Хусусан, Ўзбекистон Халқ шоирлари Эркин Воҳидов, Анвар Обиджон, Энахон Сиддиқова, Ўзбекистон халқ ҳофизи Қобилжон Юсупов, Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Солижон Маматов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Охунжон Мадалиев, машҳур доирачи Расулжон Норимовларнинг номларини олтиариқликлар фахр билан тилга оладилар. Бугун бу ердан ана шу устоз мақомига эришган номларга муносиб янги авлод ижодкорлари етишиб чиқмоқда. Албатта, мамлакатимизда Юртбошимиз бошчилигида барча соҳалар қатори маданият ва санъат соҳасига ҳам катта эътибор қаратилаётир.

Хусусан, Янги йил байрами арафасида Олтиариқ туманида фойдаланишга топширилган Маданият уйи туман аҳолиси учун муносиб байрам туҳфаси бўлди. Эски Маданият уйи қисқа фурсат ичида бунёдкорлар томонидан қарийб 2,5 млрд. сўмдан зиёд маблағ эвазига қайта реконструкция қилиниб, замонавий қиёфа касб этди.

Муҳташам кошонанинг очилиш маросимида сўз олган Фарғона вилояти ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов ва Олтиариқ тумани ҳокими Холмирза Ниёзовлар ушбу бинонинг очилиши мамлакатимизда маданият соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми эканлигини таъкидладилар. Шунингдек, йиғилганларни Янги йил айёми билан табриклаб, Янги иншоот янги истеъдодларнинг камол топишига хизмат қилишига катта ишонч билдирдилар.

Шу куни ушбу кошонада туман Ёшлар форумининг якуний гала-концерти ўтказилди. Водийлик таниқли хонандалар томонидан ижро этилган тароналар йиғилганларга олам-олам қувонч улашди.

Шоҳсултон ТЎХТАМАТОВ,

журналист.