Конференция Олий Мажлис Сенати, Ёшлар ишлари агентлиги, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури, Жаҳон банки ҳамда Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳамкорлигида ташкил этилди.

Унда асосий маърузачилар сифатида таниқли олимлар, давлат ва хусусий сектор, халқаро агентликлар, идоралар ва таҳлил марказлари вакиллари, жумладан, Барқарор ривожланиш мақсадларини ҳал қилиш халқаро ассоциацияси (SDSN) президенти професор Жеффри Д.Сакс, Олий Мажлис Сенати Раисининг биринчи ўринбосари доктор Содиқ Сафоев, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёти дастурининг Ўзбекистондаги доимий вакили Матильда Димовска, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Аделаида университети профессори Ричард Помфрет (Австралия), Дьюк университети профессори Чарлс Бекер (АҚШ) иштирок этиши кўзда тутилган.

Конференция Ўзбекистонда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишда ислоҳотларнинг аҳамиятини муҳокама қилиш, билим ва тажриба, илмий тадқиқотлар ва ривожланиш стратегиялари натижаларини алмашиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик учун йўл хариталарини белгилаб олиш мақсадида ўтказилмоқда.

Шунингдек, изчил, кенг қамровли ва барқарор иқтисодий ўсишга кўмаклашиш, барчани тўлиқ ва сермаҳсул иш билан таъминлаш, уй-жойга эга бўлиш ва «яшил иқтисодиёт»ни кенг жорий этиш, экологик барқарорликни мустаҳкамлаш ва одамларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш билан боғлиқ бошқа муҳим масалаларга йўналтирилган.

Конференциянинг иккинчи қисмида ёшлар вакиллари «Ёшлар сўзлари билан айтганда миллий Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш: ижтимоий ва инновацион лойиҳалар» мавзусида ўз тақдимотлари билан иштирок этади.

Конференция орқали Барқарор ривожланиш мақсадларига эришиш жараёнида халқаро илғор тажрибалар кўриб чиқилиб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг мазкур мақсадлар билан боғлиқлиги ўрганилади. Шунингдек, бу борада Ўзбекистонда амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга халқаро экспертларнинг баҳоси ва фикри олинади.

Шу билан бирга, халқаро илмий ҳамжамият томонидан олиб борилаётган илмий-тадқиқотлар, хусусан, Марказий Осиё/ Ўзбекистон бўйича илмий-тадқиқот ишлари, миллий Барқарор ривожланиш мақсадлари (БРМ)га эришиш ва мониторинг қилишда ёшлар иштирокининг аҳамиятига эътибор қаратилади, деб хабар беради Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.