Авваллари нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳақида гап кетганда давлатнинг ёрдами ва  эътиборидан четроқда қолгандек эди гўё. Бугун эса нодавлат нотижорат ташкилотлари нафақат ўзининг ташаббускорлиги орқали кўплаб соҳаларни қамраб олди, балки муҳим ижтимоий вазифаларни ҳам бажариб келмоқда. Бундай фаол ривожланиш ортида албатта юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган шарт-шароитлар, имкониятлар, имтиёзлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари мақомини кўтариш борасида олиб борилаётган ислоҳотлар ётганлиги ва оқилона сиёсат натижаси эканлиги ҳеч кимга сир эмас. 

Сўнгги йилларда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва улар ўртасида ижтимоий шерикликни кучайтириш ҳамда таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасида изчил ишлар олиб борилмоқдаю

Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг нодавлат нотижорат ташкилотларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга оид бир қатор қарорлари ва фармонлари шунчалик даражада имкониятлар эшигини кенг очдики, бугунги кунда Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси ўзининг атрофига минглаб аъзоларини бирлаштира олди. Ҳар бир аъзо ташкилотлар бугунги кунда Ассоциация билан ҳамкорликда тадбирлар ўтказиш, Давлат бошқаруви академиясининг малака ошириш ўқув курсларида ўқиш, ННТ уйларини олиш, нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан эълон қилинган грант лойиҳаларини ютиб олиш ва ғолибликни қўлга киритиш имкониятларига эга.

Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини давлат томонидан субсидиялар, грантлар ва ижтимоий буюртмалар шаклларида қўллаб-қувватлаш ва жамоат фондларига йилдан йилга маблағлар ажратишнинг оширилиб борилиши қувонарли ҳол албатта. Шунга яраша миллий ассоциация юқори турувчи ташкилотларга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритишни ошириб боришни, мамлакатимизда эълон қилинадиган йилга оид давлат дастурида иштирок этаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари сонини ва ҳар бир давлат органи ҳузуридаги жамоатчилик кенгашлари фаолиятида фуқаролар ташаббуси билан ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларининг сонини юқори даражага олиб чиқишни ўзининг одига мақсад қилиб қўйган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида нодавлат нотижорат ташкилотлари раҳбарларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишни 2021 йилдан 2025 йилгача 50 тадан 250 тага етказиш белгиланган. Шу билан биргаликда нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг очиқлик индекси жорий қилинади ва унга кўра ҳар йил якунлари бўйича нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан амалга оширилган ишлар, ижтимоий шериклик даражаси, ажратилган субсидия, грант ва ижтимоий буюртмалар натижадорлиги ва бошқа муҳим фаолият кўрсаткичларига асосан уларнинг рейтинги тузилади ҳамда миллий ассоциацияси ва Адлия вазирлиги томонидан белгиланган тартибда шакллантирилиб, индекс натижалари расмий веб-сайтларда эълон қилиб борилади.

Давлатимиз томонидан нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ кенг кўламли ислоҳотларнинг олиб борилаётганлиги, имкониятлар ва шарт-шароитлар яратилиб берилаётганлиги ҳар бир ходимнинг янги Ўзбекистонда янгича кайфият билан ишлашлари учун замин яратиши шубҳасиз.

Ориф ТИНИБЕКОВ,

Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари

 миллий ассоциацияси бош мутахассиси