Энг улуғ, энг азиз байрамимиз – мустақиллигимизнинг 30 йиллигига ҳам саноқли кунлар қолди. Гарчи 30 йил кўҳна тарих олдида бир лаҳзадек бўлса-да, халқимиз тақдирида ва тарихимизда туб ўзгаришлар, янгиланишлар, муҳим ислоҳотлар даври сифатида ёрқин из қолдирди. Ўтган йилларда жамиятимизнинг барча йўналишларида муҳим ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, мустақил давлатимизнинг ҳуқуқий пойдеворини яратиш, миллий қонунчилик тизимини шакллантириш ва такомиллаштириш йўлида салмоқли ютуқларни қўлга киритдик.
Бу борадаги ислоҳотлар сўнгги йилларда янада жадаллашди. Миллий қонунчилигимизни замон талабидан келиб чиқиб такомиллаштириш, жамиятда ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонун ва қонуности ҳужжатларда белгиланган вазифаларни ўз вақтида амалга ошириш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилди.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Русланбек ДАВЛЕТОВ билан суҳбатимиз айни йўналишда қилинган ишлар, эришилган натижалар ва истиқболдаги вазифалар хусусида бўлди.
– Мустақиллик ва ҳуқуқ. Бу икки тушунча бир-бирига шу қадар боғлиқки, бирини иккинчисидан айро тасаввур қилиб бўлмайди. Аслида мустақилликнинг ўзи ҳуқуқ демакдир, – деди Р.Давлетов. – Бундан ўттиз йил аввал халқимизга насиб этган ана шундай порлоқ толе ҳар бир юртдошимизнинг ҳаётида янги саҳифаларни очди. Аввало, ўз ҳақ-ҳуқуқимизни англаш, миллий қадриятларимизни тиклаш ва давомийлигини таъминлаш йўлида муҳим ишлар қилинди. Бу жараёнда мустақил Ватанимизнинг ҳуқуқий пойдеворини мустаҳкам барпо этиш доимий эътиборда бўлди. Айниқса, сўнгги йилларда бу йўналишда ишлар тубдан такомиллашмоқда.
Президентимиз яқинда “Янги Ўзбекистон” газетаси бош муҳарририга берган интервьюсида бу хусусда тўхталиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонун устуворлиги, очиқлик ва ошкоралик, сўз эркинлиги, дин ва эътиқод эркинлиги, жамоатчилик назорати, гендер тенглик, хусусий мулк дахлсизлиги, иқтисодий фаолият эркинлиги сингари фундаментал демократик тушунчалар ва ҳаётий кўникмалар ҳозирги вақтда реал воқеликка айланиб бораётгани мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, эркин ва фаровон жамият барпо этишда муҳим омил бўлаётганини алоҳида таъкидлади. Мазкур ғоя ва йўналишлар интервьюда катта ўрин олгани ушбу институтларнинг давлат ва жамият ривожи учун долзарблигидан далолат беради.
Иқтисодий устуворликка йўл очиш керак, албатта. Бунда иқтисодий, мулкий ҳуқуқларнинг устуворлигини, уларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳуқуқий меъёрларга бориб тақалади. Бунда асосий урғу қонунийлик ва қонун устуворлигини таъминлаш, адолатни қарор топтириш орқали аҳолида давлатга нисбатан ишончни кучайтиришга қаратилган.
Бу йўналишдаги муҳим чора-тадбирларни амалга оширишда қонунчилик тизимидаги ислоҳотлар юксак самара бераётир. Зеро, ҳар бир иш ва ҳаракатимиз кутилган самара бериши учун, аввало, унинг ҳуқуқий ва ташкилий асоси мустаҳкам бўлиши лозим. Шу мақсадда сўнгги йилларда қонунчилик ҳужжатларини тизимлаштириш йўналишида эришилган натижалар ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштиришда муҳим омил бўлаётганини алоҳида қайд этиш жоиз. Бу йўналишда хорижий ва маҳаллий экспертлар билан биргаликда мамлакатимиз тарихида илк бор миллий қонунчилик базаси ялпи хатловдан ўтказилди. Эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, ҳаддан ташқари тартибга солиш юкини, бюрократик тўсиқ ва ғовлар ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётида чалкашликларни келтириб чиқараётган 7000 дан ортиқ қонунчилик ҳужжати бекор қилинди. Давлат органларининг фаолиятини тартибга солувчи ҳамда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қонунчилик тармоқлари бўйича қайта кўриб чиқиш орқали норматив-ҳуқуқий база кераксиз ҳужжатлардан “тозаланди”.
– Қонунчилик ҳужжатларининг мукаммал бўлиши учун уларни қабул қилишда жамоатчилик фикрини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга. Бу йўналишда кейинги йилларда қандай ишлар амалга оширилди?
– Қонун қачон мукаммал бўлади, қачонки уни қабул қилишда халқ фикри инобатга олинса, чунки аҳоли қонунлар буюртмачиси ҳисобланади. Сўнгги йилларда қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилишда ана шу тамойил устувор мезон этиб белгиланди. Ҳужжат лойиҳалари ахборот-таҳлилий материаллар билан бирга оммавий муҳокамага чиқарила бошланди. Муҳокама қатнашчилари учун лойиҳаларни коррупияга қарши экспертиза, гендер экспертиза ва лойиҳани қабул қилишнинг мақсадга мувофиқлиги юзасидан баҳолаш (сўровнома) имконияти яратилди. Лойиҳаларни жамоатчилик томонидан муҳокама қилиш жараёнида келиб тушган таклифларни ишлаб чиқувчи ташкилотларга кўриб чиқиш мажбурий қилинди. Шу тартибда бугунги кунга қадар regulation.gov.uz порталида 10 000 га яқин лойиҳа жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилди.
Норма ижодкорлиги бўйича ҳам изчил иш олиб борилди. Бунинг натижасида норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепцияси қабул қилинди. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда “пакет” принципи жорий этилди. Бу принцип янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда уни ижро этишга қаратилган ҳаволаки нормалар, илгари қабул қилинган қонунларга ўзгартириш киритиш, идоравий ҳужжатларга бир хил масаладаги ўзгартириш ва қўшимчалар битта ҳужжат билан амалга оширилишини назарда тутади. Қонун лойиҳаси у билан боғлиқ ҳужжатлар билан биргаликда ишлаб чиқилади.
Янги таҳрирдаги қонун ҳужжати ўрнига янги, тўғридан-тўғри амал қилувчи қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиёти йўлга қўйилди. Техник жиҳатдан тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатларни Адлия вазирлигида мажбурий тартибда ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда ижобий хулоса олингандан сўнг ҳисобга олиниш ва кучга кириш тартиби белгиланди.
Айтиш керакки, сўнгги йилларда норма ижодкорлиги жараёнининг такомиллашиши ва янги ҳуқуқий институтларнинг вужудга келиши натижасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сони ҳам ортди. Жумладан, 2015 йилда 1500 тага яқин ҳужжат лойиҳаси Адлия вазирлиги томонидан ҳуқуқий экспертизадан ўтказилган бўлса, ушбу кўрсаткич 2020 йилда қарийб 2500 тага етди. 2021 йилнинг ўтган даврида эса 1400 тадан ортиқни ташкил этди.
Норма ижодкорлиги жараёнига рақамли технологияларнинг жорий этилиши янада катта имкониятлар яратмоқда. Ҳозирги кунда лойиҳаларни ишлаб чиқиш, уларни манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишиш, жамоатчилик муҳокамасидан ўтказиш ҳамда кўриб чиқиш (қабул қилиш) учун Вазирлар Маҳкамасига киритиш тўлиқ электрон форматга ўтказилди. Project.gov.uz, Regulation.gov.uz, E-qaror.gov.uz электрон тизимлари ишга тушиши натижасида қоғозбозликка чек қўйилди.
– Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялаш, жамиятда очиқлик ва адолатни таъминлашда коррупциянинг олдини олиш устувор вазифага айланмоқда. Вазирлик тизимида бу йўналишда қилинаётган ишлар кутилган натижаларни беряптими?
– Коррупциявий ҳолатларни минимал даражага етказишда ҳар бир давлат органининг қатъий вазифалари бор. Буни яхши англаган Адлия вазирлиги ўз тизимида коррупцияга қарши қатъий позициясини билдириб, жиддий амалий чора-тадбирларни қўллашга киришди. Таъкидлаш жоиз, адлия тизими авваллари ҳам коррупция кўрсаткичи энг юқори давлат органлари сафида турмас эди. Аммо нотариусга иши тушган одам борки, бу иллатдан азоб чекканини рад этиб бўлмайди. Бугунги кунда электрон ҳужжат алмашинуви, “Нотариус” биллинг тизими, видеокузатув ва бармоқ сканерлаш тизими, фаол нотариус модели каби инновацион ёндашувлар сабаб нотариат анча такомиллашди. Натижада хусусий нотариал идораларнинг фаолият юритишига ҳам рухсат берилди.
Адлия вазирлиги тизимида коррупцияга қарши курашишнинг комплеанс назорат тизими жорий этилди. Мақсад — соҳада пора олиш учун мутлақо имкон қолдирмаслик. Шу сабабли дунёнинг етакчи KPMG компанияси билан ҳамкорликда махсус лойиҳа ишга туширилди. Лойиҳанинг асосий мақсади коррупцион хавф-хатарларни комплекс бартараф этиш орқали адлия тизимини коррупциясиз соҳага айлантиришдир.
Бундан ташқари, адлия органлари ва муассасалари маъмурий биноларида жисмоний ва юридик шахслар ёки уларнинг вакилларини қабул қилишда видео ва аудиога ёзиб олишга рухсат берилди. Адлия органлари ва муассасаларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик ҳолатлари ҳақидаги хабарлар дарҳол ва ўз вақтида етказилишини таъминлашга қўшимча имконият яратиш мақсадида телеграм ижтимоий тармоғида “@antikorbot” номли махсус бот яратилди. Максимал даражадаги шаффофликни таъминлаш мақсадида Адлия вазирлигида “Очиқ адлия” дастури қабул қилинди. Дастур фуқаролар билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш имконини кучайтирди. Эътибордан четда қолаётган камчиликлар, қолаверса, ўз вазифасини лозим даражада бажармаётган ходимларни аниқлаш бўйича бевосита жамоатчилик ёрдамига таянилмоқда. Вазирлик биносида хизмат хоналарнинг жойлашиш тартиби ҳам очиқлик ва шаффофлик тамойили асосида қайта кўриб чиқилди. Ходимлар кунлик фаолиятини бемалол кузатиб бўладиган даражада жойлаштирилди. Бу эса назоратни, иш унумдорлигини оширади.
Очиқликнинг энг муҳим жиҳатларидан бири, шубҳасиз, молиявий маълумотлардир. Маблағларнинг сарфи, қаердан келиб қаерга кетаётгани, нима мақсадларда ажратилаётгани, умуман, Адлия вазирлиги ва таркибий бўлинмаларининг молиявий фаолияти билан боғлиқ маълумотлар вазирлик веб-сайтида эълон қилиб борилмоқда. Бунда харажатлар, уларнинг ҳисоботлари, харид қилиш бўйича шартномалар рўйхати билан танишиш мумкин бўлади. Адлия органларининг ҳар йил якуни бўйича аҳолига бажарилган ишлар юзасидан ҳисобот бериш тизими яратилди.
Коррупцияга қарши курашиш ишлари натижасида халқаро “СERT International” ташкилоти томонидан 2020 йил 7 сентябрда Адлия вазирлигининг коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими ISO 37001:2016 халқаро стандартига мувофиқ деб баҳоланиб, вазирлик давлат бошқаруви органлари орасида биринчилардан бўлиб халқаро мувофиқлик сертификатига эга бўлди.
– Ҳаётимизнинг турли соҳаларида ҳуқуқий муносабатларни расмийлаштиришда давлат хизматларига тез-тез эҳтиёж сезамиз. Сўнгги йилларда бу тизимда бюрократик тўсиқларнинг тубдан қисқаргани қандай самара бермоқда?
– Бу хусусда сўз юритиш учун, аввало, Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатилаётган хизмат турлари уч йил давомида қарийб 4 баробар ортиб, 37 тадан 157 тага етганини, шундан 45 таси бепул хизмат эканини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бир кунда ўртача 57 минг аҳолига давлат хизматлари кўрсатилмоқда. Аҳолига енгиллик яратиш мақсадида айрим давлат хизматларини кўрсатиш учун тўловлар бекор қилинди.
Мисол учун, фуқароларнинг номида шахсий турар жой мавжуд ёки мавжуд эмаслиги тўғрисида маълумотнома бериш хизмати учун тўлов базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 20 фоизидан (49 000 сўм) 3 фоизга (7350 сўм) камайтирилди, хизмат кўрсатиш муддати 5 иш кунидан 3 иш кунига қисқартирилди. Шунингдек, судланганлик ҳақида маълумотнома,
манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш хизматлари учун тўлов БҲМнинг 10 фоизидан (24 500 сўмдан) 3 фоизига (7 350 сўмга) камайтирилди. Бунинг натижасида йилига қарийб 7,6 миллиард сўм маблағ аҳолининг ўзида қолиши таъминланади.
Аҳоли ва тадбиркорлардан 18 турдаги маълумот ва ҳужжатлар талаб қилиниши бекор қилинди. Ваколатли давлат органларининг электрон тизимлари “Электрон ҳукумат” платформасига интеграция қилинди. Эндиликда ушбу ҳужжатлар фақат электрон дастур орқали олинади. Бунинг натижасида йилига ўртача 20 миллиард сўм маблағ аҳолининг ўзида қолишига эришилади.
ФҲДЁ архивларида сақланаётган қоғоз шаклидаги 60 миллионга яқин архив маълумоти тўлиқ рақамлаштирилди. Фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан қатъи назар, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш экстерриториал тамойил асосида амалга оширилиши йўлга қўйилди.
– Сир эмас, лицензиялаш ва рухсатномалар бериш бўйича тартиб-таомиллар илгари тадбиркорлик ривожига жиддий тўғаноқ бўларди. Сўнгги йилларда бу соҳада яратилган қулайликлар ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.
– Бу борада охирги йилларда тизимли ҳуқуқий ва ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг “Лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан, лицензияланадиган ва рухсатнома олиш талаб этиладиган фаолият йўналишлари сони сезиларли равишда қисқартирилди. Қарийб 70 та лицензияланадиган фаолият йўналиши ва 34 та рухсатнома бекор қилинди ва муқобил шаклларга ўтказилди. Соҳага илк маротаба хабардор қилиш тартиби алоҳида институт сифатида жорий этилди. Натижада 14 та лицензияланадиган фаолият йўналиши ва 13 турдаги рухсатнома хабардор қилиш механизмига ўтказилди.
Масалан, оилавий мактабгача таълим, ломбард, ветеринария даволаш, алкоголли маҳсулотлар билан чакана савдо қилиш каби фаолиятларни ваколатли органларни хабардор қилиш орқали бошлаш мумкин. Шунингдек, “Лицензия” ахборот тизими ишга туширилиб, жорий йилнинг 1 август ҳолатига хабардор қилиш тартиби бўйича 8 мингдан ортиқ хабарнома қабул қилинди. Тасаввур қилиб кўринг, бир йил олдин тегишли рухсатнома олиш учун 15 кун кутиш шарт бўлса, энди тизим орқали 10 дақиқа ичида тегишли идорани хабардор қилиб, тадбиркорлик фаолиятини бемалол бошлаш мумкин.
Ислоҳотларнинг иккинчи босқичида лицензиялаш ва рухсат бериш соҳасидаги 130 дан ортиқ қонун ҳужжатини тизимлаштириш ва кодификациялаш, давлат хизматлари паспортларини ишлаб чиқиш ҳамда намунавий маъмурий регламентларни жорий қилган ҳолда норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар сонини тубдан қисқартириш режалаштирилган. Жумладан, янги “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонун қабул қилинди. Мазкур қонун билан барча лицензиялар, рухсатномалар ва хабардор қилиш тартибларининг ягона рўйхати тасдиқланди. Бу орқали тадбиркорларга катта қулайлик яратилди.
– Бу жабҳадаги ишларни янада ривожлантириш бўйича қандай режаларингиз бор?
– Режаларимиз бисёр. Жумладан, тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи 5000 га яқин қонунчилик ҳужжатини тизимлаштирувчи Тадбиркорлик кодексини ишлаб чиқиш ниятидамиз. Тадбиркорларга нисбатан маъмурий босимга сабаб бўлаётган ортиқча назорат функцияларни мақбуллаштириш ҳамда текширишларни ўтказиш, маълумотларни йиғиш, қайта ишлаш, таҳлил қилишни тўлиқ электрон равишда амалга ошириш имконини берувчи “Ягона давлат назорати” ахборот тизимини жорий этишни мақсад қилганмиз. Бунинг натижасида тартибга солиш хусусиятига эга ва ҳуқуқни қўллашда турли ёндашувларга сабаб бўлган ҳаддан ташқари кўп қонунчилик ҳужжатлари бекор қилиниб, ягона норматив-ҳуқуқий ҳужжат орқали иш юритилади. Мақсадсиз текширишлар ва назорат тадбирларининг олди олинади.
Яна бир муҳим вазифа адвокатура соҳаси билан боғлиқ. Ўтган давр мобайнида жамиятда адвокатура институти ҳамда адвокатларнинг ролини янада ошириш мақсадида қонунчиликка муҳим нормалар киритилди. Шу билан бирга, амалда адвокатуранинг мустақиллигини таъминлаш, профессионал юридик ёрдам сифатини ва адвокат касбининг нуфузини ошириш борасида бир қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигини ҳаётнинг ўзи кўрсатиб турибди. Шу муаммоларни бартараф қилиш мақсадида адвокатга нисбатан қамоққа олиш, уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ва бошқа санкциялар Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар, Тошкент шаҳри суди томонидан қўлланилиши, шунингдек, адвокат сўровига асосан ҳақ эвазига экспертиза тайинланиши ҳамда адвокатларнинг иш фаолиятида манфаатлар тўқнашувига таъсир қилмаган ҳолда бошқа ҳақ тўланадиган фаолиятлар билан шуғулланиш имкониятини жорий қилиш лозим. Бу ишлар фуқароларга малакали ҳуқуқий хизмат кўрсатиш сифати ва самарадорлигини оширади.
Аҳолига юридик ёрдам кўрсатиш тизимида Британия тажрибаси асосида бепул юридик ёрдам кўрсатувчи “Мадад” ННТ фаолиятини йўлга қўйганмиз. Бу тизим орқали бугунги кунга қадар 300 мингга яқин бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. Келгусида ушбу тизимни янада кенгайтириш орқали аҳолига бепул юридик ёрдам кўрсатиш тизимини кучайтирмоқчимиз.
Мулкий ҳуқуқларнинг ҳимояси ва дахлсизлигини кучайтириш ҳам долзарб аҳамиятга эга. Хусусан, хусусий мулкка ноқонуний аралашган мансабдор шахс жиноий жавобгарликкача жазога тортилиши, ноқонуний ҳаракатлар натижасида мулкий зарар кўрганда мулкдорга етказилган зарар биринчи навбатда давлат томонидан қоплаб берилиши, кейинчалик айбдор шахсдан давлат томонидан ундириб олиниши, мулкка тажовуз қилаётган шахсга зарар етказадиган тажовуз қуроли бўлган ашёни олиб қўйиш, йўқ қилиш ёки унга шикаст етказиш қонунга хилоф қилмиш ҳисобланмаслиги бўйича қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш лозим.
Бундан ташқари, юридик ва жисмоний шахсларнинг мулк ва ер участкаларига бўлган ҳуқуқлари дахлсизлиги таъминлаш юзасидан ҳуқуқий асосларни янада такомилаштириш халқимизнинг давлатимиздан рози бўлиши йўлида яна бир дадил қадам бўлади ҳамда иқтисодий ривожланишга қулай муҳит яратилади.
Июнь ойида вазирлик томонидан “Фермерга мадад” ҳуқуқий акциясига ҳам старт берилди. Биз қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ жараёнларни, фермерни мажлисга жалб қилишдан, ҳосилни сотишгача бўлган даврдаги ҳақиқий ҳолатни ўрганиб улардаги мавжуд бюрократияни, муаммоларни бартараф қилишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқамиз. Ҳозир режада қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган шартномаларни мажбурий равишда қишлоқ хўжалиги бўлимларида рўйхатдан ўтказиш ва шартнома рўйхатдан ўтказилгандан кейин кучга киришни бекор қилиш, мажбурий бўлган намунавий контрактация шартномасидан воз кечиш, қишлоқ хўжалиги соҳасида тузилган барча шартномаларнинг интернет тармоғида онлайн маълумотлар банкини яратиш каби таклифлар мавжуд. Бунда энг асосий эътибор давлатнинг фермер хўжалиги фаолиятига маъмурий аралашувини қисқартириш, фермерларга кўпроқ эркинлик яратишга қаратилган.
Хулоса ўрнида Президентимизнинг юқорида қайд этилган интервьюсида келтириб ўтилган қуйидаги сўзларини ёдга олиш жоиз: “Маълумки, аждодларимиз азалдан “Зулм қилма, инсофли бўл, халқ учун адолат қўрғонини бунёд эт”, деб ёш авлодга йўл-йўриқ кўрсатганлар. Биз ҳам суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ этишда ана шундай содда ва ҳаётий талаблардан келиб чиқдик”.
Дарҳақиқат, халқ учун адолат қўрғонини бунёд этиш бугун мамлакатимизда, жумладан, адлия тизимида кечаётган ислоҳотларнинг бош мақсадига айланган. Ишончимиз комилки, бу йўналишда узоқни кўзлаб амалга оширилаётган хайрли ишлар демократик давлат, эркин фуқаролик жамиятини барпо этиш, халқимизнинг эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришда муҳим дастуриламал бўлади.
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди