Ушбу лойиҳанинг умумхалқ муҳокамаси давомида ҳамюртларимиздан уларнинг хохиш- иродаси билдирилган 220 мингдан ортиқ ўринли таклиф ва қўшимчалар илгари сурилганлиги эса Ўзбекистондаги турли миллат ва элат вакиллари ўзлари умргузаролик қилаётган бепоён Ватан, унинг бугунги ва эртанги кунига бефарқ эмасликларини, зотан, мамлакат ривожи ва истиқболи ҳамюртларимиз ва улар фарзандларининг манфаатлари ва ҳимояси билан муштарак эканлигини кўрсатиб турибди.

Кейинги йилларда Қоракўл туманида неки туб ўзгаришлар рўй берган бўлса, барчасида ҳеч шубҳасиз маҳаллий тадбиркорларнинг муносиб ҳиссаси бор. Қонун лойиҳаси муҳокамаси даврида улар томонидан билдирилган ёки дил тубида анчадан бери ташвишга солиб келаётган қатор таклиф ва мулоҳазалар янгиланаётган Конституция нормаларида, бир қатор боб, бўлим ва моддаларда ўз аксини топганидан ҳамкасбларимиз бугун мамнуният ҳосил қилмоқдалар. Сабаби эса аён,-барча соҳалар ва тармоқлар қатори юртимизда эндиликда кичик ва ўрта бизнес ҳамда хусусий тадбиркорлик вакилларининг ҳам йўллари ойдин, бугуни ва эртаси порлоқ, юзи-юруғдир. Бахтимиз қомуси шарофати уларнинг ярқираган пешонасида толе офтоби янглиғ нурланиб турибди.

Дарҳақиқат, қонун лойиҳасида давлатнинг бозор муносабатларини ривожлантириш, қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, ҳалол рақобат учун зарур шарт-шароитлар яратиши бўйича мажбуриятлар белгиланган. Шу тариқа барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилиги, тадбиркорларнинг қонунчиликка мувофиқ ҳар қандай фаолиятни мустақил танлаши ва амалга оширишга ҳақли эканлиги кафолатланаяпти. Мол-мулк, уй-жой дахлсизлиги масаласининг Бош Қомусимизда белгиланаётгани тадбиркорлар учун айни муддаодир. Чунки, мол-мулк дахлсизлигининг юксак даражада кафолатланиши ишбилармонлик ва инвестициявий фаолликни рағбатлантиради.

Серқирра фаолиятимизнинг қонун йўли билан ҳимоя қилинаётганлиги, ҳар томонлама пишиқ-пухта ишлаб чиқилган Конституция даражасида муҳофаза этилиши эса (қонун лойиҳасининг 65-67 моддаларида бу ҳақда батафсил сўз юритилган) мени ва барча ҳамкасбларимизни эл-юртимиз фаровонлиги, дастурхон тўкинлиги, мамлакатимиз ривожи йўлида янги марраларни забт этишга руҳлантириб турибди.

Бош Қомусимизни қабул қилиш муносабати билан ўтказиладиган референдум нафақат тадбиркорларимиз, балки бунёдкор халқимиз хохиш-иродасини бутун дунёга баралла эълон қилиши билан аҳамиятлидир.

Меҳнат жамоамиз ва оилам аъзолари билан бирга 30 апрелда ўтказиладиган умумхалқ референдумида фаол иштирок этиб, ўз фуқаролик позициямизни намоён этиш - қалб даъватимиздир. Барча юртдошларимизни ҳам бунга даъват этаман.

 

Комилжон Рўзиев,
Осиё-Океания Кураш Конфедерацияси президенти,
хусусий тадбиркор, O'zLiDep фаоли