— 2019 йили ижтимоий тармоқлар орқали “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси ҳақида ўқиб қолдим. Айнан ахборот технологиялари соҳасида ўқиётганим сабаб мазкур лойиҳада иштирок этиш истаги туғилди ҳамда лойиҳанинг дастлабки иштирокчиларидан бўлдим, — дейди Дилмурод. — Ёшлигимдан қизиққаним учун Android дастурлаш курсини танладим. Мактабда ўқиган пайтимда Pascal va C++ дастурлаш тилларидан бир оз хабарим бор эди.
Лекин кейин билдимки, билимим бу курс олдида денгиздан томчи экан. Ўзим учун ўрганишнинг осон йўлларини излай бошладим. Ниҳоят, курс битирувчилари ўртасида ташкил этиладиган Nanodegree курсида иштирок этиш, бунинг учун эса ўз мобиль иловамни яратишга қарор қилдим.
Яратган иловаларимни дўстларим, синфдошларим ҳамда яқин қариндошларим орасида тарғиб қилдим. Ижтимоий тармоқларда ҳам улашиб турдим. Омад кулиб боқиб, Nanodegree лойиҳасида ўқиш учун грант маблағни қўлга киритдим. Айнан бу янгилик ҳаётимдаги энг унутилмас воқеа бўлди. 6-7 ойлик ўқиш натижасида халқаро даражадаги Android дастурчи мақомини олиб, Udacity сертификати соҳибига айландим.
Фаолиятим давомида жуда кўп, жумладан, Megamiya, Meros, Super Donor, ARMOBILE каби лойиҳалар устида ишладим. Булар орасида Super Donor лойиҳаси қон донорлари учун ижтимоий тармоқ сифатида эътироф этилиб, европаликлар назарига тушди ҳамда Британия кенгаши томонидан молиялаштирилди. Шунингдек, Лондон Метрополитен университетининг стартапларни ривожлантириш бўйича машҳур 4 ойлик курсида бепул ўқиш имкониятига эга бўлдим.
Дилмурод 2021 йилда “Йил талабаси” танловининг республика босқичи ғолиби бўлди. Шунингдек, у Ислом Каримов номидаги давлат стипендияси соҳиби.