Кўргазма доирасида Ўзбекистон маданияти ва сайёҳлик салоҳиятига бағишланган стенд ташкил этилди. Иштирокчилар Ўзбекистон тарихи, замонавий ривожланиши, маданияти ва сайёҳлик салоҳияти билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шу билан бирга, ўзбек миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари ва миллий таомлари Япониянинг «Japan Trading», «TOKU», «Kinuya» ва «Misty Caravan» компаниялари стендлари воситасида ҳам намойиш этилди.

Мамлакатимизнинг Япониядаги элчихонасидан олинган маълумотларга кўра, кўргазма Марказий Осиё мамлакатлари ва Япония ўртасида дипломатия муносабатлари ўрнатилганлигининг 30 йиллиги муносабати билан «Кадокава» нашриёт-уйи томонидан Япония Ташқи ишлар вазирлиги билан ўзаро ҳамкорликда ташкил этилди.

Тадбир 23 февралдан 21 мартга қадар ўтказилаётган таниқли япон ёзувчиси Мори Каорунинг Марказий Осиё мамлакатлари халқлари маданияти ва қадриятлари ҳақидаги «Отоёме-гатари» («Кичик келиннинг ҳикояси») номли асари кўргазмаси доирасида ташкил этилди.

Ташкилотчилар томонидан маълум қилинишича, коронавирус пандемиясига қарамасдан тадбирга Япониянинг турли шаҳарларидан 5 минг нафарга яқин меҳмон келган, деб хабар беради «Дунё» АА.

Ўзбекистон миллий стенди ўзининг жозибадорлиги билан иштирокчиларда алоҳида таассурот қолдирди. Бу, шубҳасиз, япон жамоатчилигининг Ўзбекистон маданиятига бўлган қизиқишини янада оширади ҳамда юртимизга сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилади.