Судлар фаолиятини тартибга солиш, уни янги босқичга кўтариш ҳуқуқий давлат қуриш йўлидаги асосий вазифалардан бири. Шу боис сўнгги йилларда судлар фаолиятини қайта кўриб чиқиш, унинг давлат номидан якуний қарор қабул қилиш, низоларни ҳал этиш самарадорлигини ошириш масаласида бир қанча қонуний ҳужжатлар қабул қилинди. 2020 йилнинг иккинчи ярмида Президентимизнинг судлар фаолиятини тартибга солишга қаратилган учта фармони ва қарори қабул қилинди.
Президентимизнинг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига асосан судларнинг ўрта бўғини, яъни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри бўйича фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судларни ўз ичига олган умумюрисдикция судлари ташкил этилди. 14 та маъмурий-ҳудудий бирликда учта ихтисосликдан иборат ягона умумюрисдикция суди, содда қилиб айтганда, ягона вилоят суди фаолият юритади.
Туман (шаҳар) маъмурий судлари қисқартирилиб, туманлараро, туман (шаҳар) маъмурий судлари сифатида қайта ташкил этилади. Шу пайтга қадар маъмурий судлар томонидан кўриладиган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар энди жиноят судларига ўтказилиши белгиланди. Албатта, бу ўзгариш нафақат судлар фаолияти, балки фуқаролар учун ҳам қулайлик яратади. Президентимиз фармони билан “бир суд — бир инстанция” тамойили жорий этилиб, бунинг асосида 2021 йилдан бошлаб судлар муайян низо юзасидан ишларни фақат битта инстанцияда кўриши тартиби жорий этилди. Шунингдек, назорат инстанцияси бекор қилинди. Ушбу фармон судларда қайта кўриб чиқилиши лозим бўлган кўплаб ҳолатларни ўзгартиришни мақсад қилган. Бу, ўз навбатида, суд ҳокимиятининг самарали ишлаши, низоларни ҳал этишдаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Рақамли технологияларни судлов фаолиятига жорий қилиш бугунги куннинг муҳим вазифасидир. Айни шу мақсадда 2020 йил 3 сентябрда Президентимизнинг “Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорда рақамли технологияларни суд фаолиятига жалб этиш қониқарли эмаслиги танқид қилиниб, мазкур қарор асосида судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар турини кенгайтириш вазифаси қўйилди.
2020 йил 7 декабрда Президентимизнинг “Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ушбу фармон асосида суд фаолияти билан боғлиқ жуда кўп ижобий ўзгаришлар амалга оширилди. Хусусан, мамлакатимизда судьялар мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб бориляпти. Суд ҳокимияти тизимида коррупция ҳолатларини келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни чуқур ўрганиш ва таҳлил қилиш, коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олиш тизимини самарали йўлга қўйиш, суд тизимини малакали ва ҳалол кадрлар билан тўлдириш, суд органлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада ошириш борасида янги қоида ва меъёрлар зарурлиги белгиланди.
Юқоридаги қонуний ҳужжатларда белгиланган кўплаб вазифа ва масалалар “Судлар тўғрисида”ги қонунда ўз аксини топди. Жумладан, суд тизими, судьялар корпусини шакллантириш, Олий суд раиси ўринбосарлари — судлов ҳайъатларининг раислари ваколати аниқ белгиланди. Назорат инстанцияси бутунлай чиқариб ташланди. Олий суд пленуми котибияти вазифалари белгиланди. Маъмурий судлар фаолияти қонун асосида тартибга солинди. Бундан ташқари, жиноий ва ҳарбий судларда иш кўрилаётганда иштирок этадиган халқ маслаҳатчиларини тайинлаш ва уларнинг суд жараёнида қатнашиш масаласи тартибга солинди. Янги қонунда судьялар дахлсизлиги билан боғлиқ масалалар ҳам акс этди.
Қонуннинг эътиборли жиҳатларидан яна бири шундан иборатки, судьялик лавозимига сайланадиган, тайинланадиган шахсларга қўйиладиган баъзи талаблар ўзгарди. Энди юридик ихтисослик бўйича камида ўн беш йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида судья сифатида камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси, юридик ихтисослик бўйича камида ўн йиллик иш стажига, шу жумладан, қоида тариқасида судья сифатида камида икки йиллик иш стажига эга бўлган шахс Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судининг, Қорақалпоғистон Республикаси судининг, Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий судининг, вилоят, Тошкент шаҳар судининг, вилоят, Тошкент шаҳар маъмурий судининг судьяси, юридик ихтисослик бўйича камида етти йиллик иш стажига эга бўлган шахс туманлараро, туман, шаҳар судининг, ҳудудий ҳарбий суднинг судьяси бўлиши мумкин. 2000 йил 14 декабрда қабул қилинган “Судлар тўғрисида”ги қонунга кўра, иш стажига қўйилган талаб тартиб бўйича ўн, етти ва беш йил қилиб белиланган эди. Бу ушбу лавозимга етарли ҳаёт тажрибаси ва фаолиятга эга номзодларни тайинлаш имконини беради.
Қонуннинг, айниқса, 86-моддаси алоҳида аҳамиятга эга. Ушбу моддада меҳнат тўғрисидаги қонунчилик, хусусан, судьяларнинг меҳнат фаолияти билан боғлик кўплаб масалалар акс этган.
“Судлар тўғрисида”ги янги қонун аввалгиларига нисбатан ҳажм жиҳатдан ҳам фарқ қилади. Бу, албатта, бежиз эмас. Қонунга илова сифатида “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги ҳамда “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги низом ҳам қабул қилинган.
Хулоса қилиб айтганда, суд ҳокимиятини тартибга солишга қаратилган ушбу қонун аввалгиларига нисбатан кенг қамровли, тушунарли ва суд фаолиятига оид қонуности ҳужжатлар нормаларини ўзида жамлагани билан алоҳида ажралиб туради. Шунингдек, у соҳадаги ижтимоий муносабатларни тартибга солиш самарадорлигини янги босқичга олиб чиқади.
Гулчеҳра ТЎЛАГАНОВА,
ТДЮУ профессори
Саддам ҚОДИРАЛИЕВ,
ТДЮУ ўқитувчиси