Фестивалда рассомлар майдончаси, ҳунармандлар расталари, болалар майдончаси, цирк, дорбозлар, балиқ ови, ҳайвонот боғи, меҳнат ярмаркаси, спорт майдони, «Билимдон шоу», либослар дизайни кўргазмалари, таниқли бизнес юритиш бўйича мутахассислар ва блогерлардан маҳорат дарслари, театр саҳна кўринишлари, миллий маданият марказлар вакилларининг чиқишлари, ҳарбий техника кўргазмалари ва ҳарбий парад кенг кўламда ташкиллаштирилди.

Мазкур тадбирга ҳудудлардан 75 минг нафар аҳоли, айниқса, ёшлар жалб этилди. Шунингдек, 50 нафар кам таъминланган оилалар фарзандлари, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларига «Суннат тўйи» ўтказилди. Тошкент вилоятининг 22 туман-шаҳарларидан «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ва «Ёшлар дафтари»га киритилган аҳолининг 2 минг нафарига тадбирда иштирок этишига шароит яратилди. Фестивал доирасидаги меҳнат ярмаркасида корхона-ташкилотлар 10 минг та бўш иш ўринлари билан иштирок этиб, юзлаб ёшларнинг бандлиги таъминланди.

Ёшлар фестивали оқшом бўсағасида янада қизғин тус олди. Катта саҳнада ҳарбийлар паради ташкил этилди. Унда Тошкент вилояти ҳокими Даврон Ҳидоятов фестиваль доирасида ўтказилаётган кечки концерт дастурини очиб бериб, ёшларга ўз тилакларини билдирди.

Шундан сўнг эстрада юлдузлари иштирокида бадиий қисм бошланди. Вилоят ҳокими ҳаво шарида ҳам учди. Камондан отиш борасида туман ва шаҳарлар ҳокимлари билан биргаликда ўз маҳоратларини синовдан ўтказди.

Катта саҳна олдида варраклар сайли ташкил этилди. Энг юқори учирилган варрак соҳиби мукофот билан тақдирланди.

Фестивалда спортнинг 23 та тури (бокс, каратэ, қиличбозлик, шахмат, юнон-рум кураши, эркин кураш, бадиий гимнастика, дзюдо, кураш, стол тенниси, оғир атлетика, ўзбек жанг санъати, бадминтон, белбоғли кураш, Street workout, армрестлинг, баҳодирлар ўйинлари ва тош кўтариш, камондан отиш, турон якка кураши, самбо, марафон ҳамда веломарофон) бўйича кўргазмали чиқишлар ҳамда спорт турлари бўйича «Вилоят ҳокими кубоги» спорт мусобақаларининг саралаш босқичлари ташкил этилди. Унда вилоятнинг барча туман ва шаҳарларидан жами 11 минг нафардан зиёд ёшлар иштирок этди.

Жумладан, фестивалнинг учинчи куни эрта тонгдан веломрафон мусобақасига иштирок этиш учун 200 нафардан ортиқ ёшлар бир жойда жам бўлди. Мусобақага Қибрай туманидан старт берилди. Финиш эса Чирчиқ шаҳрида ташкил этилган ёшлар фестивали майдони бўлди.

Ҳакамлар томонидан якуний натижаларга кўра, ўғил болалар ўртасида биричи ўрин Тўйчиев Абдуҳамид, иккинчи ўрин Абдуҳакимов Темур ва учинчи ўрин эса Жамолиддинов Алимардон лойиқ томилди. Қизлар ўртасида биринчи ўринни Рўзиева Асал эгаллади. Иккинчи ўринни Каромова София эгаллаган бўлса, учинчи ўрин Абдуллаева Шаҳнозага насиб этди.

Қолаверса вилоят спортчилари томонидан спорт мусобақаларда қўлга киритган медаль ҳамда кубокларидан махсус кўргазмалар ташкил этилди.

Xалқаро нуфузли спорт турнирларда ғолиблари, номдор спортчилар билан давра суҳбати ҳамда маҳорат сабоқлари ташкил этилди.

Шунингдек, Ёшлар фестивали доирасида вилоятнинг иқтидорли ёшлари ҳамда туман-шаҳар ҳокимлари иштирокида «Заковат билимдонлари» интеллектуал ўйини ташкил этилди. Унда Тошкент вилоятининг туман ва шаҳарлар ҳокимлари ҳам иштирок этиб, билимдон ёшлар қаторида мураккаб саволларнинг жавобини топишга ҳаракат қилиб, ўз биримларини синовдан ўтказди. Ўйин 2 босқичда, «А», «Б» гуруҳда ўтказилди.

Ғолиб бўлган иккала гуруҳ жамоаси, яъни Чирчиқ, Олмалиқ шаҳарларии, Қуйи Чирчиқ ва Паркент туманлари билимдонлари билан якуний натижалар бўйича беллашди. Аслида бу каби ўйинлар ёшларнинг ақл заковатини ошириш, билимини синовдан ўтказиш, қизиқишларини кенгайтиришга хизмат қилиши билан ҳам алоҳида аҳамиятга эга бўлмоқда.

– Ҳокимлар билан бир даврада, улар билан ҳамфикрликда саволларга жавоб излашимиз кутилмаган янгилик бўлди, – дейди Паркент туманидаги 49-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Абдулазиз Абдумуталов. –Баҳсларнинг аввалида роса ҳаяжонланган эдим, ҳозир анча дадиллашдик. «Заковат билимдонлари» ўйинлари туманларда ҳам ташкил этилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кўплаб болалар катта қизиқиш билан қатнашади.

Мазкур ўйинда ғолиб бўлган Қуйи Чирчиқ жамоасига «Дамас» автомашинасининг калитини вилоят ҳокими Даврон Ҳидоятов топширди.

Ёшлар фестивалида нафақат юртдошларимиз, балки чет эллик меҳмонлар ҳам иштирок этди. Тадбир ёпилиш маросими меҳмони бўлган Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ташкилотчиларга ўз миннатдорлигини билдириб, барча ёшларга ўзининг илиқ тилакларини изҳор этди.

Умуман олганда, ёшларнинг бўш вақтини самарали ташкил этиш мақсадида ўтказилган ушбу оммавий тадбир давомида шу каби кўплаб ижтимоий лойиҳалар ҳақидаги хабарлар, фотогалереялар ва телелавҳалар ижтимоий тармоқларда, интернет сайтларида кенг ёритилди. Бу жараёнда маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари, блогерлар фаол қатнашди, деб хабар беради Тошкент вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.