Президентимизнинг 2021 йил 21-22 январь кунлари вилоятимизга ташрифи давомида берган топшириқларига мувофиқ “Янги замон” маҳалласида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан 180-ўринли “Янги авлод” мактабгача таълим ташкилоти биноси қуриб, жиҳозланиши белгилангани маҳалла аҳлини беҳад қувонтирди.“Республика инкассация хизмати” давлат унитар корхонаси ҳомийлигида бош пудратчи “Нефтгаз карат строй” МЧЖ томонидан барпо қилинган боғча қурилишига 6 млрд 507 млн сўм, жиҳозлари учун 1 млрд 687 млн сўм  маблағ сарфланди

Тадбирда сўз олганлар маҳалла аҳлини кўпдан кутилган замонавий муассаса билан қутлашди. Бу мактабгача таълим ташкилоти туфайли ўттиздан ортиқ ишчи-мутахассис бандлиги таъминланаётгани таъкидлангани ҳолда ҳудудда баркамол авлод саводхонлиги ва тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Иншоотда 6 та гуруҳ учун мўлжалланган кенг ва ёруғ хоналар, замонавий спорт ва мусиқа заллари, шинам ётоқхона, 2 та ошхона, ёзги айвончалар барпо қилинган. Ҳар бир хонага кузатув камералари ўрнатилган ҳамда зарур мебеллар билан жиҳозланган. Қисқа айтганда, ташкилотда болажонлар учун барча қулайликлар, шарт-шароитлар яратилган. Машғулотлар эса моҳир педагог-тарбиячилар томонидан олиб борилиши йўлга қўйилган.

Маълумот учун, ҳозирги вақтда Қоракўл туманида 3-7 ёшли болалар сони 13 минг 340 нафарни ташкил этади. Улар учун 32 та давлат мактабгача таълим ташкилоти, 9 та давлат хусусий шериклигидаги нодавлат мактабгача ташкилоти, 1 та хусусий нодавлат, қолаверса, 98 та оилавий нодавлат мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб бормоқда. 8 минг 499 нафар болажонлар мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинган бўлиб, қамров даражаси 63,7 фоизга етган.

Бухоро вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати