У 2 босқичда ўтказилади. Танловнинг 1-босқичи 2024 йилнинг 5 январидан 15 январига қадар давом этади. Унда фильмнинг адабий сценарийси учун синопсислар танлаб олинади. Синопсисда қуйидаги ғоялар юқори бадиий савияда акс эттирилиши лозим:

  • Юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилган ислоҳотлар;
  • Янги Ўзбекистон даврида амалга оширилаётган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар, маънавий, маърифий ва маданий соҳалардаги ижобий ўзгаришлар;
  • маҳалланинг жамиятдаги ўрни ва ролини кучайтириш, халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини бажарувчи тузилма сифатида ташкил қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар;
  • халқимизнинг ўзига хос урф-одатлари, анъаналари, қадриятлари, эзгу фазилатлари, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қиладиган ибратли ҳаётий сабоқлар;
  • “оила – муқаддас”, “кексаларга ҳурмат”, ватанпарварлик, адолат, эзгулик каби қадриятлар.

Танловга тақдим этиладиган синопсислар қуйидаги талабларга мувофиқ бўлиши лозим:

  • фильмнинг асосий қаҳрамонлари, уларнинг ўзига хос характери, асосий сюжет линияси, воқеалар, авж нуқтаси ва ечими акс этган бўлиши;
  • ўзбек тилида, адабий тил ва имло қоидаларига риоя қилинган ҳолда А4 форматда, 14 шрифтда, 1,5 интервалда ёзилган бўлиб, ҳажми 3-5 саҳифадан иборат бўлиши керак.

Танловнинг 2-босқичи 2024 йилнинг 16 январидан 30 январига қадар давом этади. Унда 1-босқичда танлаб олинган синопсислар асосида кинолойиҳалар танлаб олинади. Кинолойиҳада қуйидаги маълумотлар акс этиши лозим:

  • фильмнинг ишчи номи, формати ва умумий ҳажми;
  • жанри, аудиторияси;
  • тахминий харажатлар сметаси;
  • тақдимот (ижодий гуруҳ, актёрлар, локациялар ва бошқа маълумотлар).

Синопсислар ва кинолойиҳалар белгиланган муддатларда танлов иштирокчисининг аризаси, исми-шарифи ва у ҳақида қисқача маълумотни бириктирган ҳолда “Танлов комиссиясига” деб қайд этилган конвертда Кинематография агентлигига тақдим этилиши лозим.

Танловга тақдим этилган синопсислар ва кинолойиҳалар тақриз қилинмайди ва муаллифларга қайтарилмайди.