Бунга қўшимча тарзда айтишимиз мумкинки, Конституция шу мамлакатда яшовчи халқнинг олий мақсадлари, қадриятлари, қарашларини ҳам мужассам этади.
Ўзбекистонда конституцияни ўрганишга алоҳида муҳим масала сифатида қаралади. Фуқароларнинг конституция нормаларидан тўлиқ хабардор бўлишлари учун янгидан янги лойиҳалар мунтазам амалга оширилади. Асосий илмларни олиш мактабдан бошлангани каби конституция саводхонлиги ҳам шу масканда шакллантирилади. Ҳақиқатда мактаб – билим ва кўникмаларнинг асосий манбайи. Ҳозирги даврида юртимизда фаолият юритаётган барча таълим муассасалари ходимларининг вазифаси ёш авлодга фақатгина билим бермасдан, иннавацион ва креатив фикрлайдиган, замонавий кадрлар тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида, юксак маънавият эгалари этиб тарбиялашдан иборатдир. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Озбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган байрам табригида “«Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан бошланади», деган ғоя асосида умуммиллий таълим-тарбия тизимини тубдан ислоҳ қилишга мисли кўрилмаган эътибор қаратилмоқда. Илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт, спорт соҳаларини ривожлантириш, маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш, ёшларнинг, айниқса, қизларимизнинг истеъдод ва қобилиятини рўёбга чиқариш борасида ҳам кўп ишлар қилинмоқда. Буларнинг барчаси юртимизда Учинчи Ренессанс – миллий тараққиётимизнинг янги даври пойдеворини яратишга хизмат қилади”, – дея таъкидлади.
Ушбу сўзлар раҳбар сифатида менга ҳам масъулият юклади. Фаолиятим давомида ходимларнинг тенг ҳуқуқлилиги, ўқувчиларга мукаммал таълим бериши, коррупцияга йўл қўйилмаслигини ҳамда мамлакатимизда чиқарилаётган таълимга оид ҳар бир қонун ижросини мактаб доирасида таъминланишини назорат қиламан. 2020 йилнинг асосий қисми карантин даврига тўғри келган бўлсада ўқувчиларимиз ва уларнинг ота-оналари билан доимий алоқада бўлдик. Шу боис ҳам мактабимизнинг 11-синфини тамомлаган ўқувчилар Республикамизнинг бир қатор нуфузли ОТМларининг талабасига айланди. Бундан ташқари, Тарих ва ҳуқуқ фани ўқитувчиси Кадирова Нигора Шайдуллаевнанинг илмий мақоласи Германиянинг Берлин шаҳрида ўтказилган Конференцияда чоп этилди, мактабимиз ўқувчилари Анорбеков Асилбек математика фанидан, Раимжонов Шохруҳ кимё фанидан онлайн ўтказилган Халқаро Олимпиадада қатнашиб ИИ даражали Диплом соҳиби бўлишди. Шунингдек, 8-синф ўқувчиси Абдуҳошимов Миржалол, Қўлдошев Асилбек ҳамда Раимжонов Шохруҳ Кимё фанидан И чорак онлайн олимпиадасида фаол иштирок этганлиги учун сертификат билан тақдирланди. Агар ҳар бир соҳа ходими чин дилдан меҳнат қилса, бу каби ютуқлар сафи, албатта, кенгаяди.
Ҳаёт – жуда ширин неъмат. Инсон узоқ йиллар яшагиси келади. Айниқса, бемор чоғида ўқиш ёки ишга шошиб, тунни тонгга улаб юрган кезларини соғинади. Аслида бу тотли ҳаёт турли ташвишу синовлари билан қизиқ. Яқинлар даврасидаги шўх-шодон ҳангомалар, илм олиш йўлидаги тинимсиз изланишлар, китоб мутолааси, ёру биродарларнинг яхшию ёмон кунида шерик бўлиш – булар биз яшаб турган дунёнинг мазмунидир. Бахтли умр кечириш эса инсоннинг ўзигагина эмас атрофдагиларга, у яшаб турган жамиятга ҳам боғлиқ. Агар мамлакатда адолат бўлмаса, фидоийлик ҳам йўқолади. Адолатни ким ўрнатади? Уни ҳар биримиз қарор топтиришимиз мумкин. Бунда, албатта, ҳуқуқий онг ва саводхонлик, шунингдек, қонунлардан хабардорлик юқори даражада бўлмоғи лозим. Бош қомусимиз – конституцияни мукаммал билиш эса бошлаётган ҳар бир янги режаларимизга асос бўлади. Барча юртдошларимни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллик байрами билан қутлайман!
Тошкент вилояти Ангрен шаҳар
35-умумий ўрта таълим мактаби
директори Х.Б.Балтабаева