Бугунги кунда Венгрия Ўзбекистоннинг Европадаги муҳим шерикларидан бири ҳисобланади. Биргаликдаги интилиш ва амалий ишлар натижасида бу ҳамкорлик йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда. Сўнгги тўрт йилда мамлакатларимиз  ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси ҳажми салкам уч баробарга ўсганлиги, мураккаб пандемия шароитига қарамай, ўтган йили ҳам бу ижобий суръат сақлаб қолинганлиги буни тасдиқлаб турибди.

Иқтисодий ҳамкорлик чорвачилик ва паррандачилик соҳасида ҳам ривожланиб боряпти. Айни кунда Венгриянинг дунёга машҳур компаниялари мутахассислари юртимизда бўлиб, Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда соҳа корхоналарининг фаолияти билан танишяпти, уларга ветеринария ва паррандалар, чорва моллари, қуёнлар ва балиқни озиқлантириш бўйича амалий кўмак кўрсатмоқда. Жойларда ташкил этилаётган илмий-амалий семинарларда соҳа ҳодимлари, мутахассислар билан тажриба алмашиб, вазирлик мутахассислари билан биргаликда амалга ошириладиган лойиҳалар устида иш олиб боришяпти.

Венгриянинг нуфузли компаниялари вакилларининг ушбу ҳамкорликнинг асосий йўналишлари, келгуси имкониятлари хусусидаги фикр-мулоҳазалари билан қизиқдик.

“Babolna Tetra Kft” компанияси етакчи мутахассиси Тамаш Топерцер:

— Бизнинг ташрифимиздан бир неча кун олдин Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Паррандачиликни ривожлантириш ва тармоқ озуқа базасини мустаҳкамлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган экан, Учрашувларда соҳа мутахассислари яратилган навбатдаги имтиёз ва имкониятлардан хурсандликларини билдиришди. Қарордаги ики жиҳат бизнинг ҳам эътиборимизни тортди. Энг аввало, 2021 йил 1 июндан қўшилган қиймат солиғи тўловчиси бўлган паррандачилик хўжаликларига реализация қилган бир дона тухум учун 50 сўм ҳамда бир килограмм парранда гўшти учун 1 000 сўм миқдорида республика бюджетидан субсидия ажратилиши белгиланган. Иккинчидан, паррандачилик корхоналари учун фойда, мол-мулк, ер ва сув солиқлари ставкалари 50 фоизга камайтирилган.

Шу соҳада кўп йиллик тажриба ва малакага эга бўлган мутахассис сифатида паррандачиликка юксак даражада кўрсатилаётган рағбат мени ҳам жуда мамнун этди. Яратилаётган имкониятлар тармоқни ривожлантириш ва  озуқа базасини мустаҳкамлашга, тадбиркорлар сафининг кенгайишида муҳим омил бўлиши турган гап.

Маълумки, ўзбек ва венгр халқларини муштарак тарихий илдизлар, яқин ҳамкорлик ришталари бирлаштириб келади. Бундай муносабатларнинг шаклланиши ўтмишда Шандор Кёрёши Чома, Арминий Вамбери, Оноди Берталан, Енё Зичи, Дьёрдь Алмаши, Аурель Штейн каби машҳур венгер олимлари ва сайёҳларининг Марказий Осиёга, шу жумладан, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган қадимий ва фусункор юртга қилган сафарлари орқали ҳам маълум ва машҳур. Хусусан, 1863 йилда ўз орзусига эришиб, Хивага кириб келган Вамбери ўз асарида шундай ёзади; “Дунёда Амударёга ўхшаши йўқ, ҳатто машҳур Нил дарёси ҳам бундай эмас. Аминманки, мен билган дарёлар ичида суви ширини Амударёдир. Мевалари Эрон ва Туркиядагина эмас, бутун европадагилардан тотли...”.

Орадан бир ярим аср ўтиб мен ҳам Ўзбекистонда бўлар эканман, машҳур юртдошимнинг Хива, Бухоро, Самарқанд ва Қаршининг ўзига хос табиати, иқлими, дунёга машҳур неъматлари ҳақидаги фикрларининг шунча вақт ўтганига қарамай, ҳар жабҳадаги тасдиғини кўрдим. Танти, оқил ва меҳнаткаш одамлар, ўз касбининг фидойи мутахассислари, изланувчан ва интилувчан олимларнинг яратувчанлик ишлари ҳайрат ва ҳавас уйғотади. Улар билан ишлаш ва ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш кишига завқ беради, руҳлантиради.

Жорий йил март ойи охирида Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Венгрия Бош вазири Виктор Орбан  расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлди. Музокаралар чоғидаги келишувлар, имзоланган битимларда ишбилармонлар ва ҳудудлар ўртасида яқин алоқаларни янада ривожлантиришга эътибор қаратилди.

Бизнинг Ўзбекистонга бу галги сафаримиз ҳам ана шу тарихий ташрифнинг мантиқий давоми ҳисобланади. Бинобарин, ҳозирги кунда ўлкангизнинг турли ҳудудларида паррандачилик, балиқчилик, чорвачилик, қуёнчилик ва озиқ-овқат саноати соҳаларида 12 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича битимлар имзоланган. Бундан ташқари, 76 та янги истиқболли инвестиция лойиҳаси устида биргаликда ишлашни давом эттиришга келишиб олинган. Мисол учун, бир қатор ҳудудларда парранда наслчилиги ва озуқасини янада яхшилаш, тез орада қуввати камида 20 минг тонналик парранда гўшти ишлаб чиқариш бўйича қўшма лойиҳаларни бошлаш режалаштирилган.

Бизнинг “Babolna Tetra Kft” компаниямиз паррандачилик бўйича дунёдаги тўртта генетик марказнинг энг етакчиларидан бири саналади. Унинг тарихи икки ярим асрни қоралаётган бўлса, Ўзбекистонга 1950-йилларнинг охирларида “Венгерка” деган номдаги зотдор ва юртингиз иқлимига тез мослашиб кетган товуқлари билан кириб келган.

Ўзбекистон паррандачилик соҳасида катта салоҳиятга эга мамлакат. Биргина тухум етиштиришни олайлик. Агар 2019 йилда мамлакатда 14 миллион парранда боқилиб, 12,5 милиард дона тухум етиштирилган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткичлар 1,5 баравардан ошган. Ана шундай ўзгаришларга эришишга Венгриянинг паррандачилик компаниялари ҳам ўз ҳиссаларини қўшишни режалаштирмоқда.

Ушбу сафаримиз давомида, энг аввало, Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан олим, мутахассис, агросектор корхоналари вакиллари учун ташкил этилган “Қишлоқ хўжалиги чорвачилик ва паррандачилигини озиқлантиришнинг инновацион усуллари” мавзусидаги семинарда иштирок этдик. Жиззах, Сирдарё, Навоий ва Тошкент вилоятларидаги чорвачилик ва паррандачиликка ихтисослашган корхоналарда бўлдик. Уларда жорий этилаётган янги технологиялар, татбиқ этилиши кутилаётган инновацион лойиҳалар билан бевосита танишдик. Албатта, ишлар қамрови катта, кутилаётган натижалар салмоқли, энг муҳими, тармоқ саноатини янги босқичга олиб чиқишга, маҳсулдорликни ошириш, аҳолини сифатли ва таннархи арзон маҳсулотлар билан таъминлашга қаратилган.

Ўтган йиллар мобайнида дунё мамлакатларида бошқа соҳалар каби паррандачилик саноати ҳам жадал тараққий этиб бормоқда. Бунинг сабаби нафақат унинг тухуми ва гўштининг парҳезбоплиги, балки жуда қисқа фурсатда маҳсулот бериш имкониятига эга ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим омил ҳисобланади. Бугунги кунда компаниямизнинг энг зотдор ва маҳсулдор кроссларини Ўзбекистонга олиб келиш, уларни иқлимлаштириш ва бу саноатни янада ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар устида иш олиб боряпмиз. Айтиш жоиз, “Babolna Tetra Kft” паррандаларининг насли соғлом ва таббий бўлиши баробарида бошқа зотларга нисбатан камида 10-15 фоиз кўпроқ тухум беради ва маҳсулдорлик муддати ҳам анча ортиқроқ. Ўтказилган тажрибалар юртингиз иқлимига тез мослашишини кўрсатиб турибди.

Яна бир жиҳат, эришилган натижалар билан бир қаторда паррандачилик билан шуғулланувчи барча мамлакатларга хос бўлган бир қатор муаммолар ҳал этилиши лозим. Бунга замонавий технологияларни жорий этиш, мавжуд ишлаб чиқариш объектларини янгидан қуриш ва модернизация қилиш ҳамда тайёр маҳсулотларни экспорт қилиш географиясини кенгайтириш киради.

Шу каби масалаларни ҳамкорликда ҳал этиш мақсадида Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Қибрай, Сурхондарё вилоятининг Бойсун, Олтинсой, Қашқадарё вилоятининг Нишон туманида, Жиззах вилоятининг Дўстлик, Сирдарё вилоятининг Сирдарё туманларида озуқа ем ишлаб чиқарувчи замонавий технологияларни ўрнатиш ва уларнинг фаолиятини маҳаллий тадбиркорлар билан биргаликда юритиш юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди.

“AgroFeed Kft” компаниясининг вакили Александр Янчевский:

— Ўзбекистон чорачилик ва паррандачилик генетикаси бозорида ўз ўрнини эгаллаш учун рақобатлашиш бўйича яхши имкониятларга эга ва янги истиқболли кроссларни яратиш ишларини кенгайтириш лозим. Тўғри, бунда чет эл генетикаси ютуқларини ҳам инобатга олиш самарали ҳисобланади.

Биз “Саховат” (Тошкент вилояти), “Мирзаобод парранда” (Сирдарё вилояти) каби ўндан ортиқ паррандачилик ҳамда “Intermilk” (Сирдарё вилояти) ва “Tegen” (Тошкент вилояти) каби қатор чорвачилик корхоналарида бўлиб, молларини озиқлантириш ҳамда уларнинг саломатлигини сақлашнинг ҳолати билан танишдик. Ижобий ўзгаришлар катта – мутахассислар ўз вазифаларини бажариб келмоқда. Шу билан бирга, бу соҳанинг генетикаси, ветеринарияси ва селекциясида эришилган ютуқларни кенг жорий қилиш талаб этилади. Бу масалада Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан эътиборга молик ишлар олиб борилаётганлиги таҳсинга сазовор. Биргина мисол. Фанлар академияси Зоология институтининг флора ва фаунадаги нематодани йўқотиш бўйича инновацион технологияларни ишлаб чиқиш бўйича амалга оширилаётган илмий лойиҳа нафақат Ўзбекистон, балки дунёда, шу жумладан, биз венгриялик мутахассисларда ҳам қизиқиш уйғотмоқда. Микробиология институти олимларининг қишлоқ хўжалиги жонзотларининг микробиомларини тартибга солиш, озуқа емлардаги микротоксинларга қарши кураш технологиялари ҳам эътиборли ҳисобланади.

Шу каби янгиликарни амалиётга қўллашда  Инновацион ривожланиш вазирлиги билан биз ҳамкорликдаги ишларни кенгайтиряпмиз. Масалан, инновацион ривожланиш ҳудуди ҳисобланадиган Дўстлик туманида ўз марказимизни ташкил қилишга қарор қилдик. Бу марказ нафақат Жиззах вилояти, балки республиканинг барча ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги корхоналарига хизмат кўрсатади.

Бундан ташқари, паррандачилик маҳсулотларнинг биологик ва экологик хавфсизлигини таъминлаш, паррандаларни боқиш ва уларга берилаётган озуқанинг таркиби, сифати, турли хил антибиотик, ксенобиотик ва пестицидлар каби қўшимчаларнинг ишлатилишини назорат қилиш бўйича ҳам ҳамкорлик қилиш, мутахассислар учун ўқув курсларини ташкил этиш ва малакасини оширишни режалаштириб олдик.

Келгусида инновацион ҳудуд ҳисобланадиган бошқа туманларда ҳам ўз вакиллигимизни ташкил қилишни режалаштиряпмиз.