Бу вилоятимиз ҳаётида, хусусан, таълим тизимидаги амалий саъй-ҳаракатларда ҳам яққол намоён. Соҳадаги бунёдкорона ислоҳотлар кўлами ҳақида гап кетганда, биргина якунланган 2021 йилнинг ўзида Давлат инвестиция дастури асосида вилоятимизда 8 та янги мактаб қурилгани, мавжудларининг 23 таси реконструкция ва 7 таси мукаммал таъмирланганини таъкидлаш ўринли. Ушбу мақсадлар учун жами 243,77 млрд. сўм маблағ сарфланди. Натижада, қўшимча 10 минг 343 ўқувчи ўрни яратилиб, мавжуд 11 минг 572 ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланди ҳамда 11 та янги спорт зали қурилди.

Давр шиддати ва ислоҳотлар қамровига ҳамоҳанг одимлар янги йилда янада кенг қамров касб этиши вилоятимиз ҳокими Шавкатжон Абдураззоқовнинг Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдаги сессиясидаги 2021 йил якунлари ва 2022 йилги устувор вазифаларга бағишланган Мурожаатномасида ўз ифодасини топди. Мазкур чиқиш «Янги Ўзбекистон» газетасининг 2022 йилдаги илк сонида «Нажот – таълимда, заковатда!» сарлавҳаси остида ёритилди. Вилоят ҳокимининг «Янги Ўзбекистон» газетаси мухбирига берган интервьюсида мамлакатимизда Давлатимиз раҳбари раҳнамолигида келажагимиз эгаларига кўрсатилаётган ғамхўрлик, яратилаётган имконият ва қулайликларга ҳамоҳанг Наманганда ҳам 2022 йилда ижтимоий соҳалар, хусусан, таълимга алоҳида аҳамият қаратилиши таъкидланган. Аслида ҳам, юртнинг эртанги равнақини илм-маърифатга бўлган эътибор белгилайди. Бу эса «Ёшлар - келажак бунёдкори» деган эътироф билан уйғун.

Янги «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да вилоятимизда 6 та янги мактаб қурилади, 15 та мактаб реконструкция қилиниб, капитал таъмирланади. Шунингдек, 115 та мактаб 1 минг 840 дона замонавий компьютер техникалари билан таъминланади. Вилоятда 3 та математика ва физика, 4 та кимё ва биология, 3 та информатика фанларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади. Ёш авлодни соғлом ва баркамол, ҳар жиҳатдан етук камол топтириш мақсадида 22 та мактабда замонавий спорт зал қурилади. Биргина вилоятимизнинг ўзида 2022 йилда 10 та янги олий таълим муассасаси ташкил этилиши эса уларнинг янада ёрқин келажагидан далолат. 

Келтирилган рақамлар, таъкидлар юрт равнақи ва истиқболи, ёшлар камолида, яъни нажот чиндан ҳам таълимда, заковатда эканлигининг ҳаётий ифодасидир. Бундай эътибор ва имкониятлар биз, халқ таълими тизими вакилларини фарзандларимизга замонавий билимларни чуқур ва мукаммал ўргатиш баробарида ёруғ истиқбол ва юксак марралар сари етаклашда шижоатга ундайверади.

Рустамжон ИСРОИЛОВ,
Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи