Ўзбекистоннинг Япониядаги элчихонаси «Allm Inc» компанияси билан видеоконференцалоқа форматида музокаралар ўтказди. Унда мамлакатимизда телетиббиёт лойиҳасини амалга ошириш масаласи муҳокама қилинди.
«Allm Inc» компанияси Ўзбекистонда махсус ишлаб чиқилган мобил илова шаклидаги рақамли платформани жорий этиш бўйича пилот лойиҳани амалга оширишни режалаштиряпти. Ушбу платформа орқали неврологлар, кардиологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, онкологлар ва бошқалардан маслаҳат олиш мумкин бўлади. Хусусан, бундай дастурлар коронавирус билан касалланган беморларни даволашда самарали экани исботланган.
Айни пайтда мазкур платформадан дунёнинг 21 мамлакатида фойдаланиляпти. АҚШ, Япония, Европа Иттифоқи, Бразилияда фойдаланиш учун рухсат берилган. Хитой ва Таиландда тасдиқлаш босқичида. Дастур БМТнинг Барқарор ривожланиш мақсадлари доирасида Япония ички ишлар ва коммуникациялар вазирлиги томонидан қўллаб-қувватланган, деб хабар беради «Дунё» АА.
Музокаралар давомида ушбу лойиҳани Ўзбекистонда амалга оширишнинг амалий жиҳатлари ва эпидемиологик вазият барқарорлашаётгани муносабати билан япон мутахассисларининг мамлакатимизга ташрифини ташкил этиш хусусида фикр алмашилди.