Эндиликда фуқаролар BAHO.GOV.UZ сайтида давлат хизматига баҳо бериши мумкин бўлади.

Акселератор барча ресурсларни мустаҳкамлаш, зарур сиёсат ва қоидаларни ишлаб чиқиш орқали 100 кун ичида стратегик мақсадларни амалга оширишда асосий муаммоларни тезкорлик билан ҳал қилиш учун ишчи гуруҳ тузди. Гуруҳга Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Ахборот технологиялари ва коммуникациялари, Адлия, Ички ишлар, Халқ таълими, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, “Электрон ҳукумат лойиҳаларини бошқариш маркази” давлат муассасаси, UZINFOCOM, “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ вакиллари киритилди.

Дастлабки босқичда Акселератор гуруҳи бугунги кунда Ўзбекистонда фуқароларнинг бевосита фуқаролар билан ишлайдиган вазирликлар ва идоралар томонидан кўрсатиладиган давлат хизматларидан қониқиш даражасини баҳолашнинг ўзига хос механизми йўқлигини аниқлади. Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси фармойишига мувофиқ Акселератор олдига фуқароларнинг давлат органлари томонидан кўрсатиладиган хизматлардан қониқиш даражасини ўлчаш тизимини яратиш вазифаси қўйилди.

Халқаро тажриба

Топшириқни ўз вақтида ва сифатли бажариш учун фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини аниқлаш бўйича хорижий давлатлар – Канада, Россия, Қозоғистон, БАА тажрибалари ўрганилди.

Канада фуқароларга хизмат кўрсатиш институти (Institute for Citizen-Centered Services) сўровномаларларга асосланган ҳолда (Common Measurements Tool) даврий равишда фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини ўлчаб, хизматлар сифатини баҳолаб боради.

Россия Федерацияси – давлат хизматидан фойдаланган фуқаролар унинг сифатини СМС-хабарлар юбориш, телефон орқали сўровга жавоб бериш, кўп функцияли марказларда ва интернет сайтларида электрон терминаллар орқали баҳо бериш ва vashkontrol.ru сайтида давлат хизматларини олишда ўзига ёққан ёки ёқмаган жиҳатлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини қолдириш имкониятига эга.

Қозоғистон – фуқароларнинг давлат хизматларидан қониқиш даражасини жамоатчилик мониторинги ва ижтимоий сўровномалар орқали ўрганиб борилиши йўлга қўйилган.

Бирлашган Араб Амирликлари – фуқароларни давлат хизматларидан мамнунлигини аниқлаш бўйича Happiness Meter интернет портали ишга туширилган бўлиб, мазкур тизим мамлакат бўйича фуқаролар кўплаб жамланадиган жойларда планшетлар жойлаштирилиши ва уларга ўз фикрларини тегишли смайликни белгилаш орқали уларнинг қониқиш даражасини ўлчаб бориш имконини яратади. Мазкур тизимга мувофиқ барча фуқаролар давлат хизматларини эмотиконлар (аъло, қониқарли ва ёмон) воситаси ёрдамида баҳолаши мумкин. Йил якуни бўйича энг яхши ва энг самарасиз ишлайдиган 3 та вазирлик ва идора аниқланади.

Натижа

Ўрганилган хорижий тажрибадан келиб чиқиб, Акселератор гуруҳи томонидан давлат хизматларидан фуқароларнинг қониқиш даражасини ўлчайдиган – BAHO.GOV.UZ портали концепцияси ишлаб чиқилди ва ишга туширилди.

Фуқаролар 5 та мезон бўйича махсус QR-код ёрдамида ушбу портал орқали давлат хизматлари тўғрисида (1-5 гача тизимда) ўз фикр-мулоҳазаларини қолдириши мумкин:

  • мурожаатни кўришда муддатларга амал қилиш;
  • хизмат кўрсатиш малакаси;
  • одоб қоидаларига риоя қилиш;
  • адолатли ёндашув;
  • мурожаат қилиш учун шароитлар мавжудлиги.

BAHO.GOV.UZ порталига бугунги кунда Тошкент шаҳридаги жами 223 та муассаса уланиши таъминланди ва уларга махсус QR-кодлар ўрнатилди.  

44 та ИИВ тизимидаги муассасалар (паспортни ID картага алмаштириш, хорижга чиқиш паспортини расмийлаштириш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш, автотранспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш, автотранспорт воситасига давлат рақами олиш марказлари), 167 та ССВ тизимидаги муассасалар (республика даражасида илмий-амалий тиббиёт марказлари оилавий поликлиника ҳамда касалхоналар), 12 та “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг филиаллари (электр таъминот корхоналари) шулар жумласидан.

6 октябрь санасига кўра, BAHO.GOV.UZ платформасидаги барча баҳолашлар сони 1490 тани, шундан ижобий баҳолар 1229 тани, ўртача баҳо 4,3 тани, салбий баҳолар эса 261 тани ташкил қилди.

Марказ экспертлари фуқаролар томонидан қўйилган салбий баҳолар тегишли давлат органлари раҳбарларига мавжуд ҳолатни чуқур кўриб чиқиб, таҳлил қилиш ва тегишли чоралар кўриш учун жиддий сигнал, деб ҳисоблашади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, фуқаролар берган баҳо баҳоланаётган давлат органининг умумий рейтингига таъсир қилади. Давлат идорасига берилган баҳолар қанчалик кўп бўлса, уни баҳолаш натижалари шунчалик объектив бўлади. Фойдаланувчилар томонидан берилаётган баҳолар платформада онлайн тарзда акс этиб боради.

– Исталган шахс маълум бир давлат органи рейтингини кузатиши мумкин. Бу эса мазкур платформа учун жамоатчилик назоратининг самарали воситаси бўлиб шаклланишига хизмат қилади. Рейтингнинг пасайиши - баҳоланётган давлат идораси ходимлари ва раҳбарияти учун салбий огоҳлантириш бўлиб ҳисобланади. Ўз навбатида, рейтинги пасаётган давлат идоралари мазкур идорадаги мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун тегишли чораларни кўриши керак бўлади, – дейди Акселератор гуруҳи раҳбари Муҳаммаджон Бобожонов.