Форум “Гуманитар ҳамкорлик: ўттиз йиллик тажриба ва ривожланиш истиқболлари” мавзуига бағишланиб, бир қанча долзарб йўналишлар бўйича маърузалар қилинмоқда, фикр-мулоҳазалар, таклифлар билдирилмоқда. Бундай мулоқотлар, албатта, керак. Чунки бир-биримиз билан юзма-юз учрашамиз, ўзаро тажриба алмашиб, истиқбол режаларини белгилаб оламиз.
Мен шу ўринда Ўзбекистон ва Қозоғистон раҳбарлари саъй-ҳаракати билан сўнгги йилларда ўзбек ва қозоқ халқлари ўртасидаги дўстлик ҳамда қардошлик муносабатлари яхши қўшничилик ва стратегик ҳамкорлик асосида янги босқичга кўтарилиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Бизни умумий тарих, маданий қадриятлар, анъана ва урф-одатлар бирлаштириб туради. Халқларимизнинг Абу Райҳон Беруний, Абу Наср Форобий, Хўжа Аҳмад Яссавий, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий, Абай Қўнонбоев каби улуғ намояндалари ва бошқа кўплаб атоқли олимлар, мутафаккир ва шоирлар мероси умумий бойлигимиздир.
2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили деб эълон қилинган эди. Ушбу сана доирасида маданият, санъат, адабиёт, илм-фан, туризм ва бошқа соҳаларда 100 дан зиёд тадбир ўтказилди. Театр ва фольклор жамоалари, эстрада хонандаларининг ижодий сафарлари уюштирилди. Қатор шаҳарларимизда ўзбек адабиёти, киноси кунлари ташкил этилди.
2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йили муваффақиятли ўтказилди. Унинг доирасидаги тадбирлар санъат, фан, таълим ва тадбиркорлик соҳалари вакилларига ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйиш, билим ва тажриба алмашиш учун янги уфқлар очди. Қардош халқларимиз маданий алоқаларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Мамнуният билан қайд этиш жоизки, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш борасида ибратли ишлар амалга оширилмоқда. Тошкентнинг марказий кўчаларидан бири Абай номида экани, Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси биноси олдида буюк шоирнинг муҳташам ҳайкали қад ростлаб турганини яхши биламиз. Айни пайтда Қозоғистонда улуғ мутафаккир Алишер Навоий меросини ўрганишга қизиқиш ва эътибор юқори.
Яқинда Қозоғистонда ташкил этилган Ўзбекистон маданияти кунлари ўзаро дўстона муносабатларимиз барқарор эканини яна бир карра тасдиқлади.
Мен ТУРКСОЙ Бош котиби сифатида фаолият кўрсатган давримда Ўзбекистон ушбу тузилма доирасидаги қатор тадбирларда фаол иштирок этганини алоҳида мамнуният билан ёдга оламан. Бугун ҳам бу анъана изчил давом этмоқда. ТУРКСОЙнинг мақсади ўзига хос қадриятлар, маданий меросни кенг тарғиб қилиш орқали халқлар ўртасидаги биродарлик ва дўстликни мустаҳкамлашдан иборат. Бу борада мамлакатингиз ўз санъати ва маданияти билан туркий дунёда алоҳида ўрин тутади.
Мухтасар айтганда, янги Ўзбекистоннинг жадал тараққий этиб бораётганини ҳар қанча эътироф этсак арзийди. Ниятимиз, ўзбек ва қозоқ халқларининг дўстлиги, аҳиллиги абадий бўлсин!
Дюсен Касеинов,
Қозоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби