Бугун ёшлар таълими учун кенг имкониятлар яратилаётгани боис, илгари тушимизга ҳам кирмаган мана шундай имтиёзларга эга бўлаётир. Мамлакатимиз раҳбарининг табригида таъкидланганидек, ёшлар — янги Ўзбекистоннинг олтин фонди, бебаҳо хазинасидир. Битирувчи синф раҳбари сифатида “Сўнгги қўнғироқ” садолари қалбимга ҳаяжон солди. Фарзандларимдек бўлиб қолган ва етуклик шаҳодатномасини олиш бўсағасидаги йигит-­қизлар билан хайрлашиш, уларга оқ йўл тилаш осон эмас, албатта.

Барчаси ота­-онасининг, устозлари ва мактабимиз жамоасининг ишончини оқлаб, юзимизни ёруғ қилишига, ютуқлари билан доим қувонтириб юришига умидимиз катта. Бугун фарзандларимиз таълим-­тарбиясига қаратилаётган эътибор ҳақида сўз юритарканмиз, биз, педагоглар ҳам ғамхўрликдан баҳраманд бўлаётганимизни айтиш жоиз. Шахсан ўзим 1991 йилдан буён таълим соҳасида ишлайман. Қаранг, педагоглик фаолиятимга 32 йил тўлибди.

Шу давр мобайнида камтарона меҳнатларим муносиб қадрланиб, “Меҳнат шуҳрати” ордени, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими” фахрий унвони билан тақдирландим. Бу давлат мукофотлари менга улкан масъулият ва ғайрат­ шижоат бағишлади. Айни пайтда мамлакатимизда табиий ва аниқ фанларни чуқурлаштириб ўқитишга алоҳида аҳамият қаратилмоқда. Чунки кўплаб соҳаларнинг тараққиёти айнан шу фанлар доирасида олинадиган билимга ҳамда уни қўллашга боғлиқ.

Шу маънода, мактабда география ва биология фанларига асосланган “Ёш табиатшунос” тўгарагини ташкил этганмиз. Унда 25 нафар ўқувчининг мунтазам шуғулланиши учун зарур шароит яратилган. Имкониятдан унумли фойдаланган аксарият ўқувчиларимиз фан олимпиадасининг турли босқичларида ғолибликка эришмоқда. Жумладан, ўн нафари беллашувнинг республика босқичида фахрли ўринларни эгаллаб, олий таълим муассасасига имтиҳонсиз қабул қилинадиган йигит­-қизлар қаторидан жой олган.

Соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, ўқитувчи ва мураббийларнинг жамиятдаги обрў­-эътиборини ошириш бўйича кўплаб чора-­тадбирлар жорий этилаётганига гувоҳмиз ва бундан мамнунмиз. Зотан, мана шу йўл билан ўқитиш сифатини ошириш сари жадал илдамлаш мумкин. Янги Ўзбекистонни равнақ топтириш учун танланган йўл, шубҳасиз, мукаммал таълим-­тарбия ва педагог маҳоратини талаб этади.