Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Конституциявий комиссия тузилди. Конституциявий комиссия ўз фаолиятини “Жамият — ислоҳотлар ташаббускори” деган ғоя асосида очиқлик ва шаффофлик тамойилларига асосланган ҳолда олиб бориб, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда халқнинг таклиф ва фикрлари асосида шакллантираётгани эътиборга молик.
Конституциявий комиссия ҳузуридаги Таклифлар билан ишлаш гуруҳи томонидан “Meningkonstitutsiyam.uz” платформаси, @meningkonstitutsiyam_bot телеграм боти, колл-маркази, маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Кенгашлари, электрон почта, фуқароларнинг бевосита қабули орқали, шунингдек, жамоавий таклифлар асосида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар қабул қилинмоқда.
Конституциявий комиссия матбуот хизмати ҳабарига кўра, 2022 йил 11 июнь ҳолатига жами 20148 та таклиф келиб тушгани, албатта мамлакатимизда кенг жамоатчилик аҳлининг, аҳолининг фаол фуқаролик позициясини намоён этаётганини кўрсатади.
Ушбу жараёнда мамлакатимиздаги олий таълим муассасалари қатори Урганч давлат университетининг кўп сонли жамоаси, хусусан, тажрибали профессор-ўқитувчилари, олим ва мутахассислари, ёшлари ҳам фаол иштирок этиб, таклифлар билдиришмоқда.
Жойларда бўлгани каби, олий таълим муассасаларида мутахассис олимлар, фаол ва иқтидорли ёшлар иштирокида маънавий-маърифий тадбирлар, анжуманлар, давра суҳбатлари ташкил этилиб, уларда нафақат ушбу муҳим жараён ҳақида атрофлича маълумот берилмоқда, балки ёшларнинг фикр ва таклифлари ҳам ўрганилмоқда.
Албатта, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш бўйича таклифлар қаторида олий таълим тизимига оид масалалар ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, бу борада илгари сурилаётган таклифлардан бири — “Конституцияда олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқини кафолатлаш зарур”лиги масаласидир. Бош қонунда олий таълим ташкилотларининг академик эркинлик ҳуқуқини белгилаб қўйиш, мақсадга мувофиқ, деб ҳисобланмоқда. Шунингдек, олий таълим муассасаларининг тадқиқотлар ўтказиш эркинлиги ҳуқуқини ҳам конституцияда қайд этиб қўйиш таклифи илгари сурилмоқда.
Бундай ҳуқуқий кафолат нима беради? Бу биринчи навбатда мамлакатимиз олий таълим тизимида, барча олий таълим муассасалари орасида соғлом рақобат учун тенг имконият ва замин яратса, иккинчидан, замон талаблари асосида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун зарур шарт-шароитларни мустаҳкамлайди.
Олий таълим ташкилотларининг академик эркинлик ҳуқуқи — биринчи навбатда, ўқув режалари, дастурлар, таълим йўналишлари — буларнинг барчасини олий таълим муассасасининг ўзи мустақил, бозордаги талабдан келиб чиқиб, касбий стандартлар асосида ишлаб чиқиш ваколатини ҳуқуқий кафолатлайди. Бундан ташқари, кундузги, масофавий, сиртқи, кечки ўқитиш шаклларини, шунингдек, таълим олиш муддатлари давомийлигини ҳам олий таълим муассасасининг ўзи белгилайди.
Бу бугунги тезкор, шиддат билан ўзгараётган замоннинг ўзи талаб қилаётган масалалардан бири саналади. Чунки академик мустақиллик бўлмаса, олий таълим муассасаларида янги ғоя, ташаббус, инновацион фикрлаш, янгича илмий тадқиқотлар бўлмайди.
Айнан ривожланган давлатларда ҳам олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштиришга ўтиши, иқтисодий барқарорликни таъминлаш орқали академик мустақилликка эришиши, пировард натижада малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда кенг илмий-тадқиқотчилик фаолиятини йўлга қўйиш тажрибаси замонавий анъанага айлангани кузатилади.
Бир сўз билан айтганда, олий таълим муассасаларининг ўзини ўзи бошқариш ҳуқуқининг кафолатланиши республикамизда олий таълим муассасаларининг молиявий имкониятлари ҳамда моддий-техник базасини мустаҳкамлашга, соғлом рақобатчилик муҳитида илмий ва педагогик салоҳиятини ошириш, фан ва инновацияни ривожлантириш, таълим сифатини яхшилаш ва таълим жараёнини бозор эҳтиёжидан келиб чиқиб ташкил этишга хизмат қилади.
Санжарбек Давлетов,
УрДУ ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий
ишлар бўйича биринчи проректори,
т.ф.д., профессор