14 январь – Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан мамлакатимиз нинг барча ҳудудларида маънавий-маърифий тадбирлар, турли спорт мусобақалари, ҳарбий-ватанпарварлик доирасидаги ижодий учрашувлар катта тантаналар билан ўтказиб келинмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси фаолияти, таълим жараёнлари, таълим учун яратилган шароитлар билан ОАВ вакилларини яқиндан таништириш мақсадида Мудофаа вазирлиги, Қуролли Кучлар академияси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва уюшма қошидаги ҳарбий-ватанпарварлик кенгаши ҳамкорлигида “Янги Ўзбекистон армияси – мамлакат қудрати, юксак ғурур ва садоқат тимсолидир!» мавзусидаги Пресс-тур ҳам байрам муносабати билан ташкил қилинди.

Мудофаа вазирлиги тизимида ҳарбий илм-фанни ривожлантириш борасида амалга оширилган ишлар натижасида сўнгги 5 йилда илмий салоҳият 4 фоиздан қарийб 46 фоизга ошди. 2023 йилда илмий салоҳиятни белгиловчи таркиб 694 нафарни ташкил этиб, уларнинг 28 нафари фан докторлари (DSc), 161 нафари фанлар бўйича фалсафа доктори (PhD), 130 нафари доцентлардир.

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар академияси Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан бугунги кунда янгича мазмун касб этди. Академия бугунги кунда республикамиздаги энг нуфузли олий ҳарбий таълим муассасаси ҳисобланади. Ушбу улуғ даргоҳ узоқ ва бой тарихга эга бўлиб, армия сафларига ҳар томонлама етук, ўз касбининг моҳир устаси – ҳақиқий офицерларни тайёрлаб келмоқда.

Бугун академияда умум-қўшин, ҳарбий хавфсизлик ва давлат мудофааси, Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари, Ички ишлар вазирлиги қўшинларига кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш факультети ва Ички ишлар вазирлиги ҳарбийлашган бўлинмалари мутахассисларини тайёрлаш каби жами 17 та кафедра фаолият юритиб келмоқда.

Академияда курсантларнинг сиёсий, маънавий-маърифий, ижодий, лидерлик сифатларини ривожлантиришга йўналтирилган 20 дан ортиқ тўгараклар фаолияти йўлга қўйилган. Бугунги кунда академияда бир қатор хорижий мамлакатлардан ташриф буюрган курсант ва офицерлар бакалавриат, магистратура ва таянч докторантурада таҳсил олиши, шунингдек хорижий ҳарбий педагог кадрларни малакасини ошириш ишлари йўлга қўйилган.

Академияда 4000 дан ортиқ китобга, интернет ва 15000 дан ортиқ электрон адабиётларга ва шахсий таркиб учун барча имкониятлар эга Ахборот-ресурс маркази фаолият юритади. Марказ академия фаолиятида муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, академиянинг музейида

100 йилдан ортиқ тарихга эга экспонатлар ва қўлёзмалар мавжуд.

Бугунги кунда мазкур олий ҳарбий таълим муассасасининг илмий салоҳияти 53%ни ташкил этади. Тингловчи ва курсантларга 10 нафарга яқин фан доктори, 40дан ортиқ фан йўналишлари бўйича фалсафа докторлари, 50 га яқин илмий унвонга эга бўлган малакали профессор-ўқитувчилар таълим-тарбия бериб келмоқда.

Академиянинг ўқув-моддий базаси ва ўқув аудиториялари энг сўнгги технологиялар асосида ишлаб чиқилган замонавий тренажёрлар, лабораториялар, асбоб-ускуналар ва компьютер техникалари билан жиҳозланган. Курсант ва тингловчиларнинг яшаши ва дам олиши учун шинам ва кўркам ётоқхоналар, спорт билан шуғулланиши учун ёпиқ сув ҳавзаси, спорт заллари, шунингдек, маданий ҳордиқ маркази ва ошхона замон талаблари асосида жиҳозланган.

Дастлаб пресс-тур иштирокчилари ҳарбий оркестр садолари остида кутиб олинди ҳамда уларга академия саф майдони ҳарбий оркестр, фахрий қоровул ва взвод бўлинмасининг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, шунингдек Академия маданият марказида академия фаолияти, таълим жараёнлари ва шароитлари ҳақида тайёрланган видеоролик намойиш этилди.

Шундан сўнг олий ҳарбий таълим муассасаси бўйлаб экскурсия бошланди. Унда ОАВ вакиллари академия тарих музейидаги экспонатлар, ахборот ресурс марказида яратилган шароитлар, курсантлар бўлинмаси ётоқхонасидаги қулайликлар, “Амир Темур”, “Бобур”, “Жалолиддин Мангуберди” тематик синфлари ва “Психологик тайёргарлик маркази” ҳамда спорт мажмуасида яратилган шароитлар билан танишдилар.

Шу билан бирга журналистлар курсантларнинг ҳарбий ва зирҳли техникалар тренажёрларида техникани бошқариш ва ҳайдаш бўйича амалий машғулотларда иштирок этиб, “ПКСТ-2» тренажёридан отиш бўйича ташкил этилган мусобақада ўзаро беллашдилар. Мусобақа натижаларига кўра ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Пресс-тур доирасида, Мудофаа вазирлиги ахборот хизмати ва Қуролли Кучлар академияси масъуллари журналистларни қизиқтирган барча саволларига батафсил жавоб берди.

Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири