Учрашув бошида Чикара Мияги корхона фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берди. Шунингдек, компания томонидан хорижий давлатларда амалга оширилаётган лойиҳалар ҳақида тўхталиб, Вьетнам ва Мьянмада Япониянинг қурилиш, IT муҳандислиги ва электрон маиший техникалар ишлаб чиқариш соҳаларига мўлжалланган малакали кадрларни тайёрлаш бўйича ўқув марказлари ташкил қилинганлиги тўғрисида сўзлаб берди. Ушбу марказларда таълим олиш бепул бўлиб, улар мустақил муассаса ва университетлар (асосан политехника йўналишидаги) қошида ташкил қилинган ҳамда бугунги кунга қадар 1000 дан ортиқ кадр тайёрланиб, Японияда иш билан таъминланган.

Ўуқв марказини битирувчиси аввалига “техник стажер” мақомида Кунчиқар мамлакатда 3 йил давомида ишлайди, сўнгра “махсус малакали ишчи” мақомида (агар ўрнатилган тартибдаги тест синовларини муваффақиятли топширса) меҳнат фаолиятини давом эттиради. Шунингдек, университетлар қошидаги марказларни тамомлаган ва олий маълумотли талабгорлар муҳандислик йўналишидаги ишчи виза орқали Японияда ишга жойлаштирилади.

Шу билан бирга, Willtec Co.,Ltd. томонидан хорижий иш изловчи ва япон иш берувчи корхоналари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот қилиш имконини берувчи RISE for Career ва RISE for Business электрон платформалари яратилган бўлиб, ҳозирда 22 минг шахсий саҳифа рўйхатдан ўтган. 

Чикара Мияги ҳозирда компания хорижий ташкилотларини кенгайтириш, жумладан Индонезия, Ҳиндистон ва Камбоджада бундай марказларни ташкил қилиш устида ишлаётгани, бироқ ушбу давлатлар билан чекланмай, Ўзбекистонда ҳам ўз марказларини очишдан манфаатдор эканини ва тегишли ўрганишлар амалга оширилганидан сўнг аниқ ҳамкорлик таклифларини элчихонага маълум қилишини билдирди. 

Ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги йилларда меҳнат миграцияси масаласида амалга оширилган ислоҳотлар, жумладан, асосий эътибор хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилишга қаратилаётгани ҳақида маълумот берилди.

Шунингдек, япон тилини ўргатиш ва касбий кўникмалар ҳосил қилишга асосланган мономарказлар ташкил этилгани билдирилди ҳамда уларнинг битирувчилари сони ва ишга жойлаштириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида сўз юритилди.