Тадбирнинг энг муҳим янгилиги Миллий Геоахборот тизими порталининг тақдимоти ҳамда Кадастр агентлигининг янги имиджи тақдимотлари бўлди. Шу қаторда иштирокчиларга, кадастр тизимидаги халқаро тажриба ва халқаро лойиҳаларнинг самарадорлиги, Сардобадаги талофатлар харитасининг яратилиш жараёни, кадастр тизимида фуқаролар мурожаатлари билан қандай иш олиб борилаётгани, сўнгги кунларда Қашқадарё вилоятида олиб борилган хатлов жараёни натижалари каби қизиқарли ва долзарб мавзулардаги тақдимотларр намойиш этилди.
Агентлик директори Ҳалилилло Тўрахўжаев соҳада йил давомида олиб борилган фаолият натижалари, Кадастр агентлигининг янги қиёфаси, сифатли ва коррупциядан ҳоли хизматлари кўрсатишга йўналтирилган лойиҳалар хусусида маълумот берди. Шунингдек, соҳа вакилларини аттестациядан ўтказиш жараёни ва натижалар хусусида ҳам аниқ маълумотлар берилди.
Айтиш жоизки, Давлат кадастрлари ягона тизимидан фойдаланишни назорат қилиш ҳамда аҳолига интерактив хизмат кўрсатишга йўналтирилган Миллий географик ахборот тизими порталининг ишга туширилаётгани Кадастр агентлиги амалга ошираётган йирик лойиҳаларидан бири бўлди. Анжуман доирасида ушбу геопартал ҳақида ҳам батафсил тўхтаб ўтилди. Шунингдек, Қашқадарё вилоятида олиб борилган хатлов натижалари, халқаро лойиҳаларга бағишланган маърузалар ҳам слайдлар ёрдамида кенг тушунтирилди.
Энг муҳими, тизимда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги лойиҳалар халққа нима беради, деган саволларга ҳам мутасаддилар, хусусан, Х.Тўрахўжаев томонидан аниқ жавоблар берилди. Хусусан, миллий геопартал юртимиздаги объектлар, бўш турган ерлар ҳақида шаффоф маълумотларни олиш мумкин бўлса, давлат рўйхатидан ўтказилган ерлар ипотека кредити учун гаров бўла олиши таъкидланди.
Тадбир сўнгида “Ҳар бир солиқ тўловчи учун сифатли кадастр хизматлари” мавзусида журналист ва блогерлар орасида бўлиб ўтган танлов натижалари эълон қилиниб, 6 та номинация бўйича совриндорлар тантанали тақдирланди.