Давлатимизнинг асосий қонуни, халқимиз азалий орзу-умиди ифодаси бўлган Конституциямиз қабул қилинганига 29 йил тўлди. Бу қисқа давр ичида Бош қонунимиз асосида давлатимизнинг ишончли ҳуқуқий кафолатлари мустаҳкамланди. Конституция бизга инсон ҳуқуқлари, демократия, эркинлик, барқарорлик ва тараққиёт тамойиллари мажмуини ифодалайдиган адолатли давлат қуриш йўлларини аниқ очиб берди.
Конституциямизнинг ўзига хос жиҳатларидан бири шундаки, у ўзида нафақат ҳуқуқий ва сиёсий фикрлашнинг олий ютуқларини, балки бой тарихий тажрибани ҳам мужассамлаштирди. Уни ишлаб чиқишда ўзбек халқининг чуқур ҳуқуқий-тарихий анъаналарига ҳам асосланилди. Ҳар қандай қонун, айниқса, Бош қонун, агар халқнинг тарихий қадриятлари, миллий урф-одатлари, асрлар давомида шаклланган эътиқодларини ўзида етарли даражада акс эттирмаса, унинг ҳаёти қисқа бўлади, жамият учун хизмат қилмайди.
Конституция тарихига назар солсак, у жаҳон цивилизацияси жараёнида шаклланиб келганига гувоҳ бўламиз. Инсоният тараққиёт босқичларида доимо мулоқот қилиш, бирга яшаш учун қонун-қоидаларга муҳтож бўлган. Шу боис, бунинг учун зарур бўлган қонун-қоидаларни ишлаб чиқишга ҳаракат қилган.
Масалан, бундан 4000 йил аввал Месопотамия подшоҳи Хаммурапи яратган “Хаммурапи қонунлари” тўплами, зардуштийларнинг милоддан аввалги IX–IV асрларда ёзилган муқаддас китоби “Авесто”, Юнонистондаги “Салон демократияси” (милоддан аввалги VI аср) юқорида айтиб ўтилган қонун-қоидаларнинг энг машҳурларидир.
Инсоният тарихида ўтган буюк шахслар турли қонун-қоидалар муаллифи бўлган. Ушбу ҳужжатлар аксарият ҳолларда қоида, қонун мақомини олган. Масалан, Низомулмулкнинг “Сиёсатнома”си, Ярослав Мудрийнинг “Рус ҳақиқати”, Чингизхоннинг “Ясо”си шулар сирасидандир. Булар ичида энг машҳури – “Темур тузуклари”. Улар давлат, уни бошқариш ва мустаҳкамлаш борасидаги тавсиялар ҳолида шакллантирилган қоидалардан иборат бўлган ўз даврининг конституциявий қўлланмаларидир.
“Темур тузуклари”да давлат, уни идора этиш, қонунчилик ҳақидаги таълимот ўз аксини топган. Бу таълимот Амир Темур салтанати мавқеининг муттасил ошиб боришига салмоқли ҳисса қўшган. Темур давлати эришган улкан муваффақиятларнинг асосий сабабларидан бири ҳам мамлакатнинг ушбу тузуклар асосида бошқарилганидир.
Мамлакатимиз бошқарув тизимининг ўзагини Конституция ташкил этади. Қонун устуворлиги ҳуқуқий давлатнинг бош тамойилидир. Бу тамойил қудратини Темур бобомизнинг “қаерда қонун ҳукмронлик қилса, ўша ерда адолат бўлади”, деган ҳикматида ҳам кўришимиз мумкин. Давлатчилик борасидаги тарихий тажриба, хусусан, Амир Темурнинг давлатчилик ҳақидаги теран фикрлари ва тажрибаси Конституциямизнинг тарихий илдизларидан бирини ташкил қилади.
Соҳибқироннинг жуда кўп фикрлари бугунги Асосий қонунимиз ғоялари билан ҳамоҳангдир. Масалан, Темур давлатни бошқаришда олий табақа вакиллари — саййидлардан тортиб ҳунар аҳлигача бўлган жами 12 табақа кишиларига суяниб иш кўриш лозимлигини таъкидлаган. Асосий қонунимизнинг 7-моддасида бу тамойил ривожлантирилиб: “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир”, деб мустаҳкамлаб қўйилган.
Амир Темур “Бу тузуклардан (келажакда) салтанат ишларини бошқаришда қўлланма сифатида фойдалангайлар”, деб ёзади. Демак, “Темур тузуклари”га тартиб берилишидан асосий мақсад жамият ва давлат бошқарувида зарур ҳисобланган қонун-қоидалар мажмуини яратиш бўлган.
Агар Конституциямизга назар ташласак, унинг жуда кўп моддаларида тарихий қадриятлар ўз ўрнини топгани шоҳиди бўламиз.
Масалан, унинг 4-моддасида Ўзбекистон Республикаси ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилиниши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратилиши қайд қилинган бўлса, 18-моддада Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги белгиланган. Конституциянинг мазкур моддалари асосида чуқур маъно, ўзбек халқига хос бағрикенглик руҳи ётади.
Ўзбек халқининг диний бағрикенглиги нафақат узоқ ўтмишга, балки ислом дини элимизнинг асосий эътиқодига айлангандан кейинги даврларга ҳам хосдир. Масалан, Амир Темурнинг хизматида мусулмонлар билан бир қаторда буддавийлар, насронийлар ва бошқа дин вакиллари ҳам бўлган, лекин уларнинг бирортаси камситилмаган. Диний бағрикенглик доимо ўзбек халқининг тарихий қадрияти бўлиб келган. Конституциямизнинг 31-моддасида ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар бир инсонга хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқининг берилгани ҳам Бош қонунимиз халқимиз тарихий анъаналари, қадриятларига асосланганидан далолатдир.
Бир сўз билан айтганда, мустақил Ўзбекистонимизнинг Конституцияси чуқур тарихий илдизларига эга ва биз уни ўрганишдан тўхтамаймиз. Шу маънода “Янги Ўзбекистон – халқчил ва инсонпарвар давлат” ғоясини амалга ошириш йўлида конституциявий ислоҳотларга киришиш остонасида турибмиз. Бу катта ислоҳотларимизнинг моҳиятан юксалишига, мантиқий таъсирчанлигини оширишга хизмат қилиши табиий.
Шуҳрат Ҳотамов,
Нодира РАСУЛОВА,
Жамоат хавфсизлиги университети доцентлари