Ассалому алайкум, азиз фарзандларим, жигарбандларим! Жонажон ватанимиз — янги Ўзбекистон бағрида вояга етаётган қадрли битирувчилар!

Мана, бугун сиз учун ҳам, биз — устозрлар учун ҳам ғоят, ҳаяжонли, айни дамда ниҳоятда қувончли кун — “Сўнгги қўнғироқ” жарангламоқда.

Мен каби фахрий устоз учун ҳар гал бу тантанали садоларни эшитиш кўнглимни чексиз ифтихор ва шукроналик туйғуларига тўлдиради. Сизларнинг ёшлик шижоати билан ёниб турган кўзларингизга, келажакка бўлган катта умид ва ишонч билан тўла чеҳраларингизга боқиб, беихтиёр ўзимнинг ёшлик йилларимни, илк педагогик фаолиятимни бошлаган дамларимни эслайман…

1949 йил 1 сентябрда туман марказидаги 1-ўрта мактабга биринчи синфга чиққан эдим. Бир ойгача мактабга яланг­оёқ борганман. Бобом раҳматли ҳар куни дўконга қатнайди, лекин болалар калиши йўқ. Бир куни мактабдан қайтаётсам, бобом шундай хурсанд, “Қизим, мана, ниҳоят дўконимизга келибди”, деб қўйнидан янги калиш чиқариб берган эди. Ўша пайтдаги хурсандлигимни ўзингиз тасаввур қилаверинг.

Бугун сизларнинг камолингизни кўриб, қалбим тоғдай юксалади, чексиз фахр туяман. Бу қўнғироқ садоси шунчаки бир ўқув мавсумининг якуни эмас, балки сиз учун янги, янада масъулиятли, мустақил ҳаёт йўлининг бошланишидир. Бу йўл сизни янги марралар, янги зафарлар сари етакласин!

Ёдингизда тутинг, сизлар озод ва обод, янги Ўзбекистонимизнинг бахтиёр авлодисиз. Қаранг, бугун юртимиз қандай кенг имкониятлар масканига айланиб бораётир. Таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, замон талабларига мослаштирилмоқда. Янгидан янги, замонавий жиҳозланган мактаблар, ижод мактаблари, Президент мактаблари, ихтисослаштирилган таълим муассасалари, техникумлар, олий ўқув юртлари барпо этилаётгани, уларда сизнинг пухта билим олишингиз, ўз иқтидорингизни тўла намоён этишингиз учун барча шарт-шароитлар яратилаётгани бунинг яққол далилидир. Қишлоқ жойларда ҳам шаҳардагидек имкониятлар яратилаётгани, айниқса, қувонарли. Бу имкониятлардан тўғри ва унумли фойдаланиш, берилаётган билимларни чуқур эгаллаб, келажакда ватанимиз равнақига, халқимиз фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш сизнинг энг асосий ва шарафли бурчингиздир.

Мен умрим давомида неча-неча авлод шогирдларга сабоқ бердим, уларнинг биринчи қадамларидан тортиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетгунича гувоҳ бўлдим. Уларнинг ютуқлари халқимизга, ватанимизга наф келтираётганидан чексиз фахрландим, ҳар бирининг ютуғини ўзимнинг ютуғимдай қабул қилдим. Ишонаманки, сизлар ҳам биз, устозларнинг, ота-оналарингизнинг ишончини оқлайсизлар, билим, одоб-ахлоқ, меҳнатсеварлигингиз билан барчага ўрнак бўласизлар.

Ахир ёшлар — юрт таянчи, миллатнинг умид чироғи. Сизларнинг теран билимларингиз, битмас-туганмас ғайрат — шижоатингиз, ватанпарварлик туйғуларингиз билан янги Ўзбекистонимиз янада кучли ва қудратли давлатга айланади, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўринни эгаллайди.

Азизларим! Ватанпарварлик ҳақида кўп гапирилади. Аммо бу туйғу қуруқ сўзларда эмас, амалий ишларда намоён бўлиши керак. Ватанпарварлик — бу, аввало, ўз она ватанингни жону дилдан севиш, унинг бой тарихи, бетакрор маданиятини, улуғ аждодларимиз меросини чуқур билиш ва қадрлаш демакдир. Бу Хоразмий, Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Нажмиддин Кубро, Амир Темур, Жалолиддин Мангуберди, Мирзо Улуғбек, Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур каби буюк сиймоларимиз билан фахрланиш, уларга муносиб авлод бўлишга интилишдир.

Ватанпарварлик ўз юртингнинг ҳар бир қарич ерини кўз қорачиғидай асраш, табиатига озор бермаслик, бойликларини кўпайтиришга ҳисса қўшишдир. Сиз қайси соҳани танламанг, қайси касбни эгалламанг, ўз ишингизни ҳалол, виждонан, юксак маҳорат билан бажарсангиз, мана шу ҳақиқий ватанпарварлик бўлади.

Ҳаёт йўлларингизда доим шукроналик ҳисси билан яшашни одат қилинг. Шукроналик ҳалол меҳнатингиз, доимо олға интилишингиз, теварак-атрофга ақлу идрок, фаҳм-фаросат ила муносабатингиз, яхшиликлар сари дадил ҳаракатингиз туфайли сизга насиб этадиган энг ажойиб фазилатдир. Шукроналик қанчадан қанча қи­йинчиликларни мардонавор енгиб ўтиш, доимо ҳалол ва покиза бўлиш, сизга яхшиликни раво кўрган инсонларни умр бўйи қадрлаш, атрофингиздагиларга доимо самимий муносабатда бўлиш зарур эканини асло эсдан чиқармаслигингиз каби туйғуларни ҳадя этади.

Ҳамиша юртимиздаги тинчлик-осо­йишталик, миллатлараро тотувлик каби бебаҳо неъматларнинг қадрига етинг. Булар ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, Бунинг ­замирида давлатимизнинг оқилона сиёсати, халқимизнинг бирдамлиги ётибди.

Бугунги кунда дунёнинг айрим минтақаларида юз бераётган нотинчликлар, зиддиятлар ҳақида эшитганимизда, ўқиганимизда, юртимиздаги тинч ва осуда ҳаёт нақадар катта бахт эканини янада теранроқ англаймиз. Тинч юртда илм олиш ҳам, меҳнат қилиш ҳам, орзу-ниятларга эришиш ҳам завқли бўлади. Тинчлик бор жойда бунёдкорлик, яратувчилик кайфияти ҳукм суради, фарзандлар беғубор кулади, оналар хотиржам ётади. Турли ёт ғоялар, бузғунчи оқимлар таъсирига берилманг. Миллий ўзлигимизни, анъана ва урф-одатларимизни асранг. Ахир куч бирдамликда, аҳилликда, дейди доно халқимиз.

Мактаб партасида сизга берилган билимлар келажакдаги муваффақиятларингиз учун мустаҳкам пойдевордир. Аммо унутмангки, бугунги шиддат билан ўзгараётган дунёда биргина мактаб билимлари билан чекланиб қолиш мумкин эмас.

Бугунги кунда жаҳон миқёсида рақобат ниҳоятда кучли, фақатгина чуқур билим, юксак интеллектуал салоҳият ва кучли иродага эга инсонларгина ҳаётда муносиб ўрнини топади, жамият ривожига улкан ҳисса қўша олади. Янги Ўзбекистонимизга айнан сиз каби билимдон, зукко, ташаббускор, дунёқараши кенг ва фидойи ёшлар сув ва ҳаводек зарур.

Катта ҳаётга қадам қўяр экансиз, аввало, инсоний фазилатларни ўзингизда мужассам этинг. Ҳалоллик, поклик, ростгўйлик, адолатпарварлик, камтарлик, меҳр-шафқат каби эзгу ҳислар доимо ҳамроҳингиз бўлсин. Одамларга яхшилик қилишдан, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзишдан ҳеч қачон чарчаманг.

Сизларга, азиз фарзандларимга чин юракдан оқ йўл тилайман! Олдингизда турган катта ва масъулиятли ҳаёт йўлларингиз доимо нурафшон ва баракали бўлсин. Қайси соҳани танласангиз ҳам ўша соҳанинг етук мутахассиси бўлиб етишинг. Катта умид билан мустақил ҳаёт остонасида турган ҳар бирингизга мус­таҳкам соғлиқ, бахт-саодат, битмас-туганмас куч-ғайрат ва келгуси ўқишларингиз ҳамда иш фаолиятингизда улкан муваффақиятлар, зафарлар тилаб қоламан. Йўлингиз очиқ, осмонимиз мусаффо, келажагингиз порлоқ бўлсин!

Анора МАҲМУДОВА,

Ўзбекистон Қаҳрамони