Унда туризм соҳасида фаолият юритаётган сайёҳлик фирма масъуллари, хорижий туристлар иштирок этди.
Президентимизнинг 2021 йил 9 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ҳамда “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” ички туризмни ривожлантириш дастурида белгиланган вазифаларнинг ижросини таъминлаш мақсадида “Ярим соат ичида жаннатмакон Ўзбекистон бўйлаб сайр” номли саёҳат уюштирилди.
Таъкидлаш жоизки, сеҳрли саёҳатга чорловчи мазкур лойиҳанинг илк намойиши 15 июнь куни бошланган бўлиб, бутун туризм мавсуми давомида узлуксиз давом этиши кўзда тутилган.
Ярим соат ичида жаннатмакон Ўзбекистон бўйлаб сайр тадбири меҳмонлари “Коинот ва ерни боғловчи мажозий дарвоза” олдидан бошлаган саёҳатларни Сурхондарё ҳудудида қадимги Бақтрия тарихи ва бахшичилик санъати билан жонли ижроси билан танишдилар. Самарқанд карвонсаройида меъморчилик ва буюк ипак йўли ҳақидаги маълумот олиб, ҳунармандлар маҳорат дарси тамошо қилдилар. Тошкент хонадонларида “Келин салом” ва “Алла айтиш” маросимларига гувоҳ бўлишди, хоразмлик кулолчилик ва рақс санъатидан завқ олишди, “Лаби ҳовуз” майдонида миллий спорт туримиз бўлган кураш ҳақида маълумот олдилар.
Қайд этиш жоиз, миллийлик ва замонавийлик руҳини ўзида мужассам этган «Навруз» этно-боғи — очиқ осмон остида жойлашган ҳақиқий музей сифатида юртимиз аҳолиси ҳамда сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотади. Боғ ичида жойлашган этнографик шаҳарчада Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимиз барча вилоятлар номлари билан аталадиган кўчалар ва қадимий услубда уйлар бунёд этилиб, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналари, ҳунармандчилиги, турмуш тарзи акс эттирилган.
Эслатиб ўтамиз, “Наврўз” этно-боғи, давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 7 августдаги қарорига асосан “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан қурилган.