Сўнгги йилларда таълим тизими, хусусан, мактаб таълимини тубдан ислоҳ қилиш, ривожлантириш бўйича давлат раҳбари томонидан қатор ҳужжатлар имзоланди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 11 майда имзоланаган "2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида"ги фармони ва 21 июнда қабул қилинган “Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети фаолиятини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарори мазкур йўналишдаги ишларни жадаллаштиришда дастуриламал вазифасини ўтайди.
Юқоридаги фармонга мувофиқ, 2022 йил 1 декабрга қадар мактаб директори лавозимига номзодларнинг билим, кўникмаларини баҳолаш ва баҳолаш натижаси бўйича уларга менежерлик сертификатини бериш амалиётини йўлга қўйиш, мактаб директори лавозимига номзодларни менежерлик сертификатини олиш учун Халқ таълими вазирлигининг A.Aвлоний номидаги миллий-тадқиқот институтида махсус пуллик дастурлар асосида жамоада ишлаш, ота-оналар билан мулоқот қилиш, бошқарув, молиявий ҳисоб-китобларни амалга ошириш, ахборот-коммуникация технологиялари кўникмаларига ўқитиш белгиланган.
Ўқитиш якуни бўйича Миллий-тадқиқот институти томонидан мактаб директори лавозимига номзодларнинг бошқарув соҳасига оид билим, кўникмалари баҳоланиб, натижаси бўйича менежерлик сертификати берилади.
Мазкур вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Халқ таълими вазирлигининг A.Aвлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ректори Aюбхон Раджиев хизмат сафари билан Япония давлатида бўлиб турибди.
Япониянинг Цукуба университети проректори Benton Caroline хоним, Цукуба университети қошидаги Лаборатория мактаблари таълим бюроси директори Чикако Мизоуе хоним, Глобал ташаббуслар бюроси раҳбари Фукуда Масаҳиро, Гуманитар фанлар соҳаси учун Aкадемик хизмат кўрсатиш идораси директори Оҳте Шоичи, Глобал ҳамкорлик бўйича директор ўринбосари Каваҳара Татсуя ҳамда Цукуба университетининг гуманитар ва ижтимоий фанлар ҳамда инсоншунослик (инсон ҳаётининг фалсафий, биологик, ижтимоий ва маданий томонларини ўрганади) факультетларининг жами 15 нафар профессор - ўқитувчиси билан учрашди.
Унда мактаб директори лавозимига номзодларни тайёрлашда Япония тажрибаси ўрганилди ва Цукуба университети билан махсус лойиҳани амалга ошириб, Ўзбекистон мактаб директорларини миллий сертификатлаш моделини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Шунингдек, халқ таълими ходимлари малакасини ошириш тизими тартиби, институт ва 14 та ҳудудий марказларнинг асосий фаолияти, тизимдаги муаммолар, истиқболли режалар, халқ таълимини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари борасида ўзаро фикр алмашилди.
Хусусан, Ўзбекистон халқ таълими соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг энг муҳим бўғини сифатида мактаб директорларининг билими, савияси ва менежерлик кўникмаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Учрашув якунида A.Aвлоний номидаги миллий-тадқиқот институти ҳамда Цукуба университети ўртасида “Ўзаро ҳамкорлик келишуви” (Letter of Intent for Cooperation) имзоланди.
Маълумот ўрнида: Цукуба университети Япониянинг энг яхши 10 та университети қаторида туради. QS World University Rankings бўйича дунё бўйлаб 219-ўрин ва 50 ёшдан кичик бўлган энг яхши университетлар рўйхатида 13-ўринни эгаллайди. Цукуба университетида 3 та Нобел мукофотига сазовор бўлган олим етишиб чиққан.