Давлатимиз раҳбари маросимда нутқ сўзлаб, барча муҳтарама онахонлар, қадрли опа-сингилларни самимий табриклади.
– Инсон ҳаётини, жамият тараққиётини хотин-қизларсиз, уларнинг эзгу фазилатларисиз тасаввур этиб бўлмайди.
Биз сизларнинг тимсолингизда Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлиб майдонга чиқаётган 22 миллионлик ёш авлодни оналик меҳри билан тарбиялаб, вояга етказган буюк бир кучни кўрамиз.
Сизлар тадбиркор, олим, муаллим, шифокор, муҳандис, давлат ва жамоат арбоби, бир сўз билан хонадонларимиз фариштаси, оила ва жамият таянчи, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз, – деди Президентимиз.
Мамлакатимизда сўнгги йилларда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги ролини ошириш бўйича мутлақо янги тизим шакллантирилгани таъкидланди. Қабул қилинаётган қонун ва қарорларда гендер тенглиги масалаларига алоҳида эътибор қаратилиб, хотин-қизлар манфаатларига таъсири баҳоланмасдан туриб, ҳеч бир қонун қабул қилинмаслиги белгиланган.
Мазкур сиёсат натижасида фаол тадбиркор аёллар қатлами шаклланиб, бугунги кунда уларнинг сони 230 минг нафарга яқинлашди. Қишлоқ хўжалигида 12 минг нафардан ортиқ фермер аёллар меҳнат қилмоқда, илм-фан соҳасида эса 6 мингдан зиёд олималар фаолият юритмоқда.
Қизларимиз халқаро спорт мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилмоқда. Хусусан, ўтган йилда улар жаҳон ареналарида 167 та олтин, 193 та кумуш ва 243 та бронза медалини қўлга киритди.
Хотин-қизларимиз ҳаётидаги бундай ижобий ўзгаришлар халқаро майдонда ҳам эътироф этилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Парламентлараро иттифоқнинг “Парламентдаги аёллар” рейтингида 92 поғона юқорилаб, 36-ўринни эгаллади. “Гендер тенглик ва бошқарув” индексида мамлакатимиз 103-ўриндан 52-ўринга кўтарилди. Жаҳон банкининг “Аёллар, бизнес ва қонун” индексида эса 43 поғонага яхшиланиб, 48-ўринни эгаллади.
Давлатимиз раҳбари турли соҳалардаги меҳнати, истеъдоди ва ақл-заковати билан Янги Ўзбекистонни барпо этишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган аёлларимизга, халқаро майдонларда Ватанимизни дунёга тараннум этаётган қизларимизга, уларнинг ота-оналари, устоз ва мураббийларига самимий миннатдорчилик билдирди.
Хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларни тадбиркорликка жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Ўтган йили бу мақсадлар учун 23,5 триллион сўм кредит ажратилиб, бунинг натижасида 425 мингдан ортиқ аёллар тадбиркор бўлди.
Бу йил ҳам хотин-қизларнинг иқтисодий фаоллигини ошириш бўйича кенг кўламли дастурлар амалга оширилади. Хусусан, 166 минг хотин-қизлар замонавий касб ва тадбиркорликка, яна 100 минг нафари ахборот технологиялари соҳасига ўқитилади.
Шунингдек, “Даромадли аёл” дастури йўлга қўйилиб, касаначилик, ҳунармандчилик, паррандачилик, асаларичилик ва томорқачилик каби йўналишларда 50 минг аёлнинг бандлиги таъминланади. “Ҳамроҳ” дастури доирасида хотин-қизларнинг 3 мингта бизнес лойиҳасига 1 триллион сўм ажратилиши белгиланган.
Умуман, жорий йилда 1,5 миллион хотин-қизни даромадли қилиш, шундан 400 минг нафарини тадбиркорликка жалб этиш мақсад қилинган. Бу ишлар учун 25 триллион сўмдан зиёд ресурс йўналтирилади.
Президентимиз мамлакатимизда қизларнинг таълим олиши учун яратилаётган имкониятларга ҳам тўхталиб ўтди. Бугун олийгоҳларда таҳсил олаётган қизлар сони 904 минг нафардан ошиб, жами талабаларнинг 54 фоизини ташкил этмоқда. Стажёр-тадқиқотчилар ва докторантурада таҳсил олаётганларнинг ҳам 61 фоизини хотин-қизлар ташкил этаётгани алоҳида таъкидланди.
Янги ўқув йилидан бошлаб эҳтиёжманд оилалардаги қизлар учун давлат гранти квотаси икки баробарга оширилиб, 4 мингтага етказилади. Шунингдек, дунёдаги етакчи олийгоҳлар билан қўшма таълим асосида магистратурада таҳсил олаётган талаба-қизларнинг контракт тўловлари ҳам давлат томонидан қоплаб берилади.
Ёш хотин-қизларнинг инновацион ғояларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили камида 10 та йўналиш бўйича стартап танловлари ўтказилиб, ҳар бир ғолибга Инновация жамғармасидан 500 миллион сўмгача грант ажратилади.
Тадбирда аёллар ва болаларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка қарши курашиш давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бири экани таъкидланди.
Яқинда хотин-қизлар ва болаларни ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилишга қаратилган янги Президент фармони имзоланди. Эндиликда хотин-қизлар ва болаларга нисбатан ҳар қандай зўравонлик, тазйиқ ҳолатларига қарши қатъий тизим асосида кураш олиб борилади.
Шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида жазо ўтаётган аёлларни жамиятга қайта интеграция қилиш мақсадида “Янги ҳаёт” дастури амалга оширилиши белгиланди. Унга кўра, маҳкумалар 3-6 ойлик касбга ўқитиш дастурлари орқали ҳунар эгаллайди, олий таълим муассасаларига кириш ва масофавий таълим олиш имкониятига эга бўлади.
– Биз ўз олдимизга, аввало, инсон бахти, инсон қадри учун хизмат қиладиган улкан мақсадлар қўйганмиз. Чунки инсон бахти оиладан бошланади, оила эса аёл билан мустаҳкам. Ҳеч шубҳасиз, бу борада қизларимизнинг маънавий тарбияси ҳал қилувчи ўрин тутади, – деди давлатимиз раҳбари.
Дунёдаги вазият таҳликали бўлиб бораётган бир пайтда юртимиздаги тинчлик ва осойишталик улуғ неъмат эканини янада чуқур ҳис этмоқдамиз. Дуогўй бувижонлар, мўътабар онахонлар оилаларда бу неъматнинг қадрига етиш, уни асраб-авайлаш ва фарзандлар, набираларга шукроналик туйғусини сингдиришда намуна бўлишларига ишонч билдирилди.
Тадбирда мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бир гуруҳ аёлларга давлатимизнинг юксак унвон, орден ва медаллари, шунингдек, илм-фан, таълим, маданият ва жамоат ишларида фаол бўлган 28 нафар иқтидорли қизга Зулфия номидаги давлат мукофоти тантанали тарзда топширилди.
– Янги Ўзбекистонни аёллари ҳаётдан рози бўлиб, бахтли-саодатли яшайдиган мамлакатга айлантириш – менинг энг катта ниятим. Ишончим комил, сиздек фидойи, шижоатли, меҳнаткаш аёлларимиз, бутун халқимиз билан бирга эзгу мақсадларимизга, албатта, эришамиз! – деди давлатимиз раҳбари.