Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиали профессор-ўқитувчилари ҳам шундай тадбирлар доирасидаги фаол иштирок этиб халқимизнинг кўнглига олам-олам қувонч ҳадя этмоқда.
Жумладан, Қорақалпоғистон халқ бахшиси, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори, «Дўстлик» ордени соҳибаси профессор Г.Ахимбетова, Ўзбекистонга хизмат кўрсатган артист, доцент М.Исмаилова, «Актёр ва режиссёр» кафедраси мудири Л.Уразимбетова, филиал маънавият ва маърифат бўлими бошлиғи О.Қидирниязова, «Ниҳол» мукофоти совриндори Л.Мухамметдиновалар Республикамизнинг турли ҳудудларида ташкил этилган тадбирларда ўзларининг ранг-баранг дастур ва мазмунли баёнотлари билан иштирок этишди.

Чекка қишлоқлардаги таълим муассасаларида ва маданият масканларида халқимиз учун ўтказилаётган бу каби маданий тадбирлар уларни руҳан жўшқинликка чорлаган бўлса не ажаб. Айниқса, оҳанграбодай қўй қўшиқлар ва санъаткорларнинг саҳнавий кўринишлари томошабинларга ўзгача илиқ кайфият улашди.
Жорий йил Президентимизнинг Нукус шаҳрига ташрифида «Бахшичилик – қорақалпоқ елининг улуғ анъанаси, уни ривожлантириш учун ҳамма шароитларни яратамиз - дея таъкидлаган эди. Биз бахшиларнинг қувончи чексиз ва Президентимизга, халқимизга сидқи дилдан хизмат қилишга доимо тайёрмиз», дейди Г.Ахимбетова.
Ҳақиқатдан ҳам бу каби кўнгил ошар тадбирлар пандемия даврида ёшларимиз учун ҳам ажойиб совға бўлди десак, муболаға айтган бўлмаймиз. Шунингдек, тадбирларга пойтахтимиз Тошкент шаҳридан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти М.Абдуқундузов ва Ўзбекистонга хизмат кўрсатган артист Г.Насировалар қатнамоқда.
Асилбек ҚОЛҚАНАТОВ
ЎзДСМИ Нукус филиали талабаси