида бир томондан юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ва кутилаётган натижалар ётибди, иккинчи томондан Ал-Хоразмий, Фарғоний, Беруний, Ибн Сино, Замахшарий, каби улуғ аждодларимизга муносиб ворислик масъулияти ётибди.

Санжарбек Давлетов

Урганч давлат университети

Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий

ишлар бўйича биринчи проректори,

тарих фанлари доктори, профессор