— Маҳалла фуқаролар йиғинининг янги биноси нафақат қишлоғимизга, балки туманимизга кўрк бағишлаб турибди, — дейди Шихмашҳад қишлоғида истиқомат қилувчи Саробиби ая Матёқубова. — Биз, кекса авлод вакиллари бу ерда ўтказиладиган турли маърифий тадбирлар, давр суҳбатлари орқали ёш авлоднинг маънавиятини оширишга, маҳаллада жиноятчилик ва ажримлар, ҳар хил кўнгилсиз ҳолатлар келиб чиқишининг олдини олишга ҳисса қўшамиз.
Ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни муайян касбга йўналтириш масалаларига мамлакатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири сифатида қаралади. Шу маънода, маҳалла фуқаролар йиғини биносидан ўрин олган тикувчилик устахонаси, сартарошхона, гўзаллик салони, дорихонада туман ёшларининг ҳунар ўрганиб, иш билан таъминланиши учун етарли шароит мавжуд.
— Туман марказидан чекка ҳудудлар, жумладан, қишлоқ жойларда янги иш ўринлари ташкил этиб, аҳолига хизмат кўрсатишни мақсад қилган эдим, — дейди “Шавкат Бурҳон” МЧЖ раҳбари Ихтиёр Сапаев. — Яқинда мана шу ниятим амалга ошди. Муассасамизга давлат-хусусий шериклик асосида қурилиб фойдаланишга топширилган Шихмашҳад маҳалла фуқаролар йиғини биносидан барча қулайликларга эга хона ажратилди. Бу ерда дорихона очиб, қулай нархда аҳолига дори-дармон етказиб беряпмиз. Маҳалла аҳли ҳам керакли дори-дармонларни уйига яқин жойдан харид қилаётганидан мамнун.
Шихмашҳадлик Марварид Жуманиёзова касб-ҳунар коллежини тугатиб, якка тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиб, тикувчилик фаолиятини бошлаган эди. У анчадан бери тикувчилик цехи очиб, аҳолига хизмат кўрсатишни, шогирдлар тайёрлашни ният қиларди.
— Маҳалла фуқаролар йиғини биносидан менга хона ажратиб берилди. Тикувчилик устахонаси очиб, маҳалламиздаги ишсиз, тикувчиликка қизиқиши юқори бўлган уч нафар қизни шогирдликка олдим. Ёш тадбиркор сифатида яратилган қулайликлардан хурсандман. Хизматимиздан ҳамқишлоқларимиз ҳам миннатдор. Мижозларимиз кундан кунга кўпаймоқда, — дейди Марварид Жуманиёзова.
Ҳа, биргина маҳалладаги бунёдкорлик ёшларни иш билан таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, аҳолининг кундалик маиший эҳтиёжини қаноатлантириш баробарида кўнгиллар шодлигига, қишлоқ ободлигига хизмат қилаётир.
Жамшид АКБАРОВ