Навоий вилояти ҳокими Нормат Тусунов бошчилигида сектор раҳбарлари, нуронийлар, кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда Янги Навоий шаҳарчаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди.
Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 августдаги “Республика ҳудудларида “Business city” замонавий ишбилармонлик марказларини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ амалга оширилмоқда.
Навоий шаҳри марказининг меъморий қиёфасини янада яхшилаш, ҳудудни ободонлаштириш, инвесторлар учун жозибадорлигини ошириш, замонавий объектлар қуриш ва хизмат кўрсатиш сифатини яхшилашни мақсад қилган лойиҳа “Ёшлик” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида амалга оширилади.
Шаҳарчанинг умумий майдони 1097,6 гектарни ташкил этиб, биринчи босқичда 450 гектар ер майдонида қурилиш ишлари амалга оширилиши режалаштирилган.
Лойиҳа Навоий вилояти ҳокимлиги ҳузурида ташкил этилиб, бунинг учун махсус “Янги Навоий шаҳарчаси” ишбилармонлик маркази дирекцияси” давлат муассасаси ташкил этилди. Дирекция раҳбари этиб Мамедов Хожи Наликулиевич, раҳбар ўринбосари вазифасига эса Камилов Фарход Мирзаумаровичлар тайинланди.
Янги Навоий шаҳарчаси йирик замонавий бизнес ва турар-жой биноларидан ташкил топган инфратизим бўлиб, ундан кўп қаватли уйлар, бизнес марказлари, йирик кутубхона, кўнгилочар ва истироҳат боғлари, сунъий кўл, ҳунармандчилик устахоналари, ва ҳоказо бино ва иншоотлар ўрин олиши лойиҳага киритилган.
Қурилиш ишлари 2040 йилгача давом этади.