Маълум қилинишича, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ходимлари Давлат хавфсизлик хизматининг Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси вакиллари билан ҳамкорликда Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида тезкор-қидирув тадбири ўтказган.

Тадбир давомида олдиндан кузатувга олинган фуқаро харидорга 1 кг 12 грамм “гашиш” гиёҳвандлик моддасини 13 минг АҚШ долларига сотишга келишиб олган. У Янгийўл туманидаги меҳмонхоналардан бирида келишилган пулдан 1000 АҚШ долларини олаётган вақтида қўлга олинган.

Кўздан кечириш жараёнида фуқародан 1 килограммдан ортиқ “гашиш” наркотик моддаси ашёвий далил сифатида олиб қўйилди.

Шунингдек, Божхона қўмитасининг Контрабандага қарши курашиш бошқармаси ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор ходимлари ДХХ вакиллари билан ҳамкорликда Оҳангарон шаҳрида ҳам тезкор тадбир ўтказди.

Тадбир давомида “Spark” русумли автомашина белгиланган тартибда тўхтатилиб, холиcлар иштирокида кўздан кечирилди. Автомашинанинг юкхонасидаги овоз кучайтиргич ичида 841 дона “Zardeks” ва 1042 дона “Regapen” номли кучли таъсир қилувчи дори воситалари борлиги аниқланди.

Ўрганишлар давомида ушбу дори воситалари автомашинада йўловчи сифатида кетаётган 3 нафар фуқарога тегишли экани ва улар бу дориларни Оҳангарон шаҳрида сотиш мақсадида олиб кетаётгани маълум бўлди.

Ҳозирда ҳар икки ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.