Мамлакатимизда янгиланган фуқаролик жамияти ва ҳуқуқий давлат қуриш, Янги Ўзбекистон ёшлари учун шарт-шароитлар яратиш асосий стратегик пировард мақсад сифатида эълон қилинди.

Кейинги йиллардаги ўзгаришлардан кўриниб турибдики, янги жамият қуриш ислоҳотлари тобора чуқурлашиб бормоқда. Жараён ривожланган давлат ва фуқаролик жамияти қурилишининг барча йўналишларини қамраб олмоқда. Ушбу масалалар ҳар томонлама ва чуқур таҳлил қилинган Ҳаракатлар стратегияси мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий ҳаёти билан боғлиқ стратегик мақсад ва вазифаларни белгилаб, ислоҳотларнинг янги даврини бошлаб бергани билан ниҳоятда муҳим тарихий аҳамиятга эга.

Ушбу стратегиянинг мазмун-моҳияти ва асосий йўналишларидан бири ёшларни таълим-тарбия олиши, касб-ҳунар эгаллашига ҳар томонлама кўмаклашишга қаратилган. Бу ёшларни қўллаб-қувватлашга эътибор кучайиб бораётганидан далолат беради.

Мамлакатимизда ёшлар таълим-тарбияси, хуқуқ ва манфаатларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Хусусан, ёшларнинг билим ва иқтидорини ошириш мақсадида янгича шакл ва мазмундаги таълим тизими яратилган.

Юртимиздаги барча ислоҳотлар қатори бугунги кунда таълим тизимини модернизациялаш, янги инновацион ғоялар, янгиликлар билан кенгайтириш таълим тизимини таркибий жиҳатдан қайта қуриш, фан-техника ва технологиянинг иқтисодиёт ва маданиятнинг жаҳон миқёсидаги замонавий ютуқларини ҳисобга олган ҳолда таълим дастурларини ўзгартириб, янгилаб боришни кўзда тутади.

Узлуксиз таълимнинг пойдевори ҳисобланган умумий ўрта таълимни ривожлантириш, жамият ва шахс эҳтиёжларини тўлақонли қондириш ҳамда таълим жараёни иштирокчиларига зарурий ва етарли шароитларни яратиш мазкур соҳанинг раҳбар ва педагог ходимларига ўзига хос талабларини белгилаб беради.

Бугунги кунда жаҳондаги нуфузли олий таълим муассасалари илм-фаннинг йирик манбаи ҳисобланиши ҳеч кимга сир эмас. Ўзбекистонда янгидан-янги олий ўқув юртлари, дунёдаги етакчи университетларнинг филиаллари ташкил этилмоқда. Давлат-хусусий шериклик тизими асосида нодавлат олий таълим муассасалари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Аҳоли фикрини ўрганган ҳолда, сиртқи ва кечки таълим шакллари қайта тикланиши, қабул квоталари оширилиши ёшларга берилаётган имтиёзларнинг яна бир кўринишидир.

Янги Ўзбекистонни барпо этишда халқимиз ёшларнинг шижоати, билими, қобилияти ва илмий қарашларига таянади. Ишонамизки, Янги Ўзбекистон ёшлари, албатта, ёшликка хос шижоат, жўшқинлик, мардлик ва сабр тоқат билан эзгу орзу-интилишларини амалий ҳаракатга айлантиради.

Абдуқаҳҳор ҒАНИЕВ,

Қарши давлат университетининг

педагогика институти директори,

физика-математика фанлари номзоди, доцент