Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг шу йил 2 мартдаги “Қашқадарё вилояти Чироқчи туманининг чегараларини ўзгартириш ва Кўкдала туманини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига асосан Чироқчи туманининг чегаралари ўзгартирилиб, Кўкдала тумани ташкил этилганди.

Айни пайтда туманда яшайдиган 182 минг нафар аҳолига муносиб турмуш шароитини яратиш, ҳудудни комплекс ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар бажарилмоқда.

Жумладан, “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида Кўкдала педагогика коллежи ҳудудида 100 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахт ўтқазилган. Ўзбекистонда биринчи марта барча давлат олий таълим муассасалари раҳбарлари иштирокида сайёр ҳайъат йиғилиши мазкур коллежда бўлиб ўтди.

Унда ҳам коллежда “Яшил макон” умуммиллий дастури доирасида қилинган ишларни бошқа олий таълим муассасаларида ҳам жорий этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, кўп маблағ ва ортиқча меҳнат талаб қилмайдиган, 5-6 йилдан сўнг яхши даромад манбаи бўладиган терак кўчати ва қаламчаларини барча профессионал ва олий таълим муассасаларида камида 5 минг донадан экиш бўйича аниқ вазифалар берилди.

Маълумотларга кўра, бугунги кунга қадар 34 та олий таълим муассасасида 1704,5 кВт қуёш панели, 31 минг литрли қуёш сув иситиш қурилмаси, 872 дона қуёш панелли ташқи ёритиш чироғи ўрнатилган. Йиғилишда давлатимиз раҳбари томонидан жорий йил охирига қадар қуёш панеллари ва қуёш сув иситиш қурилмаларини барча олий таълим муассасаларида жорий этиш бўйича берилган топшириқлар ижросига эътибор қаратилди.

Шунингдек, тадбирда талабалар бандлигини таъминлаш, куз-қиш мавсумига тайёргарлик масалаларида қилинаётган ишлар борасида маълумот берилди. Куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларини жадаллаштириш ва тўлиқ якунига етказиш чораларини кўриш топширилди. Анжуман якунида иштирокчилар мазкур таълим даргоҳида яратилган яшил боғ билан яқиндан танишишди.

Зариф МУҚИМОВ,

“ТИҚХММИ” миллий тадқиқот университетининг

Қарши ирригация ва агротехнологиялар институти

директори