Компания журналистлар учун ўтказилган брифингда маълум қилганидек, сувнинг иккинчи партиясини оқизиш 5 октябрдан бошланиши режалаштирилган.

2011 йил март ойида цунами Фукусима-1 атом электр станциясининг қувват ва совитиш блокларига зарба берди, бу учта реакторда ядро ёнилғисининг эришига, уларнинг идишлари шикастланишига, портлашларга ва катта миқдордаги радиоактив моддаларнинг тарқалишига олиб келди. Бугунги кунга қадар станция ҳудуди ва унинг атрофидаги ҳудудлар амалда тозаланди. Бироқ ядро ёнилғиси қолдиқларини совитадиган зарар кўрган реакторларга совитиш учун мунтазам равишда сув қуйилмоқда. Оқибатда сув бўшлиқлар орқали кучли радиоактив ҳолатда оқиб чиқмоқда.

Сув тозаланади, лекин шундан кейин унда тритий сақланиб қолади, уни бартараф этишнинг имкони йўқ. Айни пайтда атом электр станцияси ҳудудида 1,34 миллион тоннадан ортиқ сув тўпланган бўлиб, у 1040 дан ортиқ пўлат бакларни тўлдиришга етади. Япония ҳукумати аввалроқ тозаланган сувни аста-секин океанга чиқаришга қарор қилган эди. Бу операция 30-40 йил давом этади.

1 сентябрда ҳажми қарийб 7,8 минг тонна бўлган сувнинг биринчи партиясини оқизиш ишлари якунланди. Жорий молиявий йил охирига қадар океанга қарийб 31,2 минг тонна сувни оқизиш режалаштирилган.

Ушбу операция Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) томонидан тасдиқланган. Токионинг таъкидлашича, тритий ва бошқа радиоактив изотоплар у ерда арзимас миқдорда, рухсат этилган меъёрлардан анча паст ҳолатда. Япония расмийлари ва МАГАТЭ томонидан океанда олиб борилган ўлчовлар бу даъволарни тасдиқлайди. Токионинг сувни тўкиш қарори операцияни тўхтатишни талаб қилаётган бир қатор давлатлар, биринчи навбатда, Хитой томонидан танқидга учради, деб хабар беради tass.ru.