Дунё ўзгариб бормоқда. Инсоният тамаддуни тарихий ўзанлари томон қайтаётгани ҳам бор гап. Бундай воқеалар минтақалар, қитъалараро муносабатларни бир оз шошириб қўяётгани бугун ҳеч кимга сир эмас. Булар — кишини мулоҳаза юритишга, фикрлашга ундайдиган жиҳатлар.

Ўйлашимча, мақоламиз давомида ҳали бу мавзуга бир-неча бор мурожаат қиламиз.

Ҳозир эса сиз — азиз ўқувчиларимизни миллий жамиятимизнинг узоқ вақт давомида қотиб турган догматик қиёфаси қанчалик тез суръатларда ўзгариб бораётгани ҳақидаги мушоҳадага чорламоқчимиз.

Тарих битикни яхши кўради. Унинг саҳифалари сабоқ ва хулосаларга тўла. Агар хотира дафтаримизни варақласак, ҳали сарғайиб улгурмаган саҳифаларида кўп йиллар мобайнида фақат моддият ғами билан яшаб келган жамиятимиз манзаралари кўз олдимиздан ўтаверади.

Масалан, яқин-яқингача қишлоқ ва шаҳар ҳаёти тубдан фарқланарди. Қишлоқ одамлари шаҳарга келишдан чўчирди, шаҳарликлар қишлоқ ҳаётига ачиниш ҳисси билан қарарди. Чунки тараққиёт қишлоқларни эмас, кўпроқ шаҳарларни қамраб олган эди. Лекин ҳар икки томон ҳам иқтисодий имконларини ошириш, рўзғорини бутлаш қайғусида яшарди.

Ўйлаб кўрсак, Европа ёки Шарқий Осиё давлатлари тафаккур нигоҳини бошқа сайёраларга қаратиб турган бир пайтда, биз ҳаёт ташвишларини муҳокама қилишдан, ўзаро баҳслашишдан нарига ўтмабмиз.

Аммо кейинги йилларда мамлакатимиз, халқимиз ҳаётида кузатилаётган тарихий ўзгаришлар, катта эврилишлар барчамизни янги мушоҳадалар сари чорламоқда.

Чунки бугун дунё мафкуравий харитасида “Янги Ўзбекистон руҳи” пайдо бўлди. Халқимиз “Янги Ўзбекистон орзуси” билан яшаяпти. Дунёқарашимиз тамомила бошқача тус олди, энди маиший муаммолардан қутилиб, жамиятдаги катта-катта масалаларни ҳал қилиш сари аҳд қилдик. Давлат бошқарувида иштирок эта бошладик, ҳақиқий маънода фуқаролик жамияти қуришга киришдик. Халқимизда бирдамлик руҳи жўш урмоқда.

Бу жараёнда бир ҳақиқатни англаб етдик. Президентимиз Шавкат Мирзиёев 2021-йил 19-январь куни маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилишида биз узоқ йиллар эътиборсиз қолдирган мукаммал ҳаёт ҳақиқатини илгари сурди: “Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир”.

Бу эгиз тушунча янгиланган жамиятимиз ва халқимиз орзу-умидлари, томирларимизда жўш уриб турган заколик феълининг қайта қувватланаётгани муждаси бўлди.

Конфуций ҳикматида шундай дейилади: моддиятнинг ортида эзгулик ниш урмоғи учун беш нарса кифоя: кўнгил кенглиги, самимият, шиддат, яхшилик ва жиддийлик.

Айтиш керакки, янги Ўзбекистонда мана шу беш эҳтиёжнинг ҳаётий қиёфаси маънавий-маърифий, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий асосларда шаклланиб бормоқда. Боиси, янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда Ўзбекистон суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани аниқ-тиниқ белгилаб қўйилди.

Конституциямизнинг мазкур беш тамойили моддият ортида эзгулик унмоғи билан боғлиқ беш кифояга қандай алоқаси борлиги ҳам қизиқ. Энди гапни шундан бошлаймиз.

Мақоламиз аввалида инсоният тамаддуни тарихий ўзанларига қайтаётгани, бу ҳодиса минтақалар, қитъалараро муносабатларига таъсир қилаётгани ҳақида айтган эдик. Мана шу ўзгараётган мезонлар, давлатимиз раҳбари таъбири билан айтганда, жаҳон миқёсида ишонч инқирозига сабаб бўлмоқда.

Энг аянчлиси, бундай ишончсизлик кайфияти айрим давлатларнинг ички муҳитида ҳам кузатилаётганидир. Миллатлар, динлараро зиддиятлар, қуролли можароларни кўриб турибмиз.

Шундай таҳликали вазиятда халқаро муносабатлардаги бағрикенглик, ўзаро англаш ва биргаликда ривожланиш тенденцияларини ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳим ва ҳаёт-мамот масаласига айланиб бормоқда.

Гап шу ҳақда кетганида, Марказий Осиё минтақаси қадимдан кенглик диёри бўлиб келгани, Ўзбекистон замини эса бағрикенглик ўлкаси сифатида ўз тароватини тобора мустаҳкамлаб бораётганини алоҳида фахр билан айтамиз.

Эътиборлиси, янги Ўзбекистон бугун дунёга ўзининг тарихий асосли позицияси билан қайта танилмоқда. Буни Президентимизнинг нуфузли минбарларда туриб билдираётган халқаро миқёсдаги ташаббуслари, бугунги кун ва келажак учун аҳамияти долзарб бўлган фикр-мулоҳазалари ҳамда ташқи сиёсатимизнинг бағрикенглик, тенг манфаатлилик принципларига асосланганида ҳам кўришимиз мумкин.

Эндиликда бу борадаги саъй-ҳаракатларимиз янги таҳрирдаги Конституциямиз билан мустаҳкам сиёсий-ҳуқуқий тус олди. Унга кўра, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати давлатларнинг суверен тенглиги, куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик, чегараларнинг бузилмаслиги, давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги, низоларни тинч йўл билан ҳал этиш, бошқа давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик принципларига асосланди.

Ёки яна бир мисол. Бош қонунимизда Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаши, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиши белгиланган.

Ҳокимиятлар бўлиниши принципи ҳам кенглик намунасидир. Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти тизими — ҳокимиятнинг қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятига бўлиниши принципига асосланади. Бу, ўз навбатида, демократик тамойиллар ранг-баранглиги ва фуқаролар манфаатларини таъминлашда ҳуқуқий асослар мустаҳкамлигини таъминлашга хизмат қилади.

Дунёвий муносабатлар кун сайин ўзгариб бормоқда. Инсониятни янги хавф-хатарлар ва экологик инқироз қуршаб олган. Бундай шароитда, ўзбекона лутф билан айтганда, сиёсий муносабатларда ҳамжиҳатлик ва кенг феъллилик талаб этилади. Шу маънода, янги Ўзбекистоннинг ташқи ва ички сиёсати жамиятимиздаги тарихий бағрикенглик ва кенглик фалсафасидан қувватланиб турганини алоҳида таъкидлашни истардик.

Янгиланган Конституциямизда ҳаёт оҳанги бор. У гоҳ фаровонлик асоси, гоҳ интеллектуал бойлик, гоҳ инсон қадри улуғланиши билан кишини ўзига тортади. Буни ҳаётимизни ўзгартиришга қаратилган мақсадларда кўришимиз мумкин.

Фаровонлик асоси. Замон ўзгариб туради. Бу – қонуният. Мустақилликка эришган илк йилларни яхши эслаймиз: озиқ-овқат захирасида жиддий тақчиллик кузатилди, нонга узлуксиз навбатлар юзага келди, аксарият аҳолини рўзғор қайғуси қийнаб қўйди.

У кунлар ҳам тарихда қолди. Лекин ҳозир биз бошқа бир муаммо ҳақида айтмоқчимиз. Яқин-яқингача халқимизни яна бир жиддий муаммо қийнаб келди. Бу – уй-жой ташвиши. Шаҳарларда каталакдек ҳовлида уч-тўрт рўзғор яшаганини ҳали унутганимиз йўқ.

Кейинги йилларда умуммиллий тус олган бу муаммога ҳам ечим топилди. Бугун вазият мутлақо бошқача. Арзон уй-жойлар, ипотека таъминоти, имтиёзли шартлар, буларнинг бари халқимиз орзусидаги иш бўлди.

Қувонарлиси, бу борадаги сиёсат ортга қайтмас тус олди. Янги таҳрирдаги Конституциямизда ҳар ким уй-жой дахлсизлиги, уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эгалиги, давлат уй-жой қурилишини рағбатлантириши ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиши, аҳолининг ижтимоий жиҳатдан эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш тартиби қонун билан белгиланди.

Жамиятдаги фаровонлик муҳитининг яна бир асоси ҳам конституциявий кўриниш олди. Яъни ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги сабабли аёлларни ишга қабул қилишни рад этиш, ишдан бўшатиш ва уларнинг иш ҳақини камайтириш тақиқланди.

Интеллектуал бойлик. Миллий давлатчилигимиз тарихида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий, маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилиши илк бор конституциявий мақом тусини олди.

Унга кўра, эндиликда давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий, моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилиши, бундан ташқари, болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланиши белгиланди.

Энди ўзингиз ўйлаб кўринг, яқин йилларгача — бир аср мобайнида миллионлаб юртдошларимиз мажбурий меҳнатга жалб қилиб келинди. Ҳар йили эрта куздан қора қишгача ўқитувчилар, шифокорлар, ижтимоий соҳа ходимлари, давлат хизматчилари, талабалар ва ўқувчилар пахта даласида меҳнат қилди, “яшади”.

Шу тариқа мамлакатда интеллектуал салоҳият ғариблик тўнини кийишга мажбур бўлди. Бунинг бир мамлакат, халқ келажаги учун қанчалик таҳдидли эканини англаш бугун унчалик қийин эмас.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида шу ҳақда гапирар экан, жумладан, “Қатъий иродамиз туфайли энди буларнинг барчаси ўтмишга айланди. Халқимиз пахта қуллигидан буткул озод бўлди. Янги Конституциямизда мажбурий меҳнат тақиқланиши кафолатлаб қўйилди ва бунинг учун жиноий жавобгарлик белгиланди. Мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарур, деб ҳисоблайман. Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатмоқдаки, бунга чек қўйиш имкони бор”, дегани бежиз эмас, албатта. Айниқса, мажбурий ва болалар меҳнатига қарши курашни бутун дунё миқёсида кучайтириш зарур, дея қайғургани янги Ўзбекистоннинг инсонпарварлик сиёсати намунаси бўлди. Чунки қайси давлатда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати авж олар экан, у ўлкада тараққиёт ортга чекиниб туради, инқирозга йўл беради. Нимага деганда, бугунги замон билимлар, илғор технологиялар асри бўлиб қолди. Ҳозирги тараққиёт ва геосиёсий вазият ҳам шуни тақозо этмоқда.

Инсон қадри улуғланиши. Ўтган асрда ишланган “Темир хотин” фильмини кўрмаган юртдошимиз йўқдир. Қўчқор акани эслайсиз. У Аломатнинг қадр-қиммат ҳақидаги гапидан сўнг ўксиб йиғлаганиничи?

Рост айтайлик, пахта далаларидаги меҳнаткашлар қадри яқин-яқингача шундай эдику. Бугун мамлакатимизда инсон қадри юксалди. “Давлат – инсон учун” тамойили кучга кирди.

Жамиятда инсонларни қадрлаш сиёсати бошланганида, унга ишончсизлик кайфияти ҳам бўлди. Буни яширмаймиз. Гоҳ орамизда, гоҳ четдан туриб: “Бу вақтинча. Эртага ҳаммаси яна эски қолипга қайтади”, дегувчилар ҳам топилди.

Аммо биз танлаган йўл, қанчалик қийин бўлмасин, ортга қайтмас эканини мана бугун ўз ҳаётимиз мисолида исботлаб турибмиз.

Ҳа, бу йўл энди Конституция йўлига айланди. Улардан бири мана шундай ифодаланди: Ўзбекистон фуқароси мамлакатдан ташқарига мажбурий чиқариб ёки бошқа давлатга бериб юборилиши мумкин эмаслиги, шунингдек, давлат хорижда яшаётган ватандошлар билан алоқаларни сақлаб қолиш ҳамда ривожлантириш тўғрисида халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ғамхўрлик қилиши илк бор Конституция даражасида мустаҳкамланди.

Ёки бошқа мисол. Бош қонунимизда инсоннинг шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлмаслиги, шахснинг судланганлиги ва бундан келиб чиқадиган ҳуқуқий оқибатлар унинг қариндошлари ҳуқуқларини чеклаш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги қатъий тақиқланди.

Гувоҳи бўлиб турганимиздек, бугун биз танлаган ва аллақачон ижросини таъминлаётган миллий тараққиёт йўлимизнинг ортга қайтмаслигига ҳеч шубҳа йўқ.

Дунё ўзгариб бораяпти, дедик. Ўзгаришлар ҳар доим янгича қараш ва муносабатларни, талаб ва эҳтиёжларни юзага келтиради. Бу, ўз навбатида, инсонлар ва жамият кўниккан мезонларга ҳам таъсир кўрсатади.

Айтайлик, биз яқин-яқингача дунёдаги геосиёсий вазиятнинг бу қадар кескин тус олишини ўйламас эдик. Иқлим ўзгаришларининг бугунги ва яқин келажакдаги таъсири ҳақида ҳам кўп қайғурмай қўйгандик. Лекин тириклик фурсати инсониятни доим курашга чорлаб келади.

Шу маънода айтиш керакки, янги Ўзбекистоннинг илғор ташаббуслари дунё миқёсида эътироф этилаётгани ҳам шу кураш йўлидаги бирдамлик ҳиссини улғайтиради, шиддат белгисини чўғлантиради.

Бу жиҳатлар янгиланган Конституциямиз руҳида ҳам уфуриб турибди.

Асосий қонунимизда давлат хотин-қизлар ва эркакларга жамият ҳамда давлат ишларини бошқаришда, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаши кўзда тутилган. Шунингдек, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ҳамда ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилиши белгиланган.

Миллий жамиятимизда хотин-қизларга эътибор, ҳурмат ва ғамхўрлик ҳамиша қадрият сифатида улуғланган. Бу янги Ўзбекистон шароитида ўзининг юксак босқичига чиқди, дейиш мумкин.

Бир қарашда оддий қарор, лекин унинг замирида миллат даҳоси улғайиши билан боғлиқ келажак тақдирлар турганини англасак, биз англаган ҳақиқатлар нақадар қудратли кучга эга эканини билиб оламиз.

Тарих дафтарини варақласак, даҳолар эришган кўп ютуқларда аёлларнинг беқиёс ўрни борлигини билиб оламиз. Шу маънода, ўзгараётган дунёда, тарихий ҳақиқатларнинг тикланаётгани фонида давлат ва жамият бошқарувида аёлларга эркаклар билан тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар бериш маънавий ва иқтисодий ютуқлар кафолати сифатида бўй кўрсатади.

Навбатдаги масала эса, инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларига доир. Бу ҳам тараққиётнинг асосий мезонларидан биридир. Негаки, қайсики мамлакатда инсон қадрига устувор эътибор берилар экан, ўша ўлкада янги ғоялар, ташаббуслар ва фикрлар хилма-хиллиги кузатилади. Тараққиёт эса фикрлаш, деганидир.

Фикр қачон пайдо бўлади? Қачонки, инсон эркин ва ҳуқуқий-сиёсий кафолатга эга бўлсагина.

Биз халқ давлат бошқарувидан узоқлаштирилган даврни ҳам кўрдик. Унинг оғриқлари ҳамон танамизни зирқиратиб туради.

Янги таҳрирдаги Конституциямизда эса халқ ҳокимияти тамойиллари мустаҳкамланди. Бу биргина “Ўзбекистон – бошқарувнинг республика шаклига эга бўлган суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат” эканида ҳам кўзга ташланади.

Президентимизнинг жорий йил 16-ноябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Конституцияси куни байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги фармойишида Бош қонунимиз байрамини бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш, янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва “Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказишга алоҳида эътибор қаратилиши белгиланган эди.

“Янги Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг Конституция билан боғлиқ жиҳатлари қандай? Гап шундаки, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш талаб этилмоқда.

Халқимизнинг эркин ва фаровон, қудратли янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, глобал ишлаб чиқаришнинг муҳим бўғинига айланган кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлаш мақсадида катта йўлга чиққанмиз.

Бу йўлнинг асосий ғояси инсонларга яхшилик қилиш, одамлар бугун ҳаётдан рози бўлиб яшаши учун мавжуд имкониятларни сафарбар этиш, янги лойиҳаларни татбиқ этиш. Барча учун тенг имконият ва шароитлар яратишдир.

Шу боис, “Конституция — халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!», сифатида белгиланди. Мана шу ғоя замирида янги таҳрирдаги Конституциямиз муқаддимасида таъкидланганидек, ягона халқимизнинг демократия, эркинлик ва тенглик, ижтимоий адолат ва бирдамлик ғояларига садоқати намоён бўлади. Бу беш ғоя атрофида жамиятимизнинг янгиланаётган қиёфаси жонланади.

Президентимизнинг Конституция куни муносабати билан халқимизга йўллаган байрам табригини алоҳида эътибор ва катта қизиқиш билан ўқидик.

“Дунёнинг турли минтақаларида зиддият ва қарама-қаршиликлар, қуролли тўқнашувлар тобора авж олиб бормоқда. Олдимизда янги-янги муаммолар пайдо бўлмоқда. Ҳозирги ўта мураккаб ва таҳликали вазиятда барчамиз янада бирлашишимиз керак. Танлаган йўлимиздан қатъий олға боришимиз зарурлигини асрлар давомида кўплаб оғир синов ва машаққатлардан муносиб ўтган мард ва донишманд халқимиз албатта яхши тушунади. Аминманки, Ўзбекистон Республикасининг янгиланган Конституцияси биз учун бу йўлда улкан ишонч, куч-ғайрат ва илҳом манбаи бўлиб хизмат қилади.», деди давлатимиз раҳбари ўз табригида.

Дарҳақиқат, бугун дунё нотинч. Инсониятга ҳар куни янги хавф-хатарлар таҳдид солмоқда. Бундай вазиятда ҳар бир давлат ва халқнинг ўз танлаган йўли ҳамда қатъий позицияси бўлиши керак. Бу борада асосий ижодкори халқимиз бўлган янгиланган Конституциямиз барчамизга жўшқин қудрат бағишлаб туриши, шубҳасиз.

Бугун биз 8-декабрь санасини илк бор янги таҳрирда қабул қилган Конституциямиз руҳи билан нишонлар эканмиз, бу байрам сиёсий етуклигимиз, ижтимоий интилишларимиз, иқтисодий юксалишимиз, маънавий-маърифий салоҳиятимиз, умуман олганда, дунёда ҳеч кимдан кам эмаслигимиз, балки қудратли халқ эканимиз, ўзаро янгиланган таҳрирдаги учрашувларимиз байрамидир.

Салим ДОНИЁРОВ