Пандемия шароитига қарамай, маданияти ва тараққиёти юксак бўлган давлатлардан бири - Япониянинг Тошкент шаҳрига қизиқиши ортиб бормоқда. Япониянинг Нагоя шаҳрида Ўзбекистон пойтахти билан яқиндан таништириш ва Тошкент шаҳрига япониялик туристларни жалб қилиш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шундай тадбирлардан бири эрталабки радиоэфир бўлди. Ушбу эфирда радиотингловчиларга Тошкент ҳақида батафсил сўзлаб беришди ва сайёҳлар учун фойдали бўлган маълумотлар билан таништирди. Бундан ташқари, Нагоя кўчаларида Тошкент шаҳри тасвирланган афишалар жойлаштирилди. Ҳатто жамоат транспортлари ҳам бу борада четда қолмади. Шаҳар бўйлаб аҳоли ташувчи барча автобусларда Тошкент ҳақида маълумот берилган ва шаҳримизнинг диққатга сазовор жойлари акс эттирилган. Шу қаторда, Японияда Тошкент шаҳрини туристик маҳсулот сифатида ривожлантириш мақсадида пойтахтимиз акс эттирилган маркалар чиқариш ҳам йўлга қўйилди.

 

Ўйлаймизки, дунё сайёҳларини Тошкентга бўлган қизиқиши кун сайин ортиб бораверади ва пандемия, аксинча, саёҳатга бўлган иштиёқни янада орттиради. Бугунги кунда эса шу каби чора-тадбирлар келажакда туристлар янги саёҳатларини тўғри режалаштиришларига ва Тошкент ҳақида кўпроқ тушунчага эга бўлишларига ёрдам беради.