«Бутун дунё нурга, гўзалликка тўлган шу дилбар фаслда жонажон диёримизга шарқона янги йил – Наврўзи олам кириб келмоқда.

Бугун бамисоли икки азим дарё туташмоқда – Наврўз байрамини муборак Рамазон ҳайити билан бирга нишонламоқдамиз.

Табиатнинг уйғониши ва руҳий покланиш рамзи бўлган мана шундай қутлуғ айёмлар билан сизларни, кўп миллатли бутун халқимизни чин қалбимдан самимий табриклайман.

Дунёнинг олис ва яқин мамлакатларида ишлаётган, таҳсил олаётган ватандошларимизни ҳам муборакбод этиб, уларга эзгу салом ва тилакларимизни изҳор этаман.

Байрам барчамизга муборак бўлсин!

Наврўзи олам диёримизга тинчлик ва бахт олиб келсин!», – деди давлатимиз раҳбари.

«Бугун баҳорни соғинган юракларимиз янги кун, янги ҳаёт шукуҳи билан яшамоқда.

Осмондан обираҳмат ёғилиб, дарё ва кўлларимиз сувга тўлмоқда. Боғларимиз, қир ва адирларимиз ўт-ўланлар билан қопланиб, йилимиз баракали бўлишидан дарак бермоқда.

Шаҳар ва қишлоқларимиз, водий ва воҳаларимизда сайил-томошалар бошланмоқда.

Янгиланиш фасли бўлган Наврўз кунларида халқимизнинг умуммиллий бирдамлиги, бунёдкорлик салоҳияти янада яққол намоён бўлмоқда», – деди Президентимиз.

Наврўз қадриятларига содиқ бўлиб, миллати, тили, динидан қатъи назар, ҳар бир юртдошимизни, бутун эл-юртимизни рози қилиш йўлидаги ишлар янги босқичга кўтарилмоқда. Бу йилги байрамни «Наврўзни улуғлаш – инсонни улуғлашдир», деган даъваткор ғоя асосида ўтказилаётгани ҳам бунинг яна бир тасдиғидир.