Ушбу замонавий спорт мажмуасига ўтган йилнинг 11 ноябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан тамал тоши қўйилган эди.
Айни пайтда ўйингоҳ қурилиши жадал давом этмоқда. Жумладан, ерни текислаш ишлари тўлиқ якунланган. Пойдевор қуйиш ишлари тўқсон беш фоизга бажарилган. Қурилиш жойига металл-конструкция материаллари босқичма-босқич келтирилмоқда.
Қайд этиш керак, кейинги йиллар мамлакатимиз футбол соҳасида туб бурилиш даври бўлди. Жумладан, маҳаллий чемпионатлар тизими ислоҳ қилиниб, болалар ва ўсмирлар академиялари ташкил этилди, ҳудудларда 75 та катта ва 302 та мини стадион фаолият кўрсатмоқда.
Маълумки, 2017 йилда юртимизда ФИФА ва Осиё футбол конфедерацияси талабларига жавоб берадиган майдонларнинг сони атиги 3 та бўлган. Бугун уларнинг сони 10 тадан ошди.
Шунингдек, 1,5 мингта мактабнинг футбол стадионлари таъмирланиб, 1 миллиондан зиёд ўқувчи ва маҳалла ёшлари қамраб олинди. Ёшлар ўртасида маҳалла, туман, вилоят ва республика турнирларини анъанавий ўтказиш йўлга қўйилди.
Бу саъй-ҳаракатлар ўз натижасини бера бошлади.
Футбол бўйича олимпия терма жамоамиз Париждаги олимпиадада илк бор иштирок этди. Тарихимизда биринчи маротаба миллий терма жамоамиз жорий йилда бўладиган жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритди.
Ўтган йилнинг 2 октябрь куни ФИФА Кенгаши йиғилишида футбол бўйича 20 ёшгача бўлганлар ўртасида 2027 йилдаги жаҳон чемпионатини Ўзбекистон ва Озарбайжонда ўтказиш бўйича қарор қабул қилинди.
Ушбу жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинлар икки мамлакатдаги 3 тадан стадионда ўтказилади. Жаҳон чемпионатларининг финал ва ярим финал ўйинлари сиғими 50 мингдан кўп бўлган стадионда ўтказилиши ФИФА талабларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимиз футболи учун муҳим лойиҳа – Янги Тошкент стадиони шу мақсадда қурилмоқда. Қиймати 100 миллион долларлик ушбу ўйингоҳ қурилиши учун нега айнан Янги Тошкент ҳудуди танланди? Сабаби Янги Тошкент келажакда мамлакатимизнинг янги имкониятлар ва илғор ғоялар марказига айланади.
Янги Тошкент стадиони ФИФАнинг барча талабларига мос равишда барпо этилмоқда. Мажмуа Осиёдаги энг йирик ва замонавий инфратузилмага эга футбол майдонларидан бири бўлади.
Мазкур иншоот нафақат 2027 йилги 20 ёшгача бўлганлар ўртасидаги жаҳон чемпионати учун, балки бутун ўзбек футболи ва ёшлар спортининг келгуси ривожи учун хизмат қилади.
Давлатимиз раҳбарига қурилиш жараёни ҳақда батафсил маълумот берилди.
55 минг томошабинга мўлжалланган Янги Тошкент стадиони 6 қаватли бўлади, унда нафақат спортчилар, балки ташриф буюрувчилар ва матбуот ходимлари учун ҳам кенг қулайликлар яратилади. Томошабинлар стадионга тез фурсатда кириб-чиқишлари учун ўндан ортиқ эскалатор ўрнатилади. Ҳудудда яна қўшимча 3 та машғулот майдони бўлади. Стадион яқинида метро бекати барпо этилади. 5 минг 500 ўринли автотураргоҳ қурилади.
Президентимиз бундай катта сиғимли ёпиқ стадион мамлакатимизда илк бор бунёд этилаётгани учун ҳар бир жиҳатга аҳамият бериш зарурлигини таъкидлади. Стадион атрофини ободонлаштириш ишларини ҳозирдан режалаштириб, босқичма-босқич амалга оширилиши зарурлиги қайд этилди.