Жорий йил 17 март куни Президентимиз Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марка­зининг расмий очилиши ҳамда ифторлик ма­росимида иштирок этди. Тадбир аввалида дав­латимиз раҳбари бутун халқимизни муборак Рамазон ойи билан яна бир бор қутлади. Ҳо­зирги ғоят таҳликали замонда тинчлик нақадар улуғ ва бебаҳо неъмат эканини, 38 миллиондан зиёд аҳолимиз ягона халқ, аҳил бир оила бў­либ яшаётгани энг катта бойлигимиз эканини чуқур ҳис этиш зарурлигини таъкидлади.

Рамазон ҳайити арафасида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг очилиши нафақат халқимиз, балки бутун дунё мусул­монлари учун муносиб туҳфа бўлди. Ушбу бе­такрор ва буюк мажмуа — мамлакатимизнинг уч минг йиллик шонли тарихи ва бой мадани­яти, янги Ўзбекистон имкониятларининг ёрқин кўзгуси.

Президентимиз таъкидлаганидек, бу маскан билан танишган ҳар бир одам, халқимиз, айниқса, ёшларимиз ислом динининг гуманистик моҳиятини англаб етади, ўзининг қандай улуғ мерос эгаси эканини ҳис этиб, қалби ғурур ва ифтихорга тўлади.

Ислом цивилизацияси маркази 2025 йил­нинг ўзидаёқ минглаб хорижий меҳмонларда катта қизиқиш уйғотгани, улар орасида қатор давлатлар Президентлари, парламент ва ҳуку­мат раҳбарлари, депутат ва сенаторлар, вазир­лар, элчилар, илм-фан ва жамоат арбоблари, диний ташкилотлар раҳнамолари борлиги эътирофга молик. Лойиҳалаш, қуриш ва замо­навий ахборот технологиялари билан жиҳоз­лашда Франция, Хитой, Буюк Британия, АҚШ, Бирлашган Араб Амирликлари, Россия, Тур­кия, Германия, Испания, Италия, Малайзия, Озарбайжон, Саудия Арабистони, Ҳиндистон, Марказий Осиё давлатлари ва бошқа мамла­катлардан малакали мутахассислар қатнашгани ҳам иншоотнинг маҳобатидан далолат беради.

Президентимизнинг Пайариқ тумани­да қайтадан бунёд этилган Имом Бухорий мажмуасига ташрифи ҳам юртдошларимиз ва дунё мусулмонларининг эътибори марказида бўлди. Янги Ўзбекистоннинг дурдонаси бўлган бу мажмуанинг қоқ марказидан буюк ҳадисшу­нос бобомизнинг табаррук мақбараси ўрин ол­ган. 14 та мовий гумбаз, 75 метрли 4 та минора қадамжога улуғвор қиёфа бағишлайди.

Имом Бухорий мажмуасида улкан бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари ба­жарилиб, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароит яратилди. Натижада илгари зиёратгоҳда бир кунда 12 минг кишига хиз­мат кўрсатилган бўлса, ҳозир кунига 65 минг зиёратчини қабул қилиш қувватига эга бўлди. Мажмуа ҳузурида туризм маркази очилди. Ёндош 15 гектар майдонда замонавий инфра­тузилма, шинам меҳмонхоналар, хизмат кўр­сатиш шохобчалари барпо этилди. 10 минг кишига мўлжалланган улкан масжид, маъму­рият биноси, 154 устунли, миллий услубдаги муҳташам айвон қурилди.

Наврўз бу йил ана шундай буюк тарихий воқеалар билан бирга муборак Рамазон ҳайи­ти билан уйғун келгани алоҳида аҳамият касб этди. Бутун юртимиз бўйлаб нишонланган байрам шодиёналари “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу тамойилга ҳамоҳанг бўлди.

Наврўз табиатнинг янгиланишига мо­нанд инсон қалбидаги эзгу ниятлар, саховат ва бағрикенглик туйғулари янада кучаядиган қутлуғ айём. Миллий қадриятларимизни ёрқин ифода этиб, жамиятда бирлик ва ҳамжиҳатлик­ни мустаҳкамлайди, табиатни асраш, инсон қадрини улуғлашга даъват қилади.

Шундай шукуҳли кунларда бутун борлиқ жонланишига ҳамоҳанг одамлар ҳам фаол ҳа­ракатга келди. Ҳудудларда кенг миқёсли обо­донлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари бажарилди. Зеро, Наврўз фалсафасида миллий қадриятлар, халқимизга хос фазилатлар билан бирга атроф-муҳитни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш ғояси мужассам.

Она заминга меҳр ва эҳтиром кўрсатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ёшларни табиатга муҳаббат руҳида тарбиялаш, экологик маданиятни юксалтиришга алоҳида эътибор қаратиш бугун ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Бу жиҳатлар Президентимизнинг шу йил 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳо­фаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўл­жалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишувида ҳам алоҳида қайд этилди. Тақдимотда атмосфе­ра ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди.

Эътиборли жиҳати, пойтахтимизда Мил­лий дендрология боғини барпо этиш концеп­цияси тақдимоти ҳам ўтказилди. 108 гектар бўлиши белгиланган ушбу йирик яшил ҳудудда 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута экилиши назарда тутилмоқда. Табиийки, бун­дай катта ҳажмли “табиат ўпкаси”га эга парк биологик хилмахилликни сақлаш, ҳаво сифа­тини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Соддароқ айтганда, боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даража па­сайтириб, намликни 10-15 фоиз ошириши мум­кин.

Қайд этилганидек, Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд бўлмайди. Бу ер илмий, маърифий ва жамоатчилик макони си­фатида ҳам шакллантирилади. Боғнинг марка­зий қисмида 1 гектарли сунъий кўл ва атрофида сакура боғи барпо этилади. Бу ер университе­тимиз учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланади.

“Экомаданият” умуммиллий лойиҳаси дои­расида экологик таълим, илм-фан ва тарғибот­ни ўзаро боғлаган ҳолда янги тизим яратила­ди. Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила ола­диган кадрлар тақчиллиги муносабати билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 ҳудудда “яшил техникумлар” ташкил этилиб, улар ҳам университетимиз тизимига академик ҳамкор­лик асосида бириктирилиши белгиланди.

Лойиҳага кўра, тайёрланадиган ўқувчи ва талабалар сони йил сайин оширилиб, 2028/2029 ўқув йилига бориб, 10 мингга етказилади. Ба­калавриат ва магистратурада атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, “яшил иқтисодиёт”, атроф- муҳит муҳандислиги, иқлим ўзгариши, чўлла­нишга қарши курашиш, барқарор шаҳарсозлик, барқарор энергия алмашинуви каби янги йўна­лишлар очилади. Таълим жараёнида дуал тизим жорий қилиниб, назарий билим билан амалиёт уйғунлаштирилади. Университет таълим ти­зимини ривожлантириш, илмий-инновацион лойиҳалар ва тарғибот ишлари учун катта миқ­дорда маблағ ажратиш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, тақдимотда чўлланишга қарши кураш стратегияси лойиҳаси ҳам алоҳи­да кўриб чиқилди. Ушбу лойиҳага алоҳида тўх­талаётганимиз боиси шуки, мазкур йўналиш бўйича университетимизга катта масъулият юкланди. Хусусан, юртимиз ҳудудининг 70 фоизи арид (жуда қуруқ иқлимга эга) зонадан иборат. Ернинг 70 фоиздан ортиғи деградация­га учраган. Бу иқтисодиётга ҳар йили 830 мил­лион доллар зарар келтирмоқда. Орол денги­зининг қуриши натижасида 3 миллион гектар майдон яроқсиз ҳолга келган ва ҳудуднинг 56 фоизи шамол эрозияси таъсири остида қолган.

Шу муносабат билан университетимиз ҳузурида минтақавий қўшма илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш таклиф қилинди. Ушбу марказ чўлланишни бошқариш бўйича Марказий Осиёдаги биринчи илмий хабга ай­ланиши кутилмоқда. Марказ таркибида 15 та ихтисослашган лаборатория фаолият юрита­ди. Сунъий йўлдош маълумотлари, GIS ва ма­софадан зондлаш технологиялари асосида ер ҳолатини рақамли мониторинг қилиш йўлга қўйилади. Қурғоқчиликка чидамли ўсимликлар бўйича генетик банк шакллантирилади. Тупроқнинг кимёвий ва физикавий таҳлил ти­зими такомиллаштирилади. Натижада чўлла­нишни прогноз қилиш ва хариталаш миллий тизими яратилади. Оролбўйи ва қурғоқчил ҳу­дудларда яшил қоплама ҳудуди кенгайтирила­ди. Яйловлардан барқарор фойдаланиш ҳамда чўл иқтисодиёти моделлари жорий этилади.

Келажакда ҳамма соҳа экология билан ҳамоҳанг бўлади. Президентимизнинг 2023 йил 31 майдаги қарори асосида ташкил этилган Мар­казий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университетида замонавий экологик йўналишлар қамраб олинган. Мазкур олий таъ­лим муассасаси бутун фаолияти атроф-муҳит­ни муҳофаза қилиш, барқарор ривожланиш ва иқлим ўзгаришлари соҳасида юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга қаратилган мин­тақадаги илк ихтисослашган университетдир. Олийгоҳда атроф-муҳит ва барқарор бошқарув, атроф-муҳит ва иқтисодиёт, экология ва давлат бошқаруви, барқарор ривожланиш, барқарор молия, экология ҳуқуқи, атроф-муҳит соҳаси­да оммавий коммуникациялар йўналишлари очилган. Ўқув жараёни кредит-модуль тизими асосида ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилади.

Зеро, ёшларимизнинг экология йўналишлари бўйича олий маълумот олиши, билимли, малакали ва рақобатбардош кадрлар бўлиши табиатни асраш, атроф-муҳитни муҳофаза қи­лиш, давлат ва жамият ривожи учун муҳим аҳа­мият касб этади.

Бахтиёр ПЎЛАТОВ,

Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини

ўрганиш университети ректори,

техника фанлари доктори, профессор