Хорижий ва миллий экспертлар, таҳлилчилар ўртасида янги Ўзбекистондаги демократик ислоҳотлар моҳияти, эришилган ютуқлар ва истиқболдаги долзарб вазифалар, мамлакатда вужудга келаётган мутлақо янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий ва маънавий-маърифий макон ва муҳит, давлат ташқи ва ички сиёсатининг устувор йўналишлари бўйича фикр алмашиш бош мақсади бўлган нуфузли халқаро тадбирда тадқиқот ва таҳлилий марказлар, бизнес ҳамжамият, вазирлик ва идоралар томонидан 50 дан зиёд конференция, давра суҳбати ва амалий мулоқот ташкил этилади.

Инсон капиталини ривожлантириш ва таълим тизимини ислоҳ этиш, ижтимоий давлат қуриш, Ўзбекистоннинг “яшил тараққиёт” соҳаларидаги тажрибаси ва дунёдаги жараёнлар, юртимизда юзага келаётган қулай бизнес ва инновацион муҳит каби қатор масалаларга бағишланган мулоқотлар учун эса алоҳида платформалар ташкил этилади. Бу йўналишлар бўйича 20 га яқин мавзуда тадбирлар, учрашувлар ўтказилиши назарда тутилган.

Мулоқотларда иштирок этиш учун тиббиёт соҳаси бўйича дунёнинг бир гуруҳ етакчи мутахассислари — АҚШ Касалликларни таҳлил қилиш маркази (СDA) бошқаруви директори Хоми Разави, Корея Республикаси Ташқи ишлар вазирлигининг глобал соғлиқни сақлаш бўйича элчиси Чои Жае Вук, Ҳиндистон онкологлар уюшмаси президенти, Жаҳон саратонга қарши иттифоқи экспертлар кенгаши аъзоси Динеш Пендхаркард, Исроил тиббиёт маркази асосчиси Ярон Гойхман ва бошқа нуфузли меҳмонлар ҳам ташриф буюришган. Кеча “Hilton” меҳмонхонасида ҳафталик доирасида мазкур хорижий экспертлар иштирокида янги Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими трансформациясига бағишланган халқаро анжуман бошланди. Бу тадбир мамлакатимиз тиббиёти ривожи учун манфаатли экани билан аҳамиятли.

Тадбирлар доирасида “Ўзбекистон маданий мероси – янги Ренессанс асоси” ҳафталиги ўтказиляпти. Ҳафталикка кеча кўтаринки тарзда старт берилди. Унда 30 дан ортиқ тадбир, кўргазма, мусиқа фестивали ҳамда фильмлар намойиши режалаштирилган.

Ҳафталикнинг очилиш маросимида сўз олган Ўзбекистон маданият ва туризм вазири Озодбек Назарбеков ижод аҳлини, маданият ва санъат вакилларини жамлаган мазкур анжуман халқаро даражадаги алоқаларимиз кенгайиб бораётганини кўрсатишини айтиб, тадбирлар бу ҳамкорликни мустаҳкамлашга, ўзбек маданияти ва санъати шуҳратини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Халқаро ҳафталик якунлари бўйича хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли алоқаларга оид битимлар имзоланиши, қўшма лойиҳалар борасида қатор келишувларга эришилиши кутилмоқда.

Ҳафталикнинг очилиш маросими “Ўзбекфильм” киноконцерни ҳудудида янги қад ростлаган “Event hall” тадбирлар мажмуасида бўлиб ўтди. Турли мулоқот ва учрашувлар ўтказиш учун мўлжалланган майдон келгусида ҳам йирик тадбирларга мезбонлик қила олиш имкониятига эга.

—  Ушбу мулоқотлар саройи Ўзбекистон учун хайрли бўлсин! Бу жой маданият, санъат ва туризм учун жуда муҳим. Бинонинг очилиш маросимига таклиф этишганидан жуда мамнунмиз. Зеро, биз Ўзбекистоннинг туризминигина эмас, маданияти ва миллий киносини ҳам бутун дунёга тарғиб қилиш билан шуғулланишни ният қилганмиз, — дейди Жаҳон туризм форуми президенти Булут Бахчи. – Бошланган ҳафталик нафақат ўзбек, балки турк дунёси маданий меросини сақлаш ва тарғиб этишга ҳам хизмат қилади.

Ҳафталик 7 июль куни якунланади. Унинг медиа ҳамкори эса “CNN” телеканали (АҚШ). Тадбирлар, шунингдек, “Euronews” ва бошқа нуфузли хорижий ҳамда  миллий оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

Муножат МЎМИНОВА,

“Янги Ўзбекистон” мухбири